Линклар

logo-print

Украина сайловларига келган ЕХҲТ кузатувчиси Россия разведкачиси бўлиб чиқди


Украинадаги ТСН телеканали Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиси сифатида Луганксдаги сайловларни мониторинг қилган россиялик Максим Удовиченконинг Россия ҳарбий разведкаси подполковниги эканини фош қилди. Бу воқеа ортидан махсус баëнот эълон қилган ЕХҲТ Удовиченконинг дарҳол кузатувчилар сафидан ҳайдалганини билдирди.

Луганскдаги сайловларни мониторинг қилиш учун келган халқаро махсус гуруҳ таркибидаги россиялик кузатувчи¸ Россия ҳарбий разведкасининг Чеченистонда жанг қилганофицери бўлиб чиқди.

ТСН телеканали 27 октябрь куни кўрсатган лавҳада ичиб олиб¸ меҳмонхона номерида журналист қизга ўзи ҳақида гапираëтган Удовиченко акс этади:

“Мен – Максим Удовиченко¸ ҳақиқатан ҳам ЕХҲТ кузатувчисиман. Ҳақиқатан ҳам мен Россия қуроллари кучлари сафида хизмат қилганман. Ҳа¸ мен Бош разведка бошқамаси(ГРУ)нинг махсус кучлари ходимиман. Мен ГРУ офицериман”¸ дейди Удовиченко.

Қўлида пиво ушлаб турибди¸ сокинлик билан гапирган Удовиченко¸ қандай қилиб ЕХҲТ халқаро кузатувчилар гуруҳига қўшилиб олганини ҳам айтади:

“Мен Ташқи ишлар вазирлиги орқали рўйхатдан ўтдим¸ юзма-юз суҳбат қилишди¸ ëзма имтиҳон ҳам топширдим”¸ дейди рус разведкачиси.

ЕХҲТ “мустақил кузатувчиси”нинг журналистларга ичиб олиб ўзини фош қилиб қўйганидан ташвишга тушган ташкилот вакиллари¸ шундан сўнг уни “хос гапимиз бор” деган баҳона билан бошқа хонага олиб кетишади.

Бу фош бўлишдан ноқулай аҳволга тушган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийлари кўп ўтмай расмий баëнот эълон қилиб¸ бундай ҳатти-ҳаракатнинг қабул қилиб бўлмас эканини таъкидладилар.

29 октябрь куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида мазкур жанжалга ҳам тўхталган ЕХҲТнинг Махсус мониторинг миссияси раҳбарларидан бири Александр Ҳуг¸ айбни Москва зиммасига юклади.

“ЕХҲТ да ички махсус хизмат йўқ. Халқаро кузатувчилар гуруҳига номзодларни танлаш масъулияти уларни бизга тавсия қилган давлатлар зиммасидадир. Биз унинг ҳатти-ҳаракатидан хабар топишимиз билан Киевга чақириб олдик ва 24 соат ичида кузатувчиларимиз сафидан чиқариб юбордик”¸ деди жумладан Ҳуг.

25-25 октябрь кунлари Украинада ўтказилган маҳаллий ва парламент сайловларини ЕХҲТ халқаро кузатувчилар миссияси сафида аъзо давлатлардан юборилган 590 мутахассис кузатди ва улардан 35 нафари россияликлардир.

Украинага келган ЕХҲТ халқаро кузатувчилар миссияси вакилларининг кимлиги ва қанчалик мустақил экани юзасидан ҳозирга қадар умумий шубҳа-гумонлар бўлган бўлса¸ бу миссия ичида "агрессор давлат" деб аталаëтган Россия Бош разведка бошқармаси подполковниги борлигининг фош этилиши¸ ЕХҲТ нуфузига жиддий путур етказди.

Ҳозирча ЕХҲТ мустақил кузатувчиси сифатида Луганскда бир ойга яқин фаолият юрғизган Россия ҳарбий разведкачисининг амалда айнан қандай иш билан шуғулланганига оид саволларга ташкилот вакиллари жавоб бермаëтир.

“Мустақил кузатувчи Удовиченко” Луганскдаги оддий аҳоли орасида “рус дунëси”ни тарғиб қилиш билан украин журналистлари диққатига тушди.

ТСН намойиш қилган лавҳада кекса аëл билан гаплашаëтган Удовиченконинг унга “Сизнинг Украинангиз ахлат. Ëнгинангизда буюк Россия турибди”¸ деб гап уқтираëтгани кўрилади.

Украина матбуотининг ëзишича¸ фош бўлиб¸ ЕХҲТ сафидан ҳайдалган Удовиченко¸ жўнаб кетиш арафасида журналистларга қарата:

“Хавотир олманглар. Суриядаги яна озгина урушайлик Украинага қайтамиз”¸ деган.

Ҳозирча Москва расмийлари дипломатик шов-шувга сабаб бўлаëтган бу воқеа юзасидан лом-мим демади.

XS
SM
MD
LG