Линклар

logo-print

"Ал-Қоида" террор гуруҳининг етакчиси Айман Завоҳирий дунёдаги жангариларни Ғарб ва Россияга қарши жиҳодда бирлашишга чақирди. Суриядаги икки ўзбек жангари гуруҳидан бири бўлган "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи эса "Ал-Қойда"га қўшилганини билдирди. Айни пайтда, "Ал-Қойда" ва "Исломий Давлат" бирлашуви эҳтимолидан хавотирлар кучаймоқда.

Завоҳирий дунё мусулмонларига мурожаат қилди

Якшанба куни Интернет тармоғида тарқатилган мурожаатда Завоҳирий: "Америкаликлар, россияликлар, эронликлар, алавийлар ва Ҳизбуллоҳ ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда бизга қарши урушаяпти - бундай пайтда биз ўзаро нифоқларни тўхтатиб, бор кучимизни уларга қарши йўналтиришга қодир эмасмизми?" дея савол ташлади.

Якшанба куни тарқалган аудео баёнотнинг қачон ёзиб олингани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Аммо, бу галги чақириғида "Ал-Қоида" етакчиси дунё мужоҳидларини Россияга қарши бирлашувга чақиргани боис, унинг шу йил 30 сентябрдан сўнг ёзилгани кўринмоқда.

Ваҳоланки, сентябрь ойидаги баёнотида Айман Завоҳирий "Исломий Давлат" (ИД) гуруҳи ва унинг етакчиси Абу Бакр Бағдодийни тан олмаслигини билдирган, аммо ўз жангариларининг Ғарб ва Россияга қарши курашда ИД билан бир сафда туришини билдирган эди:

"Шарқий Туркистондан Марокашга қадар ҳудудлардаги мужоҳидларимизнинг бирлашиши ўзимизга боғлиқ", деган эди бир ой аввалги мурожаати "Ал-Қоида" етакчиси.

Ўзбек жангариларидан "Ал-Қоида"га байъат

Айман Завоҳирийнинг сентябрь ойидаги баёнотидан бир ой ўтиб, Сурияда президент Башар Ассад армиясига қарши жанг қилаётган "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи "Ал-Қоида"га қўшилганини эълон қилди.

Гуруҳ етакчиси Абу Салоҳ баёнотида Завоҳирийнинг иддаолари қарийб тўлиқ такрорланди:

"Иншаоллоҳ, сафларни бир қилишлик юзасидан ва янада мужоҳидларнинг кучини кўпайтиришлик юзасидан биз "Ал-Қойда" жамоатига шўъро аҳли билан келишган ҳолда бир овоздан байъат бердик", дея мурожаат қилди ўз жамоатига Абу Салоҳ.

Бунга қадар "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи "Жабҳатан Нусра"га байъатини эълон қилган эди. Буни ҳам эслатган Абу Салоҳ байъат шартларидан бири - "Жабҳатан Нусра" раҳбари бўлган "Ал-Қоида"га бўйсуниш бўлгани, эндиликда ўзбеклар жамоати тўғридан-тўғри Завоҳирийга бўйсунишини айтди:

"Бизга шайх ("Ал-Қоида" раҳбари - таҳр.) ваъда қилдиларки, бундан кейинги жангимиз Дамашқда бўлади, ундан дарҳол Фаластинга йўл оламиз! Ўшанда бизни қўллаб-қувватлашади...фитнага тушяпти деёлмай қолишади...," дея ўз жамоатига мурожаат қилади Абу Салоҳ.

"Шайх Абу Қатода Фаластинийдан маслаҳат"

Суриядаги икки йирик ўзбек жангари гуруҳидан бири бўлган "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи раҳбари "Ал-Қоида"га қўшилишдан аввал аҳли-илмларга маслаҳат солганини алоҳида таъкидлайди:

"Биз бундан олдин аҳли илмлар, қўмондонлар билан маслаҳатлашдик. Шайх Абу Қатода Фаластинийга хат ёздим: "Шундай иш қилсак, яхшими? Фойда ва зарар тарафларини тушунтириб беринг", деб ёзсам, шайхдан шунақа жавоб келдики: "Валлоҳий, қани эди сизнинг сафингизда бўлсам ва жиҳод қилсам! Сизнинг бирлашишингизда яхшиликдан бошқа нарса йўқ!" деган. Шу боис, биз бу жамоатга бирлашдик", дейди ўзбек жангарилари қўмондони Абу Салоҳ.

"Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи етакчиси унга маслаҳат берган "шайх Абу Қатода Фаластиний" ким ва қаерда экани ҳақида маълумот бермаган.

Аммо, халқаро матбуот ва дунё хавфсизлик кучларига айни номда маълум бўлган машҳур шахс бор. У асли фаластинлик Иордания фуқароси, "Ал-Қоида"га алоқадорликда гумон қилиниб, Буюк Британияда бир неча бор ҳибсга олинган ва озод қилинган Абу Қатода Фаластинийдир.

У 2013 йилнинг 7 июлида халқаро ташкилотлар босими остида Британиядан Иорданияга депортация қилинган ва у ерда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи етакчиси айнан шу шахсни назарда тутдими ёки бошқа бирини - бу ҳақда Озодликда ҳеч қандай маълумот йўқ.

"Ал-Қоида" ва "Исломий давлат" бирлашувидан хавотир

Келгусида бу икки террор гуруҳи ўртасида бирлашув эҳтимоли Яқин Шарқдаги вазиятни янада беқарорлаштириши мумкинлигидан жиддий хавотир бор.

Икки гуруҳ 2014 йилга қадар бир террор уюшмаси сифатида кўрилган. Аммо, 2014 йилнинг 3 февралида ўша кезда "Ироқ ва Шом ислом давлати", ҳозир эса "Исломий Давлат" деб номини ўзгартирган гуруҳ "Ал-Қоида" тармоғидан чиқишини эълон қилганди.

Орадан бироз ўтиб - 2014 йилнинг 29 июнида бу гуруҳ Ироқ ва Суриянинг бир қисмида ҳалифалик эълон қилди.

Ҳозирда ИД таркибидаги жангарилар сони, турли манбаларда, халифалик ичида 200 мингдан 31 минг нафарга қадар, ташқарисида эса 57 минг нафарга қадар, дея тахмин қилинади.

"Ал-Қоида" таркибидаги жангарилар сони эса дунё бўйлаб 19 мингдан 27 минг нафарга қадар, деган тахминий маълумотлар мавжуд.

Тарғиботга ўч етакчи

"Тавҳид ва Жиҳод" Сурия ҳудудида 2014 йилдан буён алоҳида гуруҳ сифатида президент Ассадга армиясига қарши курашиб келаётганини иддао қилган ўзбек жангарилари жамоатидир.

Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангари гуруҳи етакчиси Абу Салоҳ, сурат Ютубдан олинган. 2015, 19 сентябрдаги видео.

Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангари гуруҳи етакчиси Абу Салоҳ, сурат Ютубдан олинган. 2015, 19 сентябрдаги видео.

2014 йилнинг декабрь ойида Интернетда алоҳида саҳифа очган ва ўз логосини ҳам эълон қилган бу катиба тармоқда ўзбекларни жиҳодга даъват қилиб келаётган фаол жангари гуруҳлардан биридир.

Унинг етакчиси эканини даъво қиладиган Абу Салоҳ Ўзбекий исмли жангари ҳақида эса маълумот оз. Шу кунга қадар Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали боғланган ўзбек жангарилари Абу Салоҳнинг қаттиққўл эканини айтганлар.

У ижтимоий тармоқларда бир жанг майдони, бир "Жабҳатан Нусра" байроғи ёнида бўй кўрсатиб тушган видеоларини тез-тез эълон қилади.

Ҳозирча "Тавҳид ва Жиҳод" катибасида жами нечта жангари борлиги ва уларнинг қанча ўзбек экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

The Long War Journal таҳлилчиси Калиб Вэйс "Тавҳид ва Жиҳод"катибаси илк бор 2014 йилнинг 28 декабрида YouTube тармоғига видео илгач, минтақани кузатаётган таҳлилчилар диққатини ўзига тортганини ёзади. Унинг ёзишича, аввалига "Жабҳатан Нусра" сафида жанг қилиб юрган ўзбеклар кейинчалик алоҳида жамоатга бирлашиб, Абу Салоҳ етакчилигида "Тавҳид ва Жиҳод" катибасини тузган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG