Линклар

logo-print

Тула вилоятидаги мусулмонлар намозхонаси ёқиб юборилди


Масжиднинг ëнғиндан кейинги кўриниши.

Масжиднинг ëнғиндан кейинги кўриниши.

28 октябрь тунда Тула вилоятининг Узловая шаҳридаги асосий қавми ўзбек муҳожирлари бўлган намозхона номаълум кимсалар томонидан ёқиб юборилди. Яқин кунларда масжид сифатида қайддан ўтказилиши кутилган ибодатхона имоми бинонинг ичкаридан ёқиб юборилгани ва бунинг тасодифий ёнғин эмаслигини айтмоқда.

Узловая масжиди ёниб кетди

28 октябрь тунги соат 2 яримларда Россиянинг Тула вилоятидаги Узловая шаҳар ўт ўчириш пультига шаҳарнинг Садовая кўчаси 18-уйда жойлашган бино ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Қутқарувчилар бу манзил бўйича маҳаллий мусулмонлар масжиди жойлашганини аниқлаган.

Ҳодиса жойига етиб борган ўт ўчирувчилар тезда ёнғинни бартараф қилди, аммо бинонинг асосий қисми ёниб бўлган экан, дейди Озодликка маълумот берган Тула вилояти бўйича МЧС бошқармаси расмийси Анна Бабкина:

- 28 октябрь куни бўлди бу. Асосийси¸ жароҳат олганлар йўқ. Ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Ёнғин сабаблари инспекторлар томонидан ўрганилмоқда, тергов тугагани йўқ, деди Анна Бабкина.

Ёниб кетган бино Узловая шаҳридаги мусулмонлар жамоасига қарашли экани ва яқин орада у масжидга айланиши тўғрисида тегишли ҳужжатлар олингани аниқланди.

Жамоат имоми Ренат Алимов Озодлик билан суҳбатда бино ёқиб юборилганига шубҳа қилмаслигини айтади:

- 28 октябрь куни тонг саҳарда, биродарларимиздан бири намоз ўқиш учун бинога келаётиб, унинг иккинчи қавати ёниб тугаётганини кўриб қолган. У ўт ўчирувчиларни чақирди, улар тезда етиб келди, аммо бефойда – бинонинг 90 фоизи ёниб кул бўлди. Ҳодиса жойига келган қутқарувчилар биринчи қаватнинг барча ойналари, биттасидан ташқари, ичкарига қараб синдирилганини аниқлабди. Ичкарида қурилиш ёғочлари ва материалларига ёнилғи қўйиб, ёқишгани маълум. Иккинчи қават тўлиқ ёниб, деворлари қулаб тушган,биринчи қават тўлиқ ёниб кетган. Бу ҳозирча ибодат жойи эди, у масжид даражасига кўтарилишига оз вақт қолувди, биз ҳатто маҳаллий ҳукумат розилигини ниҳоят олган эдик. Тўғриси, бунинг кимга кераклигини ўзим ҳам тушунмаяпман: бирор маротаба маҳаллийлар билан тўқнашмаганмиз, чунки мен ўзим шу ерда туғилиб, ўсганман. Бу провокация, деб тахмин қилаяпман, дейди имом Ренат Алимов.

Диний фаол сўзларича, Узловая шаҳарчасида ибодатга доимий келувчи мусулмонлар сони 100 кишидан ошган ва уларнинг асосий қисмини меҳнат муҳожирлари, хусусан ўзбекистонлик диндорлар ташкил этган.

Youtube порталида Руслан Ветров исмли фойдаланувчи номидан қўйилган ибодатхонанинг ëнғиндан кейинги аҳволи акс этган видеотасир пайдо бўлди. Ундан иморатнинг тўлиқ яроқсиз ҳолга келганини кўриш мумкин.

Иморат қарзга қурилган эди

Айни пайтда, Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда россиялик диндорлар орасида Узловая мусулмонлар жамоасига қилинган бу ҳаракат “террорчилик акти” экани ва унга ҳатто маҳаллий ҳуқуқ тартибот идоралари алоқаси бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминлар пайдо бўла бошлади.

Бугун Тула вилоятининг Узловаясидаги масжидга ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўт қўйилди. Улар бир неча маротаба таҳдид қилган: “Кетинглар яхшиликча ёки ёмонлик билан кетасиз!”, деб. Улар қонунан босим ўтказа олмасдан, ўт қўйиб юборишди”, дея иддао қилди маҳаллий мусулмонлардан бири.

Бундан икки йил олдин доғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар айни бинога “қора ниқобли” ОМОНчилар, ФСБчилар бостириб кириб, мусулмонларни ҳақоратлагани ва калтаклагани тўғрисида хабар берган эди.

Ўшанда полициячилар диндорларга қарата “Понаехали! Нима керак сенларга бу ерда? Йўқол Чечня, Доғистонинга!” деб бақиргани қайд этилган.

Маълум бўлишича¸ ëнғиндан сўнг Ренат Алимов ўз жамоаси номидан Россия Мусулмонлар диний бошқармасига мурожаат қилиб, ибодат уйини тиклашга кўмак беришни сўраган.

Россия Мусулмонлар диний бошқармаси вакили Озодлик мухбири билан суҳбатда Узловая ҳукумати анчадан буён бу ҳудудда масжид қурилишига қаттиқ қаршилик кўрсатиб келаётганини тасдиқлашди:

- У ерда ибодатхона бор эди. Масжид қуришга маҳаллий ҳукумат қаршилик қилаётгани боис, улар бошқа йўл билан бориб, икки қаватли бинони давлатдан қарзга сотиб олишди ва у ерда диний маракаларни, намозларини биргаликда ўтказиб келишаётганди. Бу бизнинг ташкилотимиз бўлимига қарашли жой, лекин Адлия вазирлигидан маҳаллий мусулмонлар ташкилоти сифатида қайдга олишга яқинда ижобий жавоб келиши кутилаëтган эди. Бунинг кимга кераклигини аниқ айтиш қийин, чунки жамоанинг ўзидагиларнинг боши қотиб қолган. Аммо бир нарса – иморатга ўт қўйилгани аниқ! деди Россия Мусулмонлар диний бошқармаси матбуот котиби Элдор Нуриманов.

Айни пайтда¸ муфтият расмийси тергов идораларининг бу жиноятга алоқадор шахсларни аниқлаб, уларни жавобгарликка тортишига умид билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG