Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:27

Самарқандда теримдан қайтган ҳашарчилар яна пахтага сафарбар этилди


Самарқанд вилоятининг туманларида пахта теримидан бутунлай қайтган ҳашарчилар яна ётоғи билан теримга юборилмоқда. Озодликка бу ҳақда хабар берган қўшработлик ва пайариқлик манбаларга кўра, бюджет ташкилоти ишчилари ва коллеж ўқувчилари кўрпа-тўшакларини кўтариб, яна теримга жўнаб кетганлар. Жиззах вилоятида ҳам худди шундай манзара кузатилмоқда.

Самарқанд вилояти туманларидаги бюджет ташкилоти ишчи-хизматчилари, коллежнинг юқори курс ўқувчиларига яна пахтага сафарбарлик эълон қилинди.

Қўшработ туманидаги исми сир қолишини сўраган ўқитувчига кўра, ҳоким пахтадан қайтиб келган ўқитувчию шифокорларни яна ўн кун мажбурий теримга жўнатган:

“Қўшработ ҳокими Олим Алихўжаевнинг Калон деган жойда 200 гектар пахтаси бор экан. Шуни теришга яна бюджет ташкилотлари ходимларини ўн кунлик ётоғи билан пахтага мажбуран жўнатди. Ўзбекистонда ҳаво совиб кетганидан сўнг, ҳамма пахтадан қайтган эди. Энди кунлар сал исиши билан яна ҳаммани сафарбар қиляпти. Балога қолган яна ўқитувчию дўхтирлар бўляпти”, деди ўқитувчи.

Қўшработ туманидаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирида ишлайдиган ҳамшира ҳам қайтадан пахта теримига юборилганини айтди:

“Ёмғирларда қолиб, зўрға қайтиб келгандик. Бир-икки кун нафасимизни ростлаб ишга чиққандик, яна пахта дейишди. Яна кўрпа – тўшагимизни кўтариб ўн кунга келдик”, деди ҳамшира.

Қўшработ тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, пахта теримига қайтадан сафарбар этиш буйруғи вилоят ҳокимлигидан берилган:

“Кунлар яна исий бошлади. Шунинг учун яна сафарбарлик эълон қилишди. Терим 5-ноябргача давом этиши айтилди”, деди мулозим.

Вилоятнинг Пайариқ туманида ҳам ўқитувчи ва шифокорлар қайтадан теримга жўнатилди. Туман касалхонасида ишлайдиган шифокор эса тиббиёт коллежи ўқувчилари ҳам қайтадан теримга юборилганини айтади:

Бир гап айтайми. Шу бизнинг дипломимизга “шифокор-пахтакор” деб ёзишса бўлар экан. Уч кун бўлган эди, пахтадан қайтганимизга. Бўлди, пахта тугади, деб айтишганди. Хурсанд бўлиб дўппимизни осмонга отгандик. Билсак, чучварани хом санаган эканмиз. Кеча, 26 октябрь куни туман тиббиёт бирлашмасидан 400 га яқин дўхтирлар, ҳамширалар ва санитаркаларни яна ётоғи билан 10 кунга олиб кетишди. Пайариқ тиббиёт коллежининг 2-3 курс ўқувчиларини ҳам қайтадан олиб кетилди”, деди шифокор.

Озодликнинг Жиззахдаги манбалари берган хабарга кўра, вилоят туманларида ҳам худди шундай манзара кузатилмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 22 октябрь куни ўзбекистонлик пахтакорларни 3 миллиону 350 минг тонналик пахта териб олгани билан табриклаган ва шундан сўнг мажбурий пахта теримига сафарбар этилган бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчилари, олийгоҳ ва коллежлар талаба-ўқувчилари теримдан қайтган эди.

Аммо орадан уч-тўрт кун ўтмай маҳаллий ҳокимлар текин ҳашарчиларни яна теримга сафарбар қилишни бошлади.

XS
SM
MD
LG