Линклар

"Ёшлар" фаоли Ўзбекистон сўрови билан ҳибс этилди


Махсуд Абдужабборов кўплаб ташкилотларни танқид қилиб келган

Махсуд Абдужабборов кўплаб ташкилотларни танқид қилиб келган

Жорий йилнинг 3 октябрида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва жамоатчилик фаоли Махсуд Абдужабборов Самарқанд милицияси талаби билан Санкт-Петербургда қўлга олинди. Ўзбекистонлик терговчилар Мақсудни “одам савдоси”да айблаб, халқаро қидирувга бергани маълум бўлди. Маҳбуснинг яқинлари бу айбловларни рад этиб, Абдужабборов ўзининг жамоатчилик фаолияти учун тақибга учраётганини гапиришмоқда. Қарийб бир ойдан буён экстрадиция сўрови остида тергов изоляторида қолаётган ўзбек муҳожири аллақачон сиёсий бошпана сўраб, Россия ҳукуматига мурожаат қилди.

“Ёшлар” Умумроссия ижтимоий ҳаракати раҳбари ва Муҳожирларни ўқитиш минтақавий маркази бошлиғи Махсуд Абдужабборов 3 октябр куни Санкт-Петербургда полиция текшируви пайтида халқаро қидирувда экани аниқланиб, ҳибс этилди.

Полиция картотекасида Махсуд Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Ургут тумани Ички ишлар бўлими томонидан “одам савдоси”да айбланиб, қидирувга берилгани белгиланган экан, дейди Озодлик Радиоси билан гаплашган унинг рафиқаси Илона.

- У хозир 4-сонли Лебедевадаги Петербург тергов изоляторида сақланмоқда. Унга мутлақо ақлга сиғмайдиган, сохталаштирилган кўрсатмалар бўйича тузилган “одам савдоси”да айблов қўйилибди. Бу иш бир кишининг чақими асосида очилган, жабрланувчилар Махсудни умрида кўрмаган. Унинг гўё “шериги” бу кўрсатмаларни терговчиларга эмас, аллақандай жамоатчилик ташкилотига берган, ўзи эса қочиб юрибди. Қизиғи, жиноят иши ўтган йилнинг 13 октябрида қўзғатилган: Махсуд айнан шу куни Тошкентдаги МХХнинг тергов изоляторидан қўйиб юборилган эди.Яъни, унга нисбатан аввал жиноий иш қўзғатилиб, кейин чиқариб юборилишини нима билан тушунтирса бўлади?! – деди Илона.

Илона Махсуд ўтган йилнинг август ойида номаълум шахслар томонидан Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилганини эслатди.

Озодлик Россия Миграция хизмати расмийлари Махсуд Абдужабборовни 14 август куни Санкт-Петербург шаҳрининг “Пулково” аэропортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётида ватанига жўнатиб юборгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўшанда ҳуқуқбон номаълум сабабларга кўра Тошкент ҳибсхонасида 2 ой ушланиб, қўйиб юборилган ва Россияга қайта кириб келган эди.

- У жамоат-сиёсий ишлар билан бошқа шуғулланмаслик огоҳлантирилиши билан қўйиб юборилди. Чунки унинг Ўзбекистонга олиб чиқилишига асосий сабаб, Махсуднинг фаол ижтимоий-сиёсий фаолияти эди. У ўзига қарши бирор кўрсатма бериши учун ушлаб келинган экан, аммо бермагани сабабли қўйиб юборилган. Ўша куниёқ унга “одам савдоси”да иш очилибди! Унинг фаолияти Россияда муҳожирларга турли ҳужжатларни тайёрловчи тадбиркорлик фирмалариғазабини келтираётган эди. У Ўзбекистон элчихонаси ва бошқа расмий идоралар ва шахслар фаолиятини ҳам қаттиқ танқид қилиб келганди, деди Илона.

Илона“Махсуд нимага қарши курашган бўлса, ўша нарсада айбланаётгани энг ажабланарли ҳол”, дейди.

Махсуд Абдужабборов

Махсуд Абдужабборов

У шу пайтгача эри на сиёсий бошпана ва на бошқа мамлакат фуқаролигини сўраганига эътиборимизни қаратди.

Махсуд ўз ҳақлари учун курашишини айтмоқда”, дея давом этади Илона.

- Бу ғирт 37-чи йилку! У бу айбловлардан эсанкираб қолган. Яқинда сиёсий бошпана сўраб, ариза ёзди. У турли баёнотлар билан жамоатлик, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари эътиборини қаратмоқчи, Ўзбекистон президентига очиқ хат юбормоқчи. Махсуд ҳар қандай босим остида айбдорлигини тан олмаслигини айтмоқда. У “одам савдоси”да айбланмоқда: ахир Москва ва Санкт-Петербургда у айнан ўзбекистонлик муҳожирларни сотиш билан шуғулланиб келган фирмаларга қарши курашиб келган. Унинг фаолияти Петербург полициячилари билан бирга шаҳардаги кўплаб исловотхоналарнинг ёпилишига олиб келган, деди яқин кунларда изоляторда Махсуд Абдужабборов билан кўришганини гапирган Илона.

Айни пайтда, ўзбекистонлик маҳбуснинг иши билан қатор Россия жамоатчилик ташкилотлари қизиқиб қолгани маълум бўлди.

Москвадаги “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Бағром Ҳамроев Махсуднинг иши тўғрисидаги тафсилотларни Озодликка гапиради:

- Бу ишни биз кузатиб боряпмиз. Махсуднинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслиги учун барча чора-тадбирларни кўриб чиқамиз. Бир нечта таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбарлари билан кўришиб, шу ҳақда гаплашамиз. Иш қандай сохталаштирилгани масаласини кўрамиз, чунки Абдужабборов меҳнат муҳожирлари масаласини жиддий тарзда бир неча маротаба кўтариб чиққан. Уни экстремизмда айблаб бўлмайди: “одам савдоси” деса, жиноятчи сифатида Россиядан олиб кетиши мумкин. Намозхон бўлганда иши осон эди – экстремизмда айбланарди. Ҳукумат камчиликларини айтадиган одамларни энг осон айблаш йўли – “одам савдоси”, деди Баҳром Ҳамроев.

Озодлик жамоатчилик фаоли Махсуд Абдужабборов ишини кузатиб, қўшимча маълумотлар бериб боради.

XS
SM
MD
LG