Линклар

Самарқандда АҚШ-Марказий Осиё ҳамкорлик декларацияси имзоланди


Президент Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Абулазиз Комилов АҚШ давлат котиби Жон Керрини Самарқандда кутиб олмоқда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари Самарқанд учрашувида қўшма декларацияни имзолади ва ҳамкорликнинг янги “Беш плюс бир” (С5+1) форматини шакллантирди.

Ташқи ишлар вазирлари 1 ноябрь куни Самарқандда имзолаган ҳужжатда, томонлар кенг қамровли ҳамкорлик қилиш ниятида экани, жумладан, одам ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашни, Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш қайд этилган.

Жон Керри Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирларини Вашингтон минтақа давлатлари ҳукуматларининг Афғонистон бўйича хавотирларига шерик эканига инонтирди.

Самарқанд учрашувидан сўнг Жон Керри якшанаба куни кечқурун Астанага жўнаб кетди. Бу ерда у президлент Нурсултон Назарбоев билан учрашиши кутилмоқда. Жон Керри 31 октябрда Марказий Осиё сафарини Қирғизистондан бошлаган эди.

XS
SM
MD
LG