Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:36

Ўзбек йигитлари армияга бориш учун она-тили, адабиётдан тест топширмоқда


Ўзбекистонда қуролли-кучлар сафида хизмат қилишни хоҳлаётганлар сони ҳаддан зиёд кўпайиши ортидан мамлакат мудофаа вазирлиги армияга йигитларни тест орқали қабул қилишни йўлга қўйди. Армияда хизмат қилишни хоҳловчилар эндиликда жисмоний нормативлардан ташқари, она тили, адабиёт, тарих ва математика фанларидан тест топширишлари керак бўлади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, ҳозирда муддатли ҳарбий ҳизмат учун ажратилган ҳар бир ўринга тўққиз-ўнтадан даъвогар тўғри келмоқда.

Тошкентдаги Мудофаа ишлари бўлимларидан бири расмийси ўзбек армияси сафига сараларнинг сараси танлаб олинишини айтади:

- Ҳозир тест синовлари бўляпти. Давлат тест марказидан келиб тест оляпти улардан. Ўзбек тили, она тили, тарих, математика. Ундан олдин жисмоний тарбиядан топширади. Жисмоний тарбиядан ўтса, кейин тест бўлади. Бундан ташқари соғлиги талаб даражасида бўлиши, коллежни тугатган бўлиши керак. Қўлида коллеж дипломи бўлиши керак. Шу қабул тестларидан энг кўп балл тўплаганлар қуролли кучлар сафларига қабул қилинади, энг сараларини, энг билимлиларини армияга оламиз, - дейди Тошкентдаги Мудофаа ишлари бўлимининг Озодлик боғланган расмийси.

Келаси йилги февраль-март ойларидаги ҳарбий хизматга чақирилувчилар учун тест синовлари шу йил охиригача давом этади.

Айни кунларда 18-22 ëшдаги йигитлар Ўзбекистоннинг Мудофаа ишлари бўлимларида ҳарбий кўрик ва тест синовларини топширмоқда.

"Армияга бориш учун ҳам “бункер-мункер” қилиш керак бўляпти"

Наманганлик ҳарбий хизматга чиқарилувчи йигит Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда армияга бориш ўқишга киришдай гап эканини айтади:

- Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш учун қанақа тест бўлса, шунақа олишяпти. Танкаси борларга очиқчасига ёрдам беришяпти, танкаси йўқлар очиқчасига телефондан фойдаланяпти. Ҳарбий хизматга бориш учун ҳам репетитор ёллаш, бункер-мункер қилиш керак бўляпти, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган наманганлик йигит.

Айни пайтда Ўзбекистонда армияга қабул қилиш жараёни коррупциялашгани айтилади.

Ўзбекистон армиясида муддатли ҳарбий хизматни ўташни хоҳловчилар кўп бўлгани учун ҳарбий чақириқ пайтида таъмагирлик ва порахўрлик авж олиши ҳар йили кузатилади.

Ҳарбий хизматга боришга ҳаракат қилаётган фарғоналик йигит Озодлик билан суҳбатда армия сафига қабул қилиниш учун беш минг доллар сўрашганини айтади:

- Тестда тўқсонта савол. Бундан ташқари турникда тортилиш керак. Ўтиш жуда қийин. "Беш минг кўкида олиб келсанг ўтасан", дейишди. Менда бунақа пул йўқ, - дейди фарғоналик йигит.

Ўзбекистонда ишсизлик ва иш топиш имконларининг чеклангани сабаб кўплаб ёшлар армияга ошиқмоқда.

- Кейинчалик органда ишга жойлашиши учун. Жуда бўлмаса армияда контракт асосида ишлаб қолса бўлади, - дейди фарғоналик йигит.

Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизмат 12 ой қилиб белгиланган. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистон қуролли кучлари сафида эллик мингга яқин аскар-зобит хизмат қилади.

Президент фармонига кўра, ҳарбий хизматга чақирув февраль –март ойларида, хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни бўшатиш эса, март-апрель ойларида амалга оширилади.

XS
SM
MD
LG