Линклар

Тошкент расмийларининг ҳисоб беришларида¸ 2015 йилнинг 9 ойи ичида хориждан қайтган меҳнат муҳожирларининг 186 минг нафари иш билан таъминланган. Россия ва Қозоғистондаги топгани муҳожирлик азобига арзимай қолганидан ватанига қанча ўзбек қайтдию¸ улар Ўзбекистонда нима иш қилиб кун кўрмоқда? 2 ноябрь¸ душанба куни Тошкент вақти билан кечки 7 да бошланадиган жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

Ўзбекистондаги ярим расмий Интернет нашрларининг ëзишича¸ 28 октябрь куни “Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилган.

Анжуманда вазирликнинг Бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Эркин Авезов “Иш ўринлари ташкил ташкил этиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш” дастурининг 2015 йилги ижроси ҳақида ҳисоб берган.

Авезов келтирган расмий рақамларга кўра¸ 2015 йилнинг 9 ойи ичида Ўзбекистон бўйича жами 748 минг иш ўрни ташкил этилиб, дастур 101 фоизга бажарилган.

Шу давра ичида¸ хусусан¸ “четдан қайтган меҳнат мигрантларидан 186 минг нафари” иш билан таъминланган.

Ҳисоботда¸ табиийки¸ Тошкент расмийси хориждан қайтган меҳнат муҳожирига берилган ишларнинг нима экани¸ бу ишлар учун ўртача қанча маош тўланиши ҳақида гапирмаган.

Россия¸ унинг ортидан¸ Қозоғистонда бошланган иқтисодий қийинчиликлар¸ хусусан молиявий бўҳрон ортидан Россиядаги ўзбекистонликларнинг 40 фоизга яқини бу мамлакатдан чиқиб кетгани айтилди.

Хўш¸ йиллар давомида оиласини Россияда топган даромади билан боқиб келган бу муҳожирлар Россия¸ қолаверса¸ Қозоғистондан қаерга кетди?

Уларнинг қанчаси Ўзбекистонга қайтди?

Қайтганлар ўзи ва оиласини нима иш қилиб боқмоқда?

Қайтиб¸ Россияда топган пулини дастмоя сифатида ишлатиб¸ ўзини ўзи иш билан таъминлаганлар қанчаю¸ қолган-қутган даромадини ҳам еб бўлиб¸ ишсиз юрганлар қанча?

2 ноябрь¸ душанба куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар бу саволларга жавобларингизни Озодликнинг Skype манзиллари орқали жонли мулоқотда ўртоқлашинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG