Линклар

Чавақланган бизнесмен, паймонаси тўлган судхўр, видеони сохталаштирган хонанда


Муниса Ризаеванинг концертида кщрсатилган видео сохта бщлиб чиыди.

Муниса Ризаеванинг концертида кщрсатилган видео сохта бщлиб чиыди.

Наманганда “Туркистон ислом ҳаракати” ғояларини тарғиб этган тўрт йигит қамалди. Турк бизнесмени Эм Фуат Тошкентда чавақлаб кетилди. Хонанда Муниса Ризаева концертида намойиш этилган “сюрприз видео” сохта бўлиб чиқди. Жорий ҳафта Ўзбекистонда маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Тадбиркорларга ер участкалари фақат танлов асосида берилади”

2016 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари фақат танлов асосида берилади (“Инсон ва қонун”, 27 октябрь).

Бу ҳақда 2015 йил 7 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида 1 гектаргача ер майдони ажратилади.

Танлов асосида бериладиган ер участкаларининг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан шакллантирилади.

“Туркиялик бизнесмен Эм Фуат Тошкентда буюрма қотиллик қурбони бўлди”

Тошкентда ўлдириб кетилган туркиялик бизнесмен Эм Фуатнинг қотиллари топилди (“Даракчи”, 29 октябрь).

“Оршах эв Текстиль” қўшма корхонаси раҳбари бўлган марҳум Э.Фуат 2014 йилнинг 31 октябрида Тошкентда чавақлаб кетилган ва 5 ноябрь куни оғир жароҳатдан шифохонада вафот этган.

Бош прокуратура олиб борган терговдан кейин қотилликка бошқа бир Туркия фуқароси Устун Ҳикмет буюртма бергани маълум бўлган. Марҳумнинг бизнес ҳамкори бўлган У.Ҳикмет ундан 40 минг доллар қарз олган. Эм Фуат қарзни қайтаришни талаб қилавергач, У.Ҳикмет 10 минг доллар эвазига Ўзбекистон фуқаролари Шерзод Ўлмасов, Рустам Отақулов ва Шокир Эшонқуловларни қотилликка ёллаган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Туркия фуқаросини ўлдиргани учун уч ўзбекистонликни ҳамда буюртмачи Устун Ҳикметни 21 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Наманганда “Туркистон ислом ҳаракати” экстремистик ташкилоти ғояларини тарғиб этган тўрт йигит узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди”

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида диний-экстремистик ғояларни тарғиб этишда айбланган тўрт нафар фуқаро устидан маҳкама жараёни якунланди (“Диёнат”, 29 октябрь).

Исми ошкор этилмаган тўрт йигит Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ёлланма ишчи сифатида фаолият юритган пайтда “Туркистон ислом ҳаракати” экстремистик ташкилоти аъзолари таъсирига тушиб қолган. “Туркистон ислом ҳаракати” ташкилотининг маъруза ва даъватлари ёзилган дисклар асосида сабоқ олган судланувчилар Афғонистон, Покистон ва Туркияга ҳижрат қилишни тарғиб этган, ойлик иш ҳақидан “жиҳод” қилаётган “биродар”ларига пул ажратиб, “байтулмол”га ҳисса қўшиб келган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти судининг судьяси Дониёрбек Тожибоевга кўра, тўрт йигит 8 ва 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Қашқадарёда судхўр аёл ва унинг ўғли қарздор ака-укалар томонидан ўлдирилди”

Қашқадарё вилояти Қарши тумани Узуннаво қишлоғида яшаб келган Шоҳиста Исмоилова ва унинг 17 ёшли ўғли ўлдириб кетилди (“Ҳуқуқ”, 29 октябрь).

Тергов жараёнида қотиллик ака-ука Ислом Ҳамидов ва Ойбек Баҳромов томонидан содир этилгани аниқланди. Маълум бўлишича, Ислом Ҳамидов Шоҳида Исмоиловадан 10 кун муддатга 100 доллар фоиз бериш эвазига 3 миллион сўм қарз олган. Кейинроқ Ш.Исмоилова келишувни бузиб, қўшимча 1 миллион сўм фоиз талаб қилган.

“Судхўр аёл инсофсизлик билан ундирган пулнинг алами” И.Ҳамидовни қотилликка етаклаган ва укаси билан жиноятга қўл урган. Ака-укаларга 20 ва 19 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“Тошкентда ноқонуний аборт эвазига пора олган шифокор ушланди”

Тошкент шаҳридаги туғруқхоналардан бири гинекология бўлими мудираси порахўрлик жинояти айбланди.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, исми ошкор этилмаган гинекология бўлими мудираси ҳомиладор аёлни аборт қилиш эвазига ундан 300 доллар пора олган.

Мудира ҳужжатларни қалбакилаштириб, 13 ҳафталик ҳомила муддатини камайтириб кўрсатган. Гинекология бўлими мудираси мижозидан қўшимча 200 минг сўм талаб қилиб, уни олаётганда ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди шифокорга жарима тайинлаб, уни тиббий фаолият билан бир йил шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этган.

“Дори-дармонга устама нарх қўйишнинг олди олинади”

My-gov.uz порталида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси дорихоналар рўйхати ва дори воситалари нархини эълон қилди (“Ўзбекистон овози”, 29 октябрь).

Мазкур хизмат орқали компаниянинг Тошкент шаҳри, Наманган, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида жойлашган дорихоналаридаги 1729 турдаги дори воситалари нархи ҳақида маълумот олиш мумкин. Ушбу хизмат дори-дармонга устама нарх қўйишнинг олдини олиш мақсадида йўлга қўйилган.

“Хонанда Муниса Ризаеванинг концертида намойиш этилган “сюрприз видео” сохта бўлиб чиқди”

Хонанда Муниса Ризаеванинг 19-21 октябрь кунлари Тошкентда ўтган концертида намойиш этилган “сюрприз видео” сохта бўлиб чиқди.

“Даракчи” нашри хабарига кўра, концерт Муниса Ризаеванинг туғилган куни тўғри келгани учун режиссёр Рустам Шамсиддинов “сюприз видео” намойиш этган. Катта экранда Россия эстрада юлдузларидан Ани Лорак, Филипп Киркоров, Валерий Леонтьев, Стас Михайлов, Николай Басков ва бошқалар Муниса Ризаевани туғилган куни билан табриклаган.

Ушбу сюприздан хонанда қувониб саҳнада ёш боладек сакраган. Аммо кейинроқ мазкур табриклар аслида Лолита ва Ирина Аллегровага аталгани, видео сохталаштирилгани маълум бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG