Линклар

logo-print

Ўзбекистон президенти 27 октябрь куни “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

“Ўзпахтасаноат” уюшмаси негизида тузилаётган янги холдингга мамлакат бўйлаб пахта толасини қабул қилиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш вазифаси юклатилади.

Давлат раҳбари 27 октябрь куни имзолаган фармон муқаддимасида айтилишича, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясини ташкил қилишдан мақсад “пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш, пахта толасини жаҳон бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилиш бўйича ягона комплексни яратиш, пахта ва ёғ-мой маҳсулотларининг сифатини ҳамда рақобатдошлигини ошириш, шунингдек, республиканинг пахта тозалаш ва ёғ-мой корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни, жумладан, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш”дир.

Уч бошли...

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси таркибига учта ихтисослашган тузилма: “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти киради.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш билан;

“Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамияти пахта толасини сақлаш ва экспорт қилишни таъминлаш билан;

“Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти эса, пахта ёғи ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

...Пахта вазирлиги?

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясига ўта кенг ваколатлар берилган.

Мамлакат бўйлаб пахта хомашёси етиштиришнинг ҳажмлари, ассортименти ва навларини белгилашдан тортиб, пахта толасини етказиб бериш тўғрисида экспорт шартномалари тузилишини ташкил қилиш ҳамда уларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлашгача;

пахта ёғи ва бошқа ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини таъминлашдан тортиб, пахтани қайта ишлаш ва ёғ-мой саноати кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишгача бўлган, хуллас, чигит экилишидан тортиб, тола ва бошқа маҳсулотлар кўринишида сотилиб битиб кетгунча бўлган пахта билан боғлиқ барча ишларни “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси назорат қилади.

14 йилда ўзгариб қолган мақсад

2015 йил 27 октябрь кунги фармон билан президент шу соҳага оид ўзининг 2001 йил 11 июндаги фармонини бекор қилди.

Бекор қилинган фармоннинг номига эътибор беринг:

“Республика пахта тозалаш саноатини монополиядан чиқариш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”.

“Монополиядан чиқариш” фармон номи ва унинг муқаддимасидаги мазмунни очувчи тамал сўзлардир.

Бас, шундай экан, яъни Ўзбекистон ҳукумати 2001 йили пахта тозалаш саноатини монополиядан чиқаришга бел боғлаган экан, нега энди орадан 14 йил ўтиб ўша мақсаднинг мутлақо аксини кўзловчи фармон имзоланди?

Умуман, кечаги фармонни қандай тушунмоқ керак?

Бу саволларни таҳлилчиларга бердик.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлиги собиқ мулозими Саодат Нишонова:

- Бу соҳада монополиядан чиқариш жараёни бўлгани тўғрисида гапириш ортиқча. Чунки Президентнинг 2001 йилги фармонидан кейин на пахта тозалаш, на уни қайта ишлаш соҳасида на бу жараённинг кейинги босқичларида хусусий корхоналар очилган. Яъни давлат бу майдонга эркин ўйинчиларни киритмаган. Шунинг учун ҳам кечаги фармон 2001 йилги фармонга қараганда мантиқлироқ, тўғрироғи, реалдир, шаклланган воқеликка мосдир. У 2001 йилдаги фармонидан мантиқлироқ. Янги фармон матнидан келиб чиқилса, чиндан ҳам ягона комплекс тузилаяпти. Афтидан валюта тушуми билан боғлиқ ҳамда соҳалараро қандайдир муаммолар пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам соҳа корхоналари банк ҳисобларини консолидация қилмоқчилар.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов:

- Кечаги фармонни яхши ҳам, ёмон ҳам деб бўлмайди, чунки давлатнинг табиати бу фармон билан ўзгариб қолмайди. Коррупция ўз ўрнида қолаверади, “Ўзпахтасаноат” Ўзбекистондаги энг коррупциялашган соҳадир. Ҳокимият учун, ҳокимиятдаги муайян шахслар учун, уларнинг манфаатлари учун бу фармондан ҳосил бўладиган ўзгариш яхши, албатта.

Ўзбекистон президентининг 27 октябрь кунги “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони OzodNazarнинг бугунги сонида тошкентлик иқтисодчи Ғолиббек Холназаров билан ҳам муҳокама қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG