Линклар

Венада Сурия бўҳронига бағишланган музокараларга илк бор Эрон таклиф этилди


Вена анжумани 29 октябрь куни Россия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Туркия дипломатик идоралари раҳбарлари музокаралари билан бошланади

Вена анжумани 29 октябрь куни Россия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Туркия дипломатик идоралари раҳбарлари музокаралари билан бошланади

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Венага икки кунлик ташриф билан келди. Австрия пойтахтида АҚШ дипломати Суриядаги фуқаролар уруши муҳокамасига бағишланган халқаро конференцияда қатнашади. Бу мавзуга бағишланган халқаро конференцияда Эрон томони ҳам илк бор қатнашмоқда.

29 октябрь куни ўндан ошиқ давлат ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтказиладиган анжуман Россия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Туркия дипломатик идоралари раҳбарлари музокаралари билан бошланади.

Ўтган ойда Сурияда Башар Ассад режимига мухолиф исёнчиларга қарши ҳаво ҳужумларини бошлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Венага 29 октябрь куни кечқурун етиб келиши кутилмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф ўзининг уч нафар муовини ҳамроҳлигида келмоқда. Эрон делегацияси музокараларга 30 октбярь куни қўшилади.

Жума кунги музокараларда Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Ироқ, Миср, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иорданиядан юқори даражадаги мулозимлар иштирок этади. Халқаро анжуман қатнашчилари орасида Европа Иттифоқи Ташқи сиёсат масалалари бўйича олий комиссари Фредерика Могерини ва БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Штефан де Мистура ҳам бор.

Эрон давлат агентликларининг хабар қилишича, халқаро анжуман доирасида Эрон делегациясининг Россия ва ЕИ вакилари билан алоҳида музокаралари ўтказилади.

Лекин Сурия сиёсий мухолфати ёки Сурия қуролли мухолифатидан Венага ҳеч ким таклиф қилинмади.

Сурия мухолифати Эроннинг музокараларга таклиф этилиши Башар Ассаднинг ҳокимиятдан кетишини кафолатлай оладиган сиёсий жараённи бошлаш уринишларига путур етказишини айтиб, норозилик билдирди.

Мухолифатдаги Озод Сурия Армияси таркибидаги Ярмук армияси қўмондони Башар ал-Зубий президент Башар Ассад режимини қўллаб-қувватлаётган Эрон “муаммонинг ечими эмас, унинг бир қисмидир”, дея таъкидлади.

Мухолифатдаги Сурия Миллий Коалицияси вакили Жорж Сабра сурияликларнинг Венага таклиф этилмагани мазкур анжуманнинг “жиддийлигини шубҳа остига олади”, дея билдирди.

Сурия Миллий Коалициясининг яна бир вакили Бассам Абдуллоҳ 29 октябрь куни эълон қилган баёнотида исёнчилар ўтиш даври жараёнида Ассадга “ҳатто бир кунга ҳам” ўрин берилишига қаршилик қилишларидан огоҳлантирди.

Абдуллоҳ Вена учрашувини Ассад қуролли кучларига янги ҳудудларни босиб олиш имконини беришга қаратилган ҳаракат, дея рад этди.

АҚШ расмийлари ҳам Вена музокараларидан жиддий натижаларга эришиш амримаҳол бўлиши мумкинлигини эътироф этишган.

Қўшма Штатлар, Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар ўтиш даври режасининг бир қисми ўлароқ, Башар Ассаднинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилмоқда.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия томонлар ўртасидаги “мулоқотнинг кенгайиши” тарафдори, дея баён қилди.

Саудия Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр 28 октябрь куни қилган чиқишида Саудия Арабистони Вена анжуманида Россия ва Эроннинг бўҳрондан чиқиш учун сиёсий мулоқотга қанчалик тайёр эканликларини текшириш учун иштирок этаётганини билдирди. Чоршанба куни Британия Ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонд билан музокаралар ортидан гапирган ал-Жубайр жемладан бундай деди:

- Бу масалада ҳамкорларимизнинг қарашлари Эрон ва Россиянинг Сурияда сиёсий ечим топиш ниятлари қанчалик жиддийлигини текшириб кўришдан иборат, деди Саудия дипломати.

28 октябрь куни АҚШ давлат котиби Жон Керри Вена музокаралари дарҳол бўҳрон ечимини топиб бера олмаслигини, лекин “шу пайтгача бўҳронга сиёсий ечим топишнинг энг истиқболли имкониятини” очиб беришини таъкидлади.

Франция Ғарбдаги иттифоқчилари билан Ассаднинг “аниқ муддат ичида” кетишини таъминлаб берувчи таклифни ишлаб чиққани ва уни Венада очиқлашини билдирди.

Лекин Дамашқ режимини қўллаб-қувватлаётган Россия ва Эрон сиёсий ечим шартларидан бири сифатида Ассаднинг кетишини талаб қилиш номақбул эканини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG