Линклар

logo-print

Қора бозорда долларнинг қимматлаши ортидан нарх-наво ҳам кескин кўтарилди


Доллар қимматлаши ун ва ёғ нархини ҳам кўтариб юборгани ўзбекистонликларни, айниқса қийнаб қўйди

Доллар қимматлаши ун ва ёғ нархини ҳам кўтариб юборгани ўзбекистонликларни, айниқса қийнаб қўйди

Ўзбек сўмининг реал қурбини кўрсатувчи валюта қора бозорида ўтган ҳафта АҚШ долларининг кескин қимматлаши озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж моллари нархларининг ошишига сабаб бўлди. Ўзбекистонликларнинг айтишларича, айниқса¸ импорт маҳсулотлари нархи қимматлаган. Айни пайтда миллий валютанинг қадрсизланиши маҳаллий маҳсулотлар нархига ҳам таъсир қилмай қўймаган.

Ўтган ҳафта АҚШ долларининг қора бозордаги нархи 6000 сўмдан ошган ва жорий ҳафта бошларида яна 5500 га тушган эди. Айни пайтда¸ ўзбек сўми қурбининг тушиши давом этмоқда. Озодлик билан суҳбатлашган тошкентлик саррофларниг айтишларича, пайшанба куни бир доллар 5650-5700 сўмдан сотиб олинган, 5800 сўмга сотилган.

“5500 сўмга тушиб қолган эди, яна кўтарилаяпти”, дейди Тошкент бозорларидан бирида пулни пулга уриштирадиган суҳбатдош.

АҚШ долларининг қисқа вақт ичида 5000 сўмдан 6000 сўмга кўтарилиши Ўзбекистон истеъмол бозорида ҳам нархларнинг ҳам кўтарилиб кетишига сабаб бўлди. Айниқса, оддий ўзбекистонликларга кўра¸ доллар кўтарилиши ортидан импорт моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сезиларни даражада ошган.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбекнинг Озодликка айтишича, сўнгги ҳафталар ичида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин ошиб кетгани ойликка қараб қолган аксар ўзбекистонликлар елкасига қўшимча юк бўлиб тушган:

- Озиқ-овқат маҳсулотлари, асосан, четдан келадиган маҳсулотларининг нархлари сезиларли ошди, ўртача 10-20 фоизга кўтарилиб қолди. Лекин одамларга билинаётган оғирлик, асосан, ун ва ёғнинг қимматлаши бўлди. Чунки ўзимизда чиқадиган ун ва ёғнинг сифати паст бўлгани боис кўпчилик ишлатмайди. Асосан, Қозоғистон ва Россиядан келадиган ун ва ёғни сотиб олишади. Шу маҳсулотлар жуда қимматлаб кетди. Масалан, семичка ёғи (кунгабоқар ёғи-таҳр.) 8-9 минг сўм эди, ҳозир 11-12 минг сўмга чиқиб кетди. Бундан ташқари кундалик эҳтиёж моллари, гигена товарларининг нархлари ҳам ошди. Асосан, чет элдан долларга сотиб олинадиган товарлар жуда қимматлади,- дейди Тошбек.

Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликлар ҳам кейинги икки ҳафта ичида АҚШ долларининг кўтарилиши муносабати билан, айниқса¸ Қозоғистондан олинадиган ун ва Россиядан импорт қилинадиган ёғ нархининг қимматлашганидан шикоят қилмоқда.

Фарғоналик суҳбатдошимиз нафақат импорт моллари, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кундалик эҳтиёж товарлари ҳам қимматлаганини билдирди:

- Қозоғистоннинг биринчи навли унининг 50 килолик қопи 120 минг-125 минг сўмга чиқди. Икки ҳафтача аввал 90-93 минг сўм эди. Ўзимизнинг ун арзонроғу, лекин ҳеч ким олмайди, чунки нон қилсангиз тандирда турмайди, оқиб кетади. Пахта ёғининг 5 литрлик баклажкаси 33-35 минг сўмга чиқди. 1 литр семичка ёғи 8-9 минг эди, ҳозир 13 минг сўмга чиқди. Ҳаммаси доллар ошди, шунга қамматлади, дейишга ўтиб олган. Доллар ошди деб, ҳатто минг сўмлик кир совунларни 1300 сўмга чиқариб олишди. Бундан ташқари картошка-пиёз, мол гўшти нархлари ҳам ошиб кетди. Картоша 1000-1200 сўм эди, ҳозир 1500-1600 сўмга чиқди. Мол гўшти 29-30 минг эди, ҳозир 31 минг нақд пулга, пластикка оламан десангиз 33 минг сўмга беради,- дейди фарғоналик пенсионер.

Маълум бўлишича, озиқ-овқат маҳсулотлари қишлоқ жойларда шаҳардагидан кўра 5-10 фоизга қимматроқ сотилмоқда. Наманганнинг Косонсой туманидан гапирган суҳбатдошга кўра, биринчи навли қозоқ унининг 50 килолик қопи шу кунда 140 минг сўмдан сотилмоқда.

Шу ой бошроғида Ўзбекистон жорий йилда Қозоғистондан 722 минг тоннадан ошиқ буғдой маҳслуотларини сотиб олгани хабар қилинган эди. Шунга қарамасдан, ўтган ҳафта доллар нархи кескин ошиб кетиши ортидан, қозоқ уни қимматлабгина қолмай, тақчиллик ҳам кузатила бошлади.

Хусусан, Тошкентнинг Чилонзор туманидаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилинадиган “Қатортол” улгуржи бозорида сотувдаги қозоқ унининг камайиб қолгани айтилмоқда.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбекнинг айтишича, АҚШ долларининг қимматлаши пойтахт бозорларида маҳаллий маҳсулотлар нархларига нисбатан таъсир қилмаган.

Ўзбекистонда доллар нархининг кескин ошишини мутахассислар бир неча сабаб билан изоҳлашмоқда. Уларнинг асосийси Россиядаги меҳнат муҳожирлари юбораëтган валюта миқдорининг кескин камайгани билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2014 йилда биргина Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга камида 6 миллиард АҚШ доллари жўнатган, 2015 йил 9 ойи ичида эса Россиядан 1,5 миллиард доллар жўнатилган.

Туб муаммолардан яна бири Ўзбекистон иқтисодига доир экани айтилади. Шу йил бошроғида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазир Шавкат Мирзиёевни мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ва пахта терим мавсумига қадар нақд пул эмиссияси амалга оширилмаса, ижтимоий соҳада жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Долларнинг кескин қимматлаши айнан пахта мавсумига тўғри келгани боис мутахассислар ҳукумат ўзбек сўмини чоп қиладиган станокларни ишга туширишга мажбур бўлганини тахмин қилишмоқда.

Иқтисоддаги нақд пул тақчиллиги ва жаҳон валютаси тушумининг камайиши Ўзбекистон давлат бюджети даромадининг катта қисмини таъминлаб берувчи хом-ашё экспортидан келаëтган даромаднинг тушиб кетгани билан ҳам боғланмоқда.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг тўртта (расмий¸ тижорий¸ қора бозор ва биржа нархи) курси мавжуд. 29 октябрь куни Марказий банк белгилаган расмий курснинг 2677 сўм, биржадаги баҳосининг эса, 7000 сўм бўлгани кузатилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG