Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:25

Жиззахлик ўқитувчиларнинг маошлари уриб қолиняпти


Жиззахнинг Зомин туманидаги 50-сонли мактаб биноси
Жиззахнинг Зомин туманидаги 50-сонли мактаб биноси

Жиззахлик ўқитувчилар ойлик маошлари уриб қолинаётгани ҳақида шикоят қилишди. Мактаб раҳбариятига ойликлари тўлиқ берилишини талаб қилиб борган ўқитувчилар ишдан бўшатилиш ёки дарс соатлари қисқартирилиши билан қўрқитилмоқда. Ўзбекистонлик фаоллар нафақат мактаб ўқитувчилари, балки бошқа бюджет ходимларининг маошлари ҳам талон-тарож қилиниши мамлакатда авжига чиққан муаммо эканини айтишмоқда. ​

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги 6-сонли мактаб ўқитувчиси икки ойдан буён ойлигининг ўттиз фоизи уриб қолинаётганини айтади:

- Кеча ойлик тушди. 520 минг сўм, лекин бу кам, мени ҳисобим бўйича ўттиз фоизга кам. “Нимага ушлаб қолинди”, десам “олавермайсанми берганда борига шукур деб, умуман бермаса нима қилардинг”, деган гапни айтада бухгалтеримиз. Кимга шикоят қилишни ҳам билмай қолдик,- дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган жиззахлик ўқитувчи.

Жиззах вилояти Зомин туманидаги бошқа ўрта мактабда эса аҳвол бундан-да баттар:

- Август ойидан буён умуман ойлик олганимиз йўқ. Пахтага деб пул олишади. Пахта тугаса “обуна”, дейди. Кейин “шанбалик”, “темир-терсак”, уриб қолишлар шундай давом этаверади, - дейди зоминлик ўқитувчи.

Мактаб директорига ойликлари тўлиқ берилишини талаб қилиб борган ўқитувчилар эса ишдан бўшатилиш ёки дарс соатлари қисқартирилиши билан қўрқитилмоқда.

- “Бермайман”, десангиз “аризангни ёзиб кетавер”, дейди. Ё бўлмаса дарс соатларини қисқартириш билан қўрқитади. Беришга мажбур қилади, -дейди зоминлик туманилик ўқитувчи.

Ойликлари уриб қолинаётгани сабаб кўплаб малакали ўқитувчилар ишдан кетиб қолмоқда.

- Дипломи бор, олий маълумотли ўқитувчилар такси ҳайдаб юрибди. Чунки, давлатни бераётган ойлиги оз, яна шуни ҳам уриб қолса таксичилик қилади, бозорда сотувчилик қилади. Бу ўз- ўзидан ўқув сифатига ҳам таъсир қиляпти, чунки малакали ўқитувчилар кетиб қоляпти, - дейди зоминлик ўқитувчи.

Озодликка ойликлари уриб қолинаётгани ҳақида шикоят қилган барча жиззахлик ўқитувчилар исми очиқланишини исташмади.

Шикоятчи ўқитувчилар ишлайдиган мактаблар раҳбариятидан ушбу иддаолар юзасидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот ҳизмати бошлиғи Бахриддин Шайвалиев ҳам ўқитувчилар маошлари нега уриб қолиниши ҳақидаги Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

Жиззахлик собиқ ўқитувчи Малоҳат Абдуллаева Озодлик билан суҳбатда муаллимларнинг ойликларидан уриб қолиниши бутун вилоят бўйича тарқалганини айтади:

- Ҳар бир ўқитувчининг ойлигидан 100 минг, хоҳласа 200 минг ушлаб қолинади. Вилоят бўйича қаралса уриб қолинадиган пуллар бу жуда катта пул, ҳисобим бўйича бир неча миллиард сўмни ташкил этади. Лекин, қаерга кетишини ҳеч ким билмайди. Буни вилоят молиясида ишлайдиганлар билмаса, ҳеч ким билмайди, - дейди Малоҳат Абдуллаева.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев Ўзбекистонда нафақат мактаб ўқитувчилари, балки бошқа бюджет ходимларининг маошлари ҳам талон-тарож қилиниши авжига чиққан муаммо эканини айтади:

- Ҳозир асосан пахта терими учун ойликдан олиб қолиняпти. Нафақат ўқитувчилар, банк ходимларининг ойлигидан ҳам, 200-250 минг сўмдан ушлаб қолиняпти. Бу ушлаб қолишлар шу ишчини ўрнига пахта териш учун одам ёллашга, теримчиларга берилар эмиш. Лекин, қанча қисми берилади, қанча қисмини ўзлаштриб юборишади, буни ҳеч ким билмайди, - дейди Ўктам Пардаев.

Ўзбекистондаги мактабларда ўқитувчиларнинг мукофот пуллари ва ойлик маошлари диркеторлар томонидан ўзлаштирилиши ҳолатлари бошқа вилоятларда ҳам кўп учраб туради.

Ўтган йили Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги мактаб директори ишчи-хизматчилари номига ёзилган мукофот пуллари ва ойлик маошларини ўз фойдасига ўзлаштирганлик ва 12 нафар ходим номига ёзилган 3 миллион 133 минг сўм пулни талон-тарож қилганликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар берган эди.

Шунингдек, мактаб директори иш ҳақи тарқатиш рўйхатидаги яна тўрт нафар ходимнинг 1 миллион 622 минг сўм мукофот пулини қалбаки имзолар билан олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликда ҳам айбланган. “Ҳуқуқ” газетаси хабарида мактаб директорига қандай жазо тайинлангани маълум қилинмаган.

XS
SM
MD
LG