Линклар

Афғонистонда рўй берган зилзила оқибатида минтақа мамлакатларида камид 150 одам нобуд бўлди


Афғонистоннинг Ҳинду Куш минтақасида 26 октябрь куни рўй берган зилзила оқибатида Жанубий Осиёнинг бир неча мамлакатида 70дан ошиқ одам ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳатланди. Табиий офат катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди.

Эпимаркази Афғонистон шимоли-шарқида бўлган зилзила кучи 7,5 баллни ташкил қилган. Ер силкиниши Кобул, Исломобод ва Деҳлида ҳам сезилди.

Покистон расмийларига кўра, табиий офат оқибатида 120дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Афғонистон расмийлари 30дан ошиқ фуқаросининг ҳалок бўлганини билдирди. Жумладан Тахор вилоятида 12 нафар ўқувчи қиз нобуд бўлган.

Тахор вилояти ҳокимлиги матбуот вакили Суннатулоҳ Тимурнинг Озодликка айтишича, фожиага вилоят маркази Талоқан шаҳридаги мактабдан ўқувчилар қочиб чиқаётган пайтда юзага келган издиҳом сабаб бўлган.

- Қизларнинг кўпчилиги юзага келган саросима натижасида нобуд бўлди. Мактаб биносига шикаст етмади. Лекин саросима катта бўлди ва мактбнинг иккинчи қаватидан биринчи қаватган элтадиган йўлаги битта бўлгани боис айрим қизлар йиқилиш натижасида нобуд бўлган бўлиши мумкин, деди расмий.

Ҳокимлик матбуот вакили 30га яқин ўқувчи қиз турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини қўшимча қилди.

Озодлик афғон хизмати муҳбири Бағлон вилояти марказида бир нечта бино қулаб тушганига гувоҳ бўлганини хабар қилди.

Зилзила тўлқинлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳам сезилди. Тошкент сейсмик маркази берган маълумотга кўра, пойтахтда зилзила тўлқинлари 5 баллни ташкил этган. Сурхондарёда эса ер силкиниши 5,5 балл кучга эга бўлган.

Ўзбекистонда талафот ва вайронагарчиликлар тўғрисида расмий хабарлар йўқ.

XS
SM
MD
LG