Линклар

Кучли зилзиладан сўнг Афғонистон ва Покистонда қурбонлар сони ортиб бораяпти


26 октябрь куни содир бўлган кучли зилзила оқибатида Афғонистонда 60 дан зиёд, қўшни Покистонда эса 150 дан кўпроқ одам нобуд бўлди. Айрим оммавий ахборот воситалари эса Покистонда табиий офат қурбонлари сони 184 нафарга етгани ҳақида хабар тарқатди. Айни пайтда зилзиладан минглаб одам жароҳат олгани хабар қилинмоқда.

Қутқарувчиларга кўра, айрим жойларда яқинда кузатилган кучли жала туфайли кўчкилар содир бўлгани оқибатида қурбонлар сони яна ортиши мумкин.

Зилзила магнитудаси, маълумотларга кўра, Рихтер шкаласи бўйича 7,7 баллга етган.

Эпимаркази Афғонистон шимолидаги Ҳиндукуш тоғларида бўлган ва бир неча дақиқа давом этган зилзила Кобул, Исломобод, Деҳли ва бошқа йирик шаҳарларда минглаб одамни кўчага ҳайдади.

Ер силкиниши Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам сезилган. Тошкент сейсмик маркази берган маълумотга кўра, пойтахтда зилзила тўлқинлари 5 баллни ташкил этган. Сурхондарёда эса ер силкиниши 5,5 балл кучга эга бўлган. Ўзбекистонда талафот ва вайронагарчиликлар тўғрисида расмий хабарлар йўқ.

АҚШ, Эрон ва бошқа мамлакатлар хориждан кўмакка муҳтож бўлган Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами таклиф қилганлар.

XS
SM
MD
LG