Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:44

Ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновнинг уйи ёниб кетди


Дмитрий Тихонов
Дмитрий Тихонов

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихоновнинг Ангреннинг Янгиобод посёлкасидаги уйи ёниб кетди. Ҳодиса вақтида уйида бўлмаган Тихонов ёнғин уюштирилган, деб тахмин қилмоқда. У ахборот сақланган икки қаттиқ диски ғойиб бўлгани ва жами 20 миллион сўмдан ортиқ мулки ёниб кетганини айтмоқда. Ангрен ИИБ эса фаол устидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш терговини тугатиб, уни судга чақирмоқда.

Ёнғин

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келаётган ангренлик 41 яшар Дмитрий Тихонов Янгиобод посёлкасидаги уйи ёниб кетганидан 6 кун ўтиб, хабар топганини айтмоқда:

- Ёнғин 20 октябрда содир бўлган, мен 26 октябрь куни хабар топдим. Ангренда охирги марта 30 сентябрь куни бўлган эдим. Ортимдан кузатув бошланганидан кейин, шаҳардан кетган эдим. 27 октябрда қайтишга мажбур бўлдим. Борсам, уйим муҳрланган экан. Қўшниларим саҳар 4 да билиб қолишиб, ўт ўчирувчиларни чақиришганини айтишди. Уйнинг иш кабинетим жойлашган қисми тўлиқ ёниб кетган, менинг бор мулким ўша хонада эди, - дейди Дмитрий Тихонов.

Унинг айтишича, шаҳар ИИБ ва Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари сабаблар ҳали номаълумлиги, ҳозирча ёнғин электр тармоғидаги қисқа туташувдан чиққани тахмин қилинаётганини билдиришган.

Аммо, Тихонов уйига кимдир ўт қўйган, деган хулосага келганини айтмоқда:

- Чунки, ёниб битган иш кабинетимда темир қутига жойланган қаттиқ диск бор эди. Вайроналар остидан темир қутини топдим, аммо ичида диск ёки унинг қолдиқлари йўқ. Яна бир қаттиқ дискни яшириб қўйган жойимда бошқа нарсалар турибди, аммо диск йўқ. Қизиғи, менинг иш қуролларим - кюмпьютерлар, сканер, телескоп ва каттагини юридик адабиётлар тўплами жойлашган иш кабинетим ёниб кетгани, - дея ўз тахминини қувватлайди ҳуқуқ фаоли.

Фаол уйида содир бўлган ёнғин юзасидан Ангрен шаҳар ИИБ, Ёнғин хавфсизлиги хизмати бирор изоҳ бергани йўқ.

Маъмурий иш

Дмитрий Тихонов 19 сентябрь куни пахтага олиб кетилаётган ангренликлар колоннасини суратга олаётган пайтда милиция ходимлари томонидан ушланган, туман ички ишлар бўлимида таҳқирланганини айтган эди.

Ўшанда ички ишлар бўлими ходимлари Тихонов ҳақларини ҳимоя қилаётган адвокат сўровига жавобан фаолга нисбатан жисмоний куч қўлланилмагани, унинг 20 сентябрь куни милиция бўлимига олиб келинишига уч фуқародан тушган шикоят сабаб бўлгани тўғрисидаги ёзма маълумотнома беришган.

Адвокат 20 октябрь куни Ангрен ички ишлар бўлимига борганида эса Дмитрий Тихоновга нисбатан маъмурий иш очилганидан хабар топган. Озодлик билан суҳбатда Полина Браудер ўз мижозига қарши очилган иш материаллари билан танишиш имкони берилмаганини айтган эди.

29 октябрь кунги суҳбатда Тихонов ўшанда бери уни адвокати орқали судга чақираётган ИИБ 3 кун муқаддам ёниб кетгани уйини кўргани борганидан бироз ўтиб, участка нозири етиб келганини айтмоқда:

- Ёнғиндан сўнг борсам, уйга участка нозири келиб, менга судга чақириқ қоғозини беришга уринди, аммо мен олмадим. Чунки, бу иш натижасида улар мени 15 суткага ҳибс қилишлари мумкин. Ҳибсда эса милиция ўзига керак натижани олиш учун менга нисбатан қийноқ қўллаши мумкин, деб хавотир қилганим учун Ангренга бормай юрган эдим. Шунинг учун Ангренни яна тарк этдим, - дейди Тихонов.

Моддий зарар

Шу кунда уйсиз-жойсиз, устида бир сидра уст-бош билан қолганини айтган Тихонов Ангренда жами 40 - 45 миллион сўмдан ортиқ суммадаги мол-мулкидан айрилганини даъво қилмоқда:

- Протоколда аввалига 5-6 миллион сўмлик зарар кўрилган, деб ёзишган экан. Мен бориб, куйиндилар орасидан қараб-қараб айтганимдан кейин, 14 миллион, деб ўзгартиришди. Бунга уйни тиклаш учун кетадиган сумма киритилмаган. Воқеадан шошиб қолганим учун ҳамма нарсани эслай олмаган эдим. Энди эслаб қарасам, қора бозор курсида жами 9-10 минг долларлик мулкимдан айрилибман, - дейди Тихонов.

Озодлик Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Шаҳобхонов билан боғланиб, Дмитрий Тихонов устидан очилган маъмурий иш борасида изоҳ беришни сўраганида подполковник Шаҳобхонов изоҳ беришдан бош тортган.

Таъқиқ сабаби

Дмитрий Тихонов унга нисбатан тазйиқнинг кучайгани сабабини бу йилги пахта мавсумида ангренлик минглаб ишчи хизматчиларнинг мажбурий тарзда пахта теримига жалб қилинаётганини мониторинг қилаётгани билан боғламоқда.

41 яшар Тихонов сўнгги бир неча йиллардан буён Ангрен шаҳри ва Тошкент вилоятида мустақил равишда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келмоқда.

Ангренликлар бу йил Бўка туманига ётоққа йўлланди. Бу туман Жаҳон банки ажратган кредит ҳисобидан тадбиқ этилаётган лойиҳа майдонларидан биридир.

Жаҳон банки ўз лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларда мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланган тақдирда қишлоқ хўжалиги лойиҳалари учун ажратилган 500 миллион АҚШ долларига тенг молиявий ёрдамни тўхтатишини билдирган.

XS
SM
MD
LG