Линклар

logo-print

Россия “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи мамлакатда террор ҳужумларини уюштириши мумкинлигини айтиб, мусулмонларга ва муҳожирларга қарши кескин чоралар кўра бошлади. Ўтган ҳафтада жангари гуруҳга “алоқаси борлиги гумонланаётган” бир гуруҳ одам қўлга олингани ҳақида хабар берилди.

Кремль бундай чораларни Россия 30 сентябрь куни Сурияда бошлаган ҳаво ҳужумлари мамлакатда террор ҳужумлари кўпайишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ошиб бораётган бир пайтда кўрмоқда.

Мазкур ой бошида Россия Федерал хавфсизлик хизмати мамлакат пойтахтида Суриядаги ҳаво ҳужумларига жавоб сифатида амалга оширилиши режалаштирилган йирик террор ҳужумининг олдини олгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу иш бўйича 12 гумонланувчи қўлга олинди ва яна уч шахс декабргача қамалди.

Аммо “Исломий давлат”га қарши кўрилаётган чораларнинг бир бўлаги ўлароқ тақдим этилаётган амалиётлар, афтидан, бошқа исломий гуруҳлар, жумладан, панисломчи “Ҳизб ут-Таҳрир” сиёсий ташкилоти билан курашишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

“Коммерсантъ” нашрига кўра, 20 октябрь куни ўндан ошиқ ўрта осиёлик Москвада “экстремистик гуруҳлар” билан алоқадорликда айбланиб қўлга олинди.

“Коммерсантъ” мақоласининг сарлавҳасида гумонланувчилар “Исломий давлат” гуруҳига “одам ёллаган бўлиши мумкинлиги” айтилди, аммо мақолада уларга қўйилган айбловлар ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот берилмади.

Хавфсизлик хизмати манбаси бу шахслар “олдини олиш чораси” сифатида қўлга олинганини ва гумонланувчилар “радикал ташкилотлар, жумладан, “Исломий давлат” гуруҳи билан алоқадир бўлиши мумкинлигини” айтди.

Разведка хизматлари билан алоқаси борлиги айтиладиган LifeNews янгиликлар вебсайти ҳам 20 октябрь куни тўда-тўда одам қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.

Аммо LifeNews ва “Коммерсантъ” айнан битта ёки бошқа-бошқа ҳодисалар ҳақида хабар бергани маълум эмас.

LifeNews хабарида қўлга олинганлар орасида “Сурия ва Ироқда “Исломий давлат” бошқарувидаги ерларда фаолият юритаётган террорчи гуруҳларнинг” 20 аъзоси борлиги айтилди.

LifeNews хабарида ҳам гумонланувчиларнинг “Исломий давлат” билан айнан қандай алоқаси борлиги тайинли равишда тушунтириб берилмади.

Нашрга кўра, қўлга олинганларнинг 14 нафари “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзоси бўлган.

Аммо бу гуруҳнинг “Исломий давлат” билан алоқаси йўқ.

“Ҳизб ут-Таҳрир” ҳатто “Исломий давлат”га қарши эканлигини айтиб видеомурожаат ёйинлаган ва Суриядаги аъзолари “Исломий давлат” жангарилари тазйиқига учраганини айтган.

Маънавий ваҳима

Россиянинг “Исломий давлатга” “қарши кураши” радикал исломчилар жамиятга соладиган таҳдид ҳақида маъанавий ваҳима уйғотишни ҳам кўзлаётганини хулоса қилиш мумкин.

Кейинги пайтда Россияда “Исломий давлат” ўз фаолияти ва таъсирини кучайтираётгани ҳақида бир неча хабар ёзилди.

“Коммерсантъ” нашри 8 октябрь куни Уралдаги мусулмонларнинг диний бошқармаси “Исломий давлат”га қарши “руҳий фронт” очганини эълон қилгани ҳақида хабар берди.

Мақолада “Уралдаги ФСБ “Ҳизб ут-Таҳрир” ва “Туркистон исломий партияси” каби экстремистик оқимлар аъзоларини аниқлади”, дейилади.

Аммо, “Исломий давлат”га алоқаси бор бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг қўлга олингани айтилган хабарлардагидек, бу мақолада ҳам жангари гуруҳнинг Уралдаги фаолияти ҳақида мужмал маълумот берилган холос.

Свердловск области муфтийси Абдул Қуддус Ашарин “Исломий давлат”ни қўлловчилар айнан қандай қилиб маҳаллий аҳолини радикаллаштираётганини очиқламади. Муфтий бундай шахслар “Қуръонни нотўғри талқин қилаётганини” айтиш билан чекланди.

Ҳамма жойда “Исломий давлат”

Афтидан, “Ҳизб ут-Таҳрир”ни “Исломий давлат” билан атайин чалкаштириш ва гуруҳ аъзолари ва бошқа исломчилар “Исломий давлат”га одам ёллаётгани ёки “Исломий давлат” қўлидаги ҳудудда эканини таъкидлаш орақали Россия Суриядаги методларини такрорламоқда.

Россия Суриядаги барча қуролланган мухолифатни “Исломий давлат” ўлароқ тақдим этмоқда.

“Ҳизб ут-Таҳрир”ни “Исломий давлат” билан атайин чалкаштириш орқали осонликча бу гуруҳни Суриядаги уруш ва қасос хавфи билан алоқадор қилиб кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, бу йўл билан “Ҳизб ут-Таҳрир”га алоқаси ​борлиги иддао қилинган ва унинг аъзоси эканлиги айтилган шахсларни аксилтеррор амалиётлар мўлжалига айлантириш мумкин.

Жамоатчилик фикри

“Исломий давлат”ни “дастакловчиларнинг” қўлга олингани ҳақидаги кенг тарқатилаётган хабарлар аҳолига хавфсизлик хизмати террор ҳужумларининг олдини олаётганини уқтиради.

“Исломий давлат”га қарши амалиётлар бекорга шу кунларда амалга оширилаётгани йўқ. Ҳозирда Россияда мамлакатнинг Суриядаги амалиётлари учун ўч олиш мақсадида уюштирилиши мумкин бўлган террор ҳужумлари ҳақидаги хавотирлар урчимоқда.

Озодликнинг Москвадаги мухбири ўтган ҳафтада кўп москвалик пойтахтда қасос олиш ҳужумлари кўпайишидан хавотирда эканлигини билдирди. Аввалроқ “Исломий давлат” ҳамда “Ал-Қоиданинг” Суриядаги қаноти бўлмиш “Ал-Нусра” жабҳаси мамлакатда “жиҳод” олиб боришини айтиб таҳдид солган эди.

Аммо Россиянинг асосий мақсади Суриядаги “Исломий давлат”ни кучсизлантириш ёки йўқ қилиш эмаслиги аён бўлиб бормоқда. Россия биринчи навбатда ўзининг ҳамкори бўлмиш Сурия президенти Башар ал-Ассадга унга қарши курашаётган кучларни енгишда ёрдам беришни истайди.

Россия мўлжалга олган жойларнинг аксарида “Исломий давлат” жангарилари умуман бўлмаган.

Россия Суриядаги мақсад ва фаолиятлари учун танқидга учрар экан, мамлакат ўз халқини Сурия ишларига аралашиш ҳуқуқига эга эканлигига ишонтириши керак. Москва бу мақсадга омма орасида “Исломий давлат” ёки гуруҳга алоқаси бўлган бошқа жангарилар соладиган таҳдид ҳақида ваҳима уйғотиш орқали эриша олади.

Мазкур ҳафтада Россия президенти Владимир Путин шахсан ўзи “Исломий давлат” Россияга таҳдид солишини, бу хавф Суриядаги конфликт билан алоқадор эканлигини айтди.

“Сурия ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатларда оёққа турган террористлар босиб олган ерларини кенгайтириш бўйича режа тузган ва бундай режа тузишда давом этмоқда”, деди Путин.

Россия президенти яна Москванинг Суриядаги амалиётлари мамлакат ҳукумати “бизнинг юртимизга таҳдид соладиган террористик ва бошқа хавфларга етарлича ва самарали жавоб қайтаришга тайёр эканлигини” кўрсатишини қўшимча қилди.

Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Жоанна Парасюк қаламига мансуб мақолани инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG