Линклар

logo-print

ZimistonUz: Қиш арафаси электр таъминоти суткасига 4-5 соатга тушди


Жиззах вилояти Дўстлик туманидан йўлланган сурат

Жиззах вилояти Дўстлик туманидан йўлланган сурат

Турли вилоятлардан ҳали қиш келмай туриб, электр таъминоти суткасига 4-5 соатга тушиб қолгани ҳақида шикоятлар кўпаймоқда. Электр тармоқлари ҳудудий корхоналари аҳолида эҳтиёж кундан-кунга ортаётгани боис, шаҳар ва туман марказларидаги трансформаторлар кучланишни кўтара олмаётганини айтмоқда. Аммо охир-оқибат, асл сабаб яна электр қувватининг тақчиллиги бўлиб қолмоқда.

Яна газ-свет узилиши бошланди

Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона, Наманган вилоятларидан Озодликка йўлланган мактубларда электр таъминотининг бир кеча-кундузда 4-5 соатга тушиб қолганидан шикоят бўлмоқда.

Аксар вилоятларда тунда умуман электр берилмаётгани, кундузги соатларда эса ҳар бир-икки соатда таъминотда узилиш бўлаётгани айтилмоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳридан келган шикоятда шаҳарда кунига "1-3 соат свет беришади. Газ умуман йук", деб ёзишди.

Фарғона вилояти Сўх туманидан келган шикоятда эса "4 йилдан бери свет 6-7 соат ёнади холос. Кишга келиб 5 соат свет ёнади, газ еса 4 йилдан бери йук", дея арз қилишди.

Қашқадарё вилояти Косон туманидан келган мактубда "свет кунига 24 соат ичида узилишлар билан бор йўғи 3-4 соатлар ёнади. 15-20 минутдан", деб шикоят қилишди.

Озодлик бу шикоятлар ортидан номи тилга олинган туман ва шаҳарлардаги электр таъминотига масъул идораларга боғланиб, расман жавоб олишга уринди.

Электросетлар ҳали қишки режимга ўтмади

Республикада аҳолини электр қуввати билан таъминлашга масъул "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик ширкати қошидаги "Электр тармоқлари" унитар корхонасининг ҳудудий бўлинмалари ҳали қишки графикка ўтилмаганини айтмоқда.

Таъминотга масъул идоралар раҳбариятидан бирор изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади. Аммо, мижоз тариқасида боғланган мухбир ўз саволларига идораларнинг диспетчерлик хизматидан қисман жавоб олишга муваффақ бўлди.

Сирдарё, Хоразм вилояти электр тармоқлари идораларидан ҳали қишки жадвалга ўтиш ҳақида юқоридан кўрсатма берилмагани ҳақида жавоб олинди.

Самарқанд вилояти электр тармоқлари корхонаси ҳудудий бўлимларидан биридан олинган маълумотга кўра, вилоятда ноябрь ойи бошидан қишқи режимга ўтишга ҳозирлик бормоқда:

- Шу янги ойдан ўтишимиз керак. Ундан қанчадан ток бериш ҳақида ҳали трафигимиз йўқ, айтишмади ҳали. Ҳозир кунига 10-12 соатдан электр бераяпмиз. Унақа маҳалларга бўлинган график йўқ, - деди жумладан электросетнинг диспетчерлик бўлими ходими.

Республикада сўнгги бир неча йилдан буён кеч куз, қиш ва баҳор ойи ўрталарига қадар аҳоли пунктларига электр қуввати асосан кундузи, чекланган соатларда, навбатма-навбат тақсимланган жадвал асосида узатилиши кузатилмоқда.

Аммо, масъул идоралар қиш учун тузилатган тақсимот жадваллари аҳоли эҳтиёжларига жавоб бермаслигини тан олмоқдалар.

Нагрузка ошиб кетяпти

Электр тармоқлари корхонасидан олинган маълумотга кўра, октябрь ойи бошидан бери аҳолининг электр қувватига бўлган эҳтиёжи кундан-кунга ошиб бормоқда:

- Нагрузка кундан-кунга ошиб бораяпти. Трансформаторлар автоматикага ўтказиб қўйилган. Автоматический определения нагрузки. Нагрузка бўлганда, автоматически подстанциядан ўчириб ташлайди. Ёқамиз, 5-10 минутдан нагрузка ошиб кетади, яна ўчириб ташлайди. Халқда нагрузка ошиб кетаяпти, газ йўқ кўп жойларда, - деди мижоз тариқасида боғланган мухбирга жавоб берган электросет ходими.

500 минг аҳолига 60 та трансформатор

Саволларга жавоб беришга бирозгина бўлса-да, фурсат ажратган техник ходимлардан бирига таъминотнинг техник жиҳатларига оид саволларни ҳам бердик.

Олинган жавобларга кўра, йирик шаҳарларда кичик саноат корхоналари ва аҳоли пунктларига электр қуввати етказиб бераётган подстанциялардаги трансформаторлар ортиқча кучланишни кўтара олмай куйиб қолаётгани боис, уларни автоматлаштирилган тизимга ўтказиш йўлга қўйилган.

Жумладан, 500 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган шаҳарда ўртача 30 та подстанция бўлиши айтилди:

- Ҳар битта подстанцияда 2 тадан трансформатор бор. Энг каттаси 200 минг ваттлик. Лекин, линиядаги кучланиш 200 минг ваттдан ошиб кетса, автоматика узиб ташлайди, бўлмаса трансформатор куяди. Ўзи биттаси куйган эди, бизнинг подстанцияда битта қолганди. Уни яқинда тузатдик, - деди электросеть ходими.

Аслида аҳолига берилган ток ҳажми жуда кам

Аммо, Электр тармоқлари унитар корхонаси ҳудудудий бўлимларининг қарийб ҳаммаси уларга юқоридан ажратилаётган электр қуввати ҳажми мавжуд эҳтиёжни қопламаслигини очиқ айтмоқдалар.

- Биз Қаршидаги Таллимаржон ТЭСдан оламиз. Ўзи аслида у ёқдан келадигани кам бизга. Газ йўқ, кун совуши билан ҳамма электр печка қўшади, обогреватель қўшади. Энди биз айтамиз тепага кам, деб. Ҳаммаси билади. Энди қўшимча ток керак, келадигани камлигини айтамиз тепага ҳар доим. Лекин аҳвол шу, - деди Электр тармоқлари унитар корхонасининг ҳудудий бўлимларидан бирининг диспетчери.

Йилларга чўзилган энергетик бўҳрон

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон вилоятларида энергетик бўҳрон кучайиб бормоқда. Қишлоқ ва туман аҳолисига табиий газ узатиш бутунлай тўхтатилиб, аҳоли айниқса қиш мавсумида қаттиқ азият чекмоқда.

Ваҳоланки, ўтган йили Ўзбекистонда 55 млрд кВт/соат миқдорида электр энергияси ишлаб чиқарилган эди, бу йилги ўсиш суръатининг 2,33 фоизни ташкил этиши айтилган.

Аммо, ҳукумат хорижга сотилаëтган электр қуввати ҳажмини тинимсиз оширишда давом этмоқда. 2015 йилда Афғонистонга 1,5 млрд кВт/соат электроэнергия етказиб беришга келишилган. Афғонистондан ташқари Туркманистон, Эрон ва Тожикистонга ҳам электр энергияси экспорт қилинади.

Ўзбекистонда электр қувватига эҳтиёж ошишига асосий сабаб бўлган газ тақчиллиги ҳам йилдан-йилга кучаймоқда. Аммо, “Ўзбекнефтегаз” Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойгача етиб борадиган йирик газ қувури тармоқларига 2014 йилда 10 миллиард куб метргача газ етказиб берди.

Дунёнинг газ қазиб олувчи энг йирик давлатлар йигирмалигига кирган Ўзбекистон йилига 55-60 миллиард куб метр газ қазиб олади.

Ўзбекистон расмийларга кўра, табиий газ экспорти ҳажми 10-13 миллиард куб метрни ташкил қилади, қазиб олинган табиий газнинг асосий қисми эса ички истеъмол учун ишлатилади.

Озодликка келган шикоятлар:

Қуйида таҳририятга кедган сўнгги шикоятлардан бир нечасини ўқишингиз мумкин, мактублар таҳрирсиз чоп этилмоқда:

Самарқанд шаҳридан:

"Свет маласани гапириб утсаиз Самарканд жуда хурсанд булардик. 1 кунда 1 - 3 соат свет беришади. Самарканд шахар Гагарин кучасида, Азиз бозорда. Газ умуман йук. БИР КАНЧА оилалар газ пропан куйиб газдан захарланиб вафот этайонганлар жуда куп. Уйларди иситиш масаласи жуда кийин, овкат пишириб бумайди, ёш болалар куп касал булишаяпти. Куп махаллалар Самарканд шахар хокимиятига куп маротаба мурожаат килишди. Аммо Самарканд вилоят хокими Зоир Мирзаев хар йилгидай чора курмаяпти".

Хоразм вилояти Урганч туманидан:

"Xorazm viloyati Urganch tumani Qorovul qishlog'idagi ko`p qavatli uylarda GAZ yoq, nima qilish mumkin bilmadik. Qishda qanday kun ko`rish mumkin? Beton qishda ikki karra sovuq tortadi."

Фарғона вилояти Сўх туманидан:

"Салому алейкум ман Фаргона вилоят Сух туманидан. Саволим шуки бизда 4 йилдан бери свет 6 - 7 соат ёнади холос. Кишга келиб 5 соат свет ёнади, газ еса 4 йилдан бери йук. Шуни бирон иложи борми, бирон жойга мурожаат килсангиз, илтимос сиздан".

Қашқадарё вилояти Косон тумани:

"Қашқадарё вилояти Косон тумани марказида на газ бор на свет. Одамлар куннинг совуғида жуда қийин шароитда яшашмоқда. Свет кунига 24 соат ичида узилишлар билан бор йўғи 3-4 соатлар ёнади. 15-20 минутдан. Одамлар наилож буюк келажак сари интилиб яшашмоқда".

Тошкент вилояти Ангрен шаҳри:

"Ангренда иссик сув факат кишда булади, лекин колган ойларга хам пул тулашимизга тугри келади. Туламасак суд оркали ундириб олиш билан куркитади. Туламаганларни уйидан уй жихозларини зуравонлик билан олиб кетишияпти. Ҳаммани 1 миллйон 2 миллйон карз килиб ташашган. Агар хисоблаб чикса давлатни узи карз. Чунки неча йиллардан бери биз йук нарсага мажбурий пул тулаб келамиз".

Жиззах вилояти Арнасой тумани:

"Jizzax viloyati Аrnasoy tumani maxalalarida svet o'chish yana boshlandi. Xali qish kelmasdan svet o'chirish o'yini boshlandi. Nimaga bunday bo'layapti?"

Хоразм вилояти Хонқа тумани:

"Xorazm viloyati Xonqa tumani Madir qishlog'ida gaz berishmayapti. Biz ku mayli chidaymiz bolalarimizga qiyin. Bor gazni g'isht zavodiga beradi. Iltimos shuni surishtirib beringlar".

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG