Линклар

logo-print

2 ноябр куни эрталаб Россиянинг Домодедово аэропортида Туркияга чиқиб кетаётган 24 ёшли ўзбекистонлик Раҳматуллоҳ Абдусатторов ҳибс этилди. Траспорт прокуратураси Москва метросида пайвандчи бўлиб ишлаб келган Раҳматуллоҳ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан халқаро қидирувга берилгани сабабли Россия Чегара хизмати ходимлари томонидан тўхтатилганини гапирмоқда. Муҳожирнинг ўзи эса унга қўйилган айбловларни рад этди.

Москва шаҳрининг Домодедово аэропорти чегарачилари 2 ноябр куни эрталаб Туркияга учиб чиқмоқчи бўлган 1991 йилда туғилган фарғоналик Раҳматуллоҳ Абдусатторовни учоққа чиқармасдан, ушлаб қолди.

Бу хабарни Озодликка Домодедово аэропорти транспортдаги полиция бўлими навбатчиси Лаптев тасдиқлаб:

- Раҳматуллоҳми? Ҳа, ушлаб қолинди. У федерал қидирувда экан –бирор ортиқча маълумот беришга ҳаққим йўқ. У билан прокуратура -Москва Минтақалараро транспорт прокуратураси шуғулланади, - деди.

Москва Минтақалараро транспорт прокуратурасида эса аэропортда ҳибс этилган ўзбекистонлик муҳожир ишини қабул қилишгани, эндиликда Ўзбекистондан юборилган сўровнома синчковлик билан ўрганилишини билдиришди.

- Ҳаво ва сув транспортида қонунларнинг бажаралиши устидан назорат қилиш прокуратурасига мурожаат қилинг – аэропортдаги йигит билан айнан ўшалар шуғулланяпти. Текширув процедураси узоқ вақтга чўзилиши мумкин, ҳар бир вазият алоҳида ўрганилади. Агарда текширувга асос етарли бўлса, ўзбекистонлик йигитнинг иши ҳам экстрадиция текширувидан ўтади, албатта, деди Москва транспорт прокурори ёрдамчиси Лела Квициани.

Ҳисбхонада қўлига кишан солинаётган пайтда Озодлик билан алоқага чиққан Раҳматуллоҳнинг ўзи ҳодиса тафсилотларини гапириб берди.

У Москвада сўнгги вақтларда ҳукм сураётган иқтисодий инқироз туфайли иш жойида етарли ҳақ ололмаётгани боис Туркияга йўл олганини гапириб берди.

- Мен Раҳматуллоҳ! Ҳозир қўлимга наручник тақишди – умримда биринчи маротаба. Аэропорт отделениесидаман, изоляторга олиб кетамиз дейишяпти.
- Нимада айблашяпти сизни?
- 159-ми, 259-ми, шунақа кўп статьяларни қўйиб ташлашган. У статьяларни мен билмайман, унақа ишларни мен умуман қилмаганман! Келганимга бу ерга 3 йил бўлди, розискка эса мана шу йилнинг январида ўзимизнинг Олтиариқдан беришибди. Мен “Жўнатманглар, Россияни ўзида суд қилинглар. Мен Ўзбекистонга бормайман”, дедим. Оилам намоз ўқишади, тўғрисини айтсам - мен доимо ўқимайман,
деди Ўзбекистон милицияси унга қўйган айбловларни рад этган ўзбек муҳожири.

24 ёшли Раҳматуллоҳ Абдусатторов бунгача 3 йил давомида Москва мерополитени қўрилишида пайвандчи бўлиб ишлаб келгани маълум бўлди.

У Россияда доллар нархининг кескин ошиб кетгани рублда ҳақ олишни бефойда қилиб қўяётганини айтди. Раҳматуллоҳнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда ҳатто ўша оз маош ҳам метрони қурувчи компания томонидан анча кечиктиришлар билан берилаётир.

Суҳбатдош отаси намозхон сифатида маҳаллий “учётда” тургани учун ўзи ҳам терговга тортилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди:

- Яқинда таниш бўлган болларни ичкарига олиб кириб қўйишибди, деган хабар келди. Улар менинг шунчаки танишларим эди, футбол ўйнардик... Дадам ҳам ҳар хил тухматлар билан учётга қўйилган бўлганлар. Ўшанинг учун, кимнинг отаси назоратда бўлса ўғлини ҳам айблашади-ку, дея ўшлангани сабабларини англашга уринаётганини тушунтирган Раҳматуллоҳ Абдусатторов.

Ўзбекистонлик маҳбус ҳозирда Москва шаҳар тергов изоляторларидан бирига жойлаштирилди. 3 ноябр куни маҳаллий суд уни экстрадиция тергови якунига қадар ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқариши кутилмоқда.

Озодлик фарғоналик Раҳматуллоҳ Абдусатторов ишини кузатиб, хабар бериб боради.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган яна бир нечта ўзбек муҳожири Россияда ушлангани хабар қилинди.

Хусусан, 26 октябр куни Уфа аэропортида “Уфа-Тошкент” йўналиши бўйича учаётган ўзбекистонлик алимент тўлашдан бош тортгани учун 2013 йилдан буён қидирувда бўлгани сабабли ҳибс этилди. Ҳозирда уни экстрадиция қилиш масаласи қўриб чиқилмоқда.

Жорий йилнинг 23 октябр куни Домодедово аэропортида Бухоро вилояти Пешкў тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан халқаро қидирувга берилган 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўшланди. Чегарани ноқонуний кечиб ўтганликда айбланаётган бу муҳожир йигитнинг иши юзасидан ҳам экстрадиция текшируви кетаётгани маълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG