Линклар

Германия минглаб афғон қочқинлари ортга қайтарилишини билдирди


Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер.

Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер.

Германия мамлакатга кириб келаётган қочқинлар сони кескин кўпайганига жавобан миграция жараёнини қатъийлаштирди ҳамда бошпана берилмаган шахсларни қайта ўз ватанларига депортация қилишини билдирди.

Жорий йил ёзида асосан Сурия, Ироқ ва Афғонистондан келган юз минглаб қочқинлар Болқон давлатлари орқали Германияга ўтиб, бошпана олишни ният қилган. Бунга Германияда иш ўринларининг бошқа давлатларга нисбатан кўплиги сабаб бўлмоқда.

Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер 28 октябрда ўз мамлакати Рождество байрамигача қочқинлик олиш жараёнини енгиллаштиришга ҳаракат қилаётганини, бироқ қочқин мақоми берилмаган шахслар мамлакатдан сўзсиз депортация қилинишини айтди.

”Мен яқин кунларда депортация қилинганлар сони кескин кўпайишига ишонаман”, деб айтди Мезьер. Унга кўра, шу кунгача ўн минглаб қочқинга Германия бошпана беришдан бош тортган.

Ички ишлар вазири Афғонистондан келаётган қочқинлар сони кўпайгани қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини таъкидлаган ҳолда, Германия бу борада Кобул расмийлари билан сўзлашувлар ўтказаётганини билдирди. Вазирга кўра, “Афғонистондан келаётган қочқинлар Германияда қолишга умид қилмасликлари керак”.

XS
SM
MD
LG