Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:08

Украина ва Россия ўзаро парвозларни тўхтатди


25 октябр куни Россия Федерацияси ва Украина ўртасида авиақатнов тўхтатилди. Шу йилнинг сентябрида Украина ҳукумати рус авиаширкатларига қарши жорий этган санкцияларига жавобан Москва украин учоқларининг Россияга парвозларини чеклаб қўйди. Озодлик мухбири Москва – Киев йўналиши бўйлаб учаётган сўнгги рейслардан бирига чиқиб, икки давлат фуқароларининг муносабатини ўрганди.

Украина ва Киев авиақатновларни тўхтатди

2015 йилнинг 25 октябр куни кечки соат 20:40да Киевнинг Брисполь аэропортидан Москвага сўнгги самолёт учиб кетди.

Шу кундан бошлаб Украина ва Россия ўртасида йўловчи самолётлар тўғридан-тўғри қатнови тўхтатилди. Бунга икки давлат ўзаро жорий этган санкциялар сабаб бўлди. Айрим ахборот воситалари ҳар ой тақрибан икки мамлакат ўртасида ҳаво қатновнинг тўхтатилишидан 70 минг киши зарар кўраётганини хабар қилди.

Икки давлат ўртасидаги чекловларнинг кучга киритилганини Украина ва Россия аэропортларидаги онлайн-жадвалларда берилган хабарлардан ҳам кўриш мумкин.

Украина транспорт вазирлиги, чекловларга қарамасдан, Россия авиакомпанияларига беш йўналиш бўйича ўз ҳудудидан транзит орқали ўтиш имкони қолдирилганини билдирди. Идора расмийлари Россиянинг “Аэрофлот” ва “Трансаэро” ҳаво ширкатлари самолётлари Украина орқали Болгария, Туркия, Миср, Греция ва Исроил йўналиши бўйича ўтиши мумкинлиги, аммо Украина ҳаво ҳудудлари Россия ҳарбий юк ташувчи учоқлар учун тўлиқ ёпилганини маълум қилди.

Одамлар муносабат билдирмоқда...

Озодлик мухбири икки мамлакат ўртасида қатнов тўхтатилмасдан олдин Москвадан Киевга ва Киевдан Москвага учган сўнгги учоққа тушиб, рус ва украинларнинг бу чекловларга муносабатини сўради.

- Биз бу қарорга жуда салбий муносабатдамиз, чунки самолётлар бизга бошқа транспорт – поезд ва автобусга кўра анча қулайроқ. Билмадим кимга ва нима учун керак бу! Ахир иккала давлат моддий зарар кўради... Бу транспорт воситаси мен учун жуда муҳим эди, орқага қандай қилиб қайтишга бошим қотяпти, дейди Москвадан Бориспольга учаётган украиналик Ирина.

Россиядан меҳнат қилиб қайтаётган украиналик муҳожир сиёсатчилар зиддияти оддий одамларга қимматга тушаётганидан шикоят қилади.

- Албатта, бу қарорнинг қандайдир сабаби бор, аммо ким айбдор – ким айбсиз бу ерда – Худонинг ўзи билади. Бу кимгадир фойдали, кимгадир бу зарур. Энди поездларда юраверамиз. Биз дўстликда яшашимиз керак, ахир шунча вақт бир халқ бўлиб яшадик. Яхши эмас, дейди Александр.

Россиялик Надежда Киевдан кекса онасини кўриб қайтаётганини айтади. У икки давлат ўртасида транспорт қатнови мутлақо тўхтатилган тақдирда ҳам пиёда ўтишга мажбурман, дейди Озодлик билан суҳбатда:

- Мен бу хабарни жуда ёмон қабул қилдим. Киевда менинг 82 ёшли кекса онам яшайди. Мен уникига 90 кунга келиб меҳмон бўлдим, мана ҳозир чиқиб кетишга мажбурман. Авиақатновлар мутлақо бекор қилинса, жуда қийин аҳволда қоламиз. На илож – поездда қатнашга тўғри келади,- дейди Киевдан Норилскка кетаётганини гапирган бу аёл.

Яна бир россиялик суҳбатдош бундай чекловлар вақтинчалик экани, бундан жуда катта фожиа ясашнинг ҳожати йўқлигидан гапирди. Владимир бу қарор Украинадаги сайловолди тарғибот-ташвиқот натижасидир, дейди:

- Икки давлат фуқароларига бу жуда муҳим транспорт воситаси. Сиёсатга аралашгим йўқ – бундай қарор қабул қилиндими – демак керак! Лекин шахсан менга бунинг жуда катта таъсири ҳам йўқ – демак поезд, автобус, машиналарда қатнаймиз. Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ,- дея кулади суҳбатдош.

Икки томон келиша олмади

Шу йилнинг сентябрида Украина Россиянинг 25 авиакомпаниясига ўз ҳудудига киришга чеклов қўйганидан кейин, Россия ўз ўрнида жавоб чораси ўлароқ украин самолётларига худди шундай тақиқ қўйди.

16 сентябрь куни Украина Президенти Петр Порошенко Россияга нисбатан қатор санкцияларни жорий этувчи ҳужжатларни имзолади. Унда жорий этилган санкцияларга 100 зиёд юридик шахслар, жумладан Россиянинг 25 авиаширкати ҳам бор эди. Санкциялар тан олинмаган Донецк ва Луганск “халқ республикаларининг” Украинадан алоҳида сайловлар ўтказиш тўғрисида эълон қилган қарорига жавобан киритилганди.

Порошенко ДНР ва ЛНРнинг сайлов ўтказиш тўғрисидаги қарори “Россия Федерацияси билан мувофиқлаштирилган ҳолда киритилгани”ни иддао қилиб чиққан эди.

29 сентябрь куни бунга жавобан Росавиация 25 октябрдан бошлаб Россия Федерацияси ҳудудига украин учоқларининг кириши ман этилиши тўғрисида огоҳлантириш юборди.

Бундан олдинроқ, 23 октябр куни, Украина Давлат авиация хизмати ва Росавиция раҳбарияти ўзаро санкцияларнинг бекор қилиниши тўғрисида келиша олмади. Берлинда жума куни ўтказилган Украина-Германия бизнес форумидан кейин қилган чиқишида Украина Инфратузилма идораси раҳбари Андрей Пивоварский иккала тараф учрашгани, бироқ ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмаганини билдирди.

- Бу музокараларга қарамасдан, 25 октябрдан бошлаб Россия авиакомпанияларига жорий этилган санкциялар кучга киради,- дейди у.

Росавиация вакиллари Киевнинг “мамлакатлар ўртасида фақат транзит қатновини сақлаб қолиш” тўғрисидаги таклифига рад жавобини берганини билдирди.

Украина расмий вакили Андрей Пивоварский Deutsche Welleга берган интервьюсида Россия авиваширкатлари Қримга парвозларни тўхтатса ва йиғилиб қолган жарималарни тўласагина уларга нисбатан жорий этилган санкциялар бекор қилинишини айтди.

У Украинада Россия томон темир йўл чипталарига бўлган талаб кўпаймаганини билдириб, қўшни Беларусь ва Молдова Москвага бўлган авиарейслар сонини оширишга шай эканини ҳам қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG