Линклар

ФСБ ИШИДнинг Марказий Осиëга бостириб киришидан огоҳлантирди


Россия Федерал хавфсизлик хизмати раиси Александр Бортников.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати раиси Александр Бортников.

Чоршанба куни Москвада МДҲ хавфсизлик идоралари раҳбарларининг халқаро террорчиликка қарши курашни мувофиқлаштиришга бағишланган навбатдаги йиғини бўлиб ўтди. Йиғилишда Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников¸ Афғонистоннинг Марказий Осиëга туташ ҳудудларида Толибон ва у билан ҳамкорлик қилаëтган ИШИД жангариларининг кўпайгани¸ террорчиларнинг чегарадан ўтиб¸ минтақага ҳужум қилиш хавфини кескин кучайтириб юборганини таъкидлади.

МДҲ хавфсизлик идоралари раҳбарларининг 28 октябрь кунги учрашуви Афғонистоннинг Тожикистон ва Туркманистонга туташ ҳудудлари Толибон назоратига ўтаëтган кунларга тўғри келди ва йиғин кун тартибини ана шу вазият белгилаб берди.

Йиғинга раислик қилган Россия Федерал хавфсизлик хизмати раиси Александр Бортников¸ Сурия ва Ироқнинг каттагина ҳудудларини ишғол қилган Ироқ ва Шом исломий давлати (ИШИД) гуруҳининг МДҲ ичкарисида кучайиб бораëтганини таъкидлади.

Бортников таъкидича¸ бугун ИШИД сафида 100 мамлакатдан борган 30 мингга яқин одам жанг қилмоқда ва улар орасидаги МДҲ фуқаролари сони ўсишдан тўхтамаëтир:

- Фитна уюштириш, мина ва қўлбола бомба ясашнинг амалий малакаларини олиб¸ шаҳар шароитида жанговар ҳаракатлар олиб боришга ўрганаëтган ишидчилар эндиликда террор ва диверсия уюштиришга тайëр автоном жангари гуруҳлар тузмоқдалар. Террорчилар ва улар кураторларининг асосий мақсади МДҲ давлатларидаги вазиятни беқарорлаштиришдир¸ деди Бортников жумладан.

Бундай вазиятда ишидчилар ҳужумининг биринчи нишони Тожикистон ва Туркманистоннинг Афғонистонга туташ ҳудудлари бўлажагини таъкидлаган ФСБ раҳбари¸ “минтақавий ҳамкорларимиз сарҳадларига хуруж қилиш ҳоллари¸ афсуски¸ аллақачон бошланган¸ деб қўшимча қилди.

МДҲ¸ қолаверса¸ аксар дунëнинг ИШИД балоси қаршисида қолгани учун Бортников¸ номи тилга олинмаган “айрим дунë ва минтақа давлатлари”ни айблади:

- Ҳозирги замонда халқаро ҳамжамият янги геосиëсий муаммо – “Исломий давлат” тимсолидаги бандитлар интернационали билан қарама-қарши турибди. “Араб баҳори” деб ном чиқарган лойиҳадан туғилган бу гуруҳ Осиë ва Африкадаги стратегик вазифаларини террор хуружи орқали ҳал қилмоқчи бўлган айрим дунë ва минтақа давлатларининг икки юзлама сиëсати оқибатида куч йиғди. Оқибатда¸ бу давлатлар бутун дунëни глобал диний маданий можаро жари ëқасига олиб келдилар¸ деди жумладан ФСБ раҳбари.

Бундай таҳдид қаршисида қолган МДҲ давлатлари¸ Россия Федерал хавфсизлик хизмати раиси таъкидича¸ умумий душманга қарши кучларни бирлаштириши лозим:

- МДҲ ичидаги террор ғояларига мойиллар ҳаракатини мунтазам қаттиқ назоратда ушлашимиз¸ айни пайтда жангариларнинг уруш ўчоғи ва ундан орқага қайтиш йўналишларини ëпишга қаратилган ҳаракатларимизни яхшироқ мувофиқлаштиришимиз керак. Шу маънода¸ МДҲ ташқи чегаралари¸ айниқса¸ Марказий Осиë ҳудудидаги чегараларимизни мустаҳкамлаш вазифаси ўта долзарбдир¸ деди ўз ҳамкасбларига қарата Бортников.

МДҲ хавфсизлик идоралари раҳбарлари Москвада тўпланган айни кунда¸ Россия матбуоти хабарларига кўра¸ Москвада ИШИДга алоқадор шахсларни қўлга олиш операцияси амалга оширилди.

Амалиëт пайтида 30 га яқин одамнинг қўлга олингани¸ улар аксариятининг тожикистонлик муҳожирлар бўлиб чиққани айтилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG