Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:34

Европа парламенти Саудий қиролидан Сахаров мукофоти янги соҳибини озод қилишни сўради


Раиф Бадавийни озод қилиш талаби билан дунë бўйлаб қатор пикетлар ўтказилмоқда.
Раиф Бадавийни озод қилиш талаби билан дунë бўйлаб қатор пикетлар ўтказилмоқда.

Европа парламентининг Фикр эркинлиги учун Сахаров мукофоти блоглари учун 10 йилга қамалиб¸ 1000 дарра саваланиш билан жазоланган саудийлик блоггер Раиф Бадавийга берилди.

31 яшар Бадавий 2012 йилда Саудий Арабистони диний полицияси томонидан ҳибсга олинган ва Интернет орқали Исломни ҳақорат қилганликда айбланиб¸ 10 йиллик қамоқ ва 1 миллион риëл (267 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлашга ҳукм этилган эди.

Бадавий жорий йилнинг январь ойида жамоатчилик кўз ўнгида 50 дарра уриш билан жазоланган ва унга берилган 1000 дарралик жазонинг қолган қисми халқаро майдонда билдирилган кескин норозиликлар ортидан кечиктирилган эди.

Сахаров мукофотининг Бадавийга берилганини эълон қилган Европа парламенти президенти Мартин Шульц¸ Саудий қироли Салмонга мурожаат қилиб¸ ундан блоггерни дарҳол озод қилишни сўради.

Бадавийни Сахаров мукофотига тавсия қилган Европа парламенти аъзоларидан бири Тамас Месзерикс¸ бундан сўнг Европа Саудий Арабистонида шунчаки ўз фикрини айтгани учун қийноққа солиниб¸ ўлимга ҳукм қилинаëтганларни кўриб жим туриши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Бадавийнинг Канадага чиқиб кетган турмуш ўртоғи Энсаф Ҳайдар эрига берилган 1000 дарралик жазо аслида ўлим ҳукми экани¸ биринчи 50 дарралик калтакдан сўнг саломатлиги кескин ëмонлашиб¸ қон босими ошиб кетган эрининг кейинги дарралардан омон қолмаслигини айтмоқда.

Эрига Сахаров мукофоти берилганига муносабат билдирган Энсаф Ҳайдар¸ бунинг умид ва жасорат муждаси эканини таъкидлади.

Amnesty International ташкилоти Раиф Бадавийни ўз фикрини тинч ифодалаш эркидан фойдалангани учун жазоланган эътиқод маҳбуси эканини таъкидлаб келади.

Инсон ҳақлари ва фундаментал эркинликларни ҳимоя қилаëтган шахсларга бериладиган Сахаров мукофоти 1988 йилда таъсис қилинган ва унинг совриндорига 50 минг евро пул мукофоти ҳам берилади.

Бу йилги мукофотни топшириш маросими 16 декабрь куни Страсбургда ўтказилади.

Сахаров мукофотига кўрсатилган сўнгги уч номзод орасида Россия мухолифатининг марҳум етакчиси Борис Немцов ва Венесуэладаги демократик мухолифат ҳаракати бор.

XS
SM
MD
LG