Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Дмитрий Медведев беш ойлик Умарали ўлими терговини назоратига олди


Умарали Назаров сурати
Умарали Назаров сурати

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Душанбеда Эмомали Раҳмон билан бўлган учрашувда Санкт-Петербургда номаълум ҳолатларда нобуд бўлган беш ойлик Умарали Назаров ўлими юзасидан олиб борилаётган терговни ўз назоратига олганини айтди. Умаралининг ота-онаси фарзандининг ўлими сабабларини аниқлаш бўйича қайта экспертиза ўтказишни талаб қиляпти. Беш ойлик чақалоқ полиция ва миграция хизмати ходимлари томонидан онасидан ажратиб олиниб, полиция биносига келтирилган ва номаълум сабаблар билан касалхонада ўлган эди.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев 30 октябрь куни Душанбеда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан бўлган учрашувда, Санкт-Петербургда номаълум ҳолатларда нобуд бўлган беш ойлик Умарали Назаров ўлими юзасидан олиб борилаётган терговни ўз назоратига олганини айтди.

Рус матбуотининг ёзишича, “Дмитрий Медведев Эмомали Раҳмонни ишонтириб айтдики, барча тегишли идораларга бу ҳақда топшириқ берилган ва бу иш якунига етказилади”.

Айни пайтда, Озодлик радиоси билан суҳбатда Санкт-Петербургда номаълум ҳолатларда ҳалок бўлган беш ойлик Умаралининг ота-онаси Рустам Назаров ва Зарина Юнусова фарзандининг шамоллашдан ўлганини инкор қилиб, биринчи экспертиза натижаларини тан олмади. Улар Умаралининг баданида бир қанча жароҳат излари борлигини айтдилар.

Рустам Назаровга кўра, у ўғлининг жасадини кўрганда уни танимаган:

“Биринчи марта мен тоғам иккаламиз ўғлимнинг жасадини кўргани моргга борганимда уни танимадим. Тоғам ҳам бу Умарали эмас, деди. Боланинг бурни, лаби ва кўзлари кўкариб кетган эди. Бизга ҳозиргача ўғлим ўлимининг асл сабабларини айтишмаяпти. Бирда бола қаттиқ шамоллашдан ўлган деса, бирда отравление бўлган дейишяпти”, деди боланинг отаси.

Рустам улар гўё уйнинг ертўласида яшаган деган миш-мишларни инкор қилади:

“Биз биринчи қаватдаги икки хонали, барча шароитлари бор уйда яшаганмиз”, деди Рустам.

Тожикистоннинг Санкт-Петербургдаги фахрий консули Назар Мирзозода ҳам такрорий экспертиза ўтказилишини талаб қилмоқда:

“Биз боланинг ўлимининг асл сабабларини аниқлаб бера оладиган, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, исталган мамлакатда ўтказиладиган холис экспертизанинг харажатларини тўлаймиз”, деди тожик дипломати.

Беш ойлик Умарали Назаров 13 октябрда амакиси Далер Назаров ва онаси Зарина Юсупова билан бирга миграция қоидасини бузганлигини ҳужжатлаштириш учун Санкт-Петербург шаҳри Адмиралтей тумани ички ишлар бўлимига олиб борилгандан сўнг, онасидан ажратиб олинган эди.

Полиция ходимлари Далер билан Заринани алоҳида камерага жойлаштирган, бола эса онасидан тортиб олинган. Шундан сўнг Далер Назаров ва Зарина Юнсуова судга олиб борилиб, уларни Россиядан депортация қилиш ҳақида қарор чиқарилади.

Суддан чиққандан сўнг Зарина боласини излаб полицияга боради. Полиция ходимлари унинг фарзанди қаерда эканлигини айтишмайди. Кечгача боласини излаган Зарина уни ҳеч қаердан тополмайди ва уйига қайтади. 14 октябрь куни эрталаб унга телефон қилишиб, ўғли касалхонада жон берганини айтишади.

Беш яшар Умаралининг ўлими Россия ва Тожикистон жамоатчилиги орасида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Россия ИИВ боланинг ўлимига полициянинг алоқаси йўқ, у ўткир респиратор вирус инфекциясидан ўлган, деб баёнот берди. Аммо боланинг ота-онаси Умаралининг соппа-соғ эканлигини айтиб, уни ўлдирганлар жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG