Линклар

logo-print

Россияликларнинг ватанпарварлик руҳидаги акцияси ўхшамай қолди


#здесьхорошо акциясига жўнатилган суратлардан бири

#здесьхорошо акциясига жўнатилган суратлардан бири

Россия миллий бирлик куни олдидан йирик давлат янгиликлар агентлиги мамлакатнинг бахтли вилоятлари харитасини тузиш мақсадида ижтимоий тармоқларда кампания бошлади.

Аммо бу кампания режадагидек кетмади.

Польшалик босқинчилар устидан 1612 йилда қозонилган ғалабани нишонловчи ва 4 ноябрга белгиланган байрам арафасида “Россия сегодня” нашри мамлакатдаги фойдаланувчиларни #здесьхорошо (#буеряхши) ҳештегидан фойдаланиб, географик координаталари кўрсатилган суратларни юклашга чақирди.

“Бу флешмобда иштирок этиш учун Россиянинг исталган бурчагида туриб #здесьхорошо ҳештегидан фойдаланиб, суратдаги жой нимаси билан ажралиб туриши изоҳланган ва гео-манзил кўрсатилган фото юклаш кифоя”, дейилади “Россиа сегодня” эълонида.

Жуда кўп одам бу чақириқни том маънода тушунди.

Магаданлик журналист “Бу ер балиқ овлаш учун яхши”, деб ёзди.

Россиянинг шимоли-шарқида жойлашган Магадан вилояти ўзининг совет давридаги мажбурий меҳнат лагерлари билан маълумдир.

Бошқалар эса Россиядаги ҳаётнинг кўнгилсиз тарафларига эътибор қаратди.

Масалан, 2012 йилнинг май ойида – Владимир Путиннинг учинчи марта президентликка сайлангани муносабати билан белгиланган инаугурация маросими олдидан Москавадаги Болотная майдонида бўлиб ўтган аксилҳукумат намойиши иштирокчиларининг полиция томонидан кескин куч ишлатиб тарқатилаётгани акс этган сурат ҳам жўнатилди.

Бошқалар Россия- порахўрлик гуллаб-яшнаётган мамлакат эканлиги ҳақида ёзди. Президент Путинга алоқаси борлиги айтиладиган магнатлар ака-ука Ротенбергларнинг уйлар ҳамда “Россия темир йўллари”нинг собиқ етакчиси Владимир Якуниннинг уйи тасвирланган сурат ҳам бор.

Айримлар учун Россия соғлиқни сақлаш ёмонлашиб бораётган мамлакатдир. Ульяновск вилоятида жойлашган Майна туман шифохонасининг кўчиб тушаётган бўёқлари ҳамда эскириб кетган, доғ тушган полларидан шудай хулоса чиқариш мумкин.

Мухолифатчи фаол Лев Дмитриев истеҳзо билан Россия “одамлар экологик жиҳатдан тоза шаҳарларда маданият билан хордиқ чиқаришни биладиган” мамлакат эканлиги ҳақида ёзди. Дмитриев Twitterга юклаган суратда қўл етадиган жойга пиво қўйиб, тамаки чекаётган аёлларни ҳамда буруқсаб тутун чиқараётган завод ва фабрикалар фонида ўйнаётган ёш болани кўриш мумкин.

Таниқли блоггер Илья Варламов Марий Эл Республикасининг пойтахти Йошкар-Олада кўчаларни лой босиб кетгани ҳақида ёзди.

Яна бир россиялик #здесьхорошо ҳештеги билан ўлдириб кетилган Кремль танқидчилари – журналист Анна Политковская ва мухолиф сиёсатчи Борис Немцов суратларини юклади.

XS
SM
MD
LG