Линклар

Турли вилоятлардан ҳали қиш келмай туриб, электр токи ва газ таъминоти деярли узилиб қолгани ҳақида шикоятлар келмоқда. Айрим вилоятларда чироқ суткасига 4-5 соатдан ёнмоқда, газ эса аксар вилоятларда 3-4 йил муқаддам бутунлай узилган. Бувайда туманидан боғланган тингловчи аҳолининг тақчиликка кўниб қолган деркан: "Ҳеч бўлмаса, вақтини айтиб қўйишсин!" деб сўради.

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидан боғланган тингловчи исми-фамилияси ошкор этилишини истамади.

Унинг айтишича, туманда электр токи деярли ҳар куни узилади, аммо аҳолига энг зарур пайтларда узилади.

- Эрталаб, тушда ёки кечки овқатланиш пайтида узилади. Шикоятингизга биров қулоқ солмайди. Хўп, зарур экан узишаркан, ҳеч бўлмаса вақтини айтиб қўйишсин! Шунга қараб, одамлар ҳаракатини қилади, - деб зорланди тингловчи.

Қуйида у билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон вилоятларида энергетик бўҳрон кучайиб бормоқда. Қишлоқ ва туман аҳолисига табиий газ узатиш бутунлай тўхтатилиб, аҳоли айниқса қиш мавсумида қаттиқ азият чекмоқда.

Ваҳоланки, ўтган йили Ўзбекистонда 55 млрд кВт/соат миқдорида электр энергияси ишлаб чиқарилган эди, бу йилги ўсиш суръатининг 2,33 фоизни ташкил этиши айтилган.

Аммо, ҳукумат хорижга сотилаëтган электр қуввати ҳажмини тинимсиз оширишда давом этмоқда. 2015 йилда Афғонистонга 1,5 млрд кВт/соат электроэнергия етказиб беришга келишилган. Афғонистондан ташқари Туркманистон, Эрон ва Тожикистонга ҳам электр энергияси экспорт қилинади.

Ўзбекистонда электр қувватига эҳтиёж ошишига асосий сабаб бўлган газ тақчиллиги ҳам йилдан-йилга кучаймоқда. Аммо, “Ўзбекнефтегаз” Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойгача етиб борадиган йирик газ қувури тармоқларига 2014 йилда 10 миллиард куб метргача газ етказиб берди.

Дунёнинг газ қазиб олувчи энг йирик давлатлар йигирмалигига кирган Ўзбекистон йилига 55-60 миллиард куб метр газ қазиб олади.

Ўзбекистон расмийларга кўра, табиий газ экспорти ҳажми 10-13 миллиард куб метрни ташкил қилади, қазиб олинган табиий газнинг асосий қисми эса ички истеъмол учун ишлатилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG