Линклар

logo-print

Япония бош вазири Шинзо Абе ўтган ҳафтада Марказий Осиёга расмий ташриф билан келди.

Бу ташриф тарихий аҳамиятга эга, сабаби бундан аввал ҳеч бир япон бош вазири барча Марказий Осиё давлатларига сафар қилмаган эди.

Ташриф яна рамзий аҳамиятга ҳам эга, чунки Япония узоқ йиллардан бери Марказий Осиёга сармоя ётқизиб келади.

Бош вазир Абенинг ташрифи марказий осиёликларга Япония сўнгги 25 йил давомида уларга ёрдам бериб келаётганини эслатди.

Бу кутилмаган ташриф бўлди, сабаби Абе Марказий Осиё рамсийлари билан миллиардлаб доллар қийматга эга шартномалар имзолашни муҳокама қилди.

Абенинг сафари Япониянинг Марказий Осиёдаги таъсири ошиб бораётгани ёки бормаётгани ҳақида савол туғдиради.

Япония Марказий Осиё ресурсларидан фойдаланмоқчи ва бу мамлакатлар билан битим имзолаш бўйича юзага келган “рақобат”да иштирок этмоқчими? Япониянинг нияти нима? Агар Япония чиндан бу ҳудудга кўпроқ эътибор бериш истагида бўлса, марказий осиёликлар бундан қандай фойда ёки зиён кўради?

Озодлик радиоси туркман хизмати шу ва Абенинг Марказий Осиёга қилган ташрифи бўйича бошқа саволларга жавоб излаш учун давра суҳбати уюштирди.

Озодлик радиоси туркман хизмати директори Муҳаммад Тоҳир давра суҳбатига етакчилик қилди. Суҳбатда Москвадан Financial Times газетаси учун бошқа мамлакатлар билан бир қаторда Россия ва Марказий Осиё ҳақида мақола ёзувчи мухбир Жек Фарчи иштирок этди. Токиодан эса Япониянинг Марказий Осиё билан алоқаси ҳақида бир неча мақола муаллифи ва яқинда нашрдан чиқадиган “Япония Марказий Осиёда” китоби муаллифи, Цукуба университети адъюнкт-профессори Тимур Дадабоев қўшилди. Мен Прагадаги студияда туриб суҳбатда иштирок этдим.

Дадабоев сўзини Абе Марказий Осиёга тўрт мақсадга эришиш учун сафар қилганини айтишдан бошлади. Унга кўра, бош вазирнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат бўлган:

“Марказий Осиёда япон бизнес жамиятининг мартабасини ошириш, Марказий Осиё мамлакатларининг япон ширкатларига буюртмаларини олиш, ҳудудда Япониянинг юмшоқ таъсирини ошириш ҳамда Япония 24 йилдан ошиқ вақтдан бери кўрсатиб келаётган гуманитар ёрдамни узайтириш”.

Куни кеча Фарчи яна бир мутахассис билан Абенинг ташрифи ҳақида мақола ёзди.

Фарчининг айтишича, Япония бош вазирининг бундай мисли кўрилмаган ташрифига Хитой туртки бўлган. Фарчи Марказий Осиёда ва бошқа мамлакатларда “Хитойнинг бир неча йил олдин эълон қилинган “Ипак йўли” сиёсати бу йил анча фаоллашди ва япон ширкатлари хитойлик рақибларига шартномаларни қўлдан бой бера бошлади”, деди.

Фарчининг айтишича, Хитойнинг Ўрта Осиёга ётқизаётган йирик сармоялари қисман бўлса-да бош вазир Абени Туркманистонда 18 миллиард доллар, Ўзбекистонда эса 8,5 миллиард доллар қийматга эга битимларни таклиф қилишга ундаган.

“Хитой бу ерда жуда катта маблағ сарфлашга тайёр. Бу бўлса хитой ширкатлари барча шартномаларни, Япония ўзини мутахассис деб ҳисоблаган соҳаларда, яъни, инфратузилма ва технология хизматлари бўйича шартномаларни қўлга киритишига йўл очиб беради. Шунинг учун Япония бунинг олдини олиш мақсадида сиёсий чора кўраётганини кузатяпмиз”, деди Фарчи.

Давра суҳбати иштирокчилари Япониянинг Марказий Осиёда сиёсий эмас, балки иқтисодий мақсадларни кўзлаши ҳақида бир хил фикр билдиришди.

Дадабоев “Ташаббуснинг асосий мақсадини ва ташриф давомида имзоланган ҳужжатлар тизимини кўриб чиқсангиз, Япониянинг Марказий Осиёдаги ташқи ишлар сиёсати кун тартибида иқтисод асосий ўринни эгаллаши ошкор бўлади”, деди.

Фарчи ҳам Япония Марказий Осиёда иқтисодий мақсадларни кўзлашини айтди. “Мен Япония Россия каби янги сиёсий куч бўлишни истайди, деб ўламайман. Хитойда ҳам бундай ният бўлмаса керак. Менимча асосий қизиқиш бизнес ва иқтисод билан боғлиқдир”, деди у.

Аммо Япония ҳозир Марказий Осиёга кўрсатаётган иқтисодий қизиқиш Токионинг ҳудуддаги асосий мақсади фақат шундан иборат, дегани эмас. Мамлакат Марказий Осиёда сиёсий мақсадларни ҳам кўзлаши учун йўл очиқ. Дадабоев “Марказий Осиё Япония империализмини бошдан кечирмаган жуда оз Осиё ҳудудларидан биридир. Бундай тарих Япония учун Марказий Осиё билан ҳамкорлик қилишни осонлаштиради”, деди.

Япония “юмшоқ куч” атамаси ўйлаб топилишидан аввал Марказий Осиёда ўзининг юмшоқ кучини кўрсатиб келган. Япония ҳукумати тоза сув ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини қўллаб келади, мактаблар қуришни молиялаштириб келади, соғлиқни сақлаш тизимлари, йўллар, электр токи тармоқлари ва Марказий Осиё инфратузилмасининг бошқа томонларини яхшилаш учун пул ажратиб келади. Масалан, Тожикстонга қилган ташрифи давомида Абе чигирткалар билан курашишда ёрдам беришни таклиф қилди. Кейинги йилларда бу зараркунандалар Тожикистонда катта муаммога айланган.

Дадабоев Япониянинг Марказий Осиёдаги сиёсати муваффақиятли эканлигини айтиб, нима учун марказий осиёликлар Японияни хуш кўришини изоҳлаб берди. “Ташқи ишлар вазирлиги ташриф олдидан беш Марказий Осиё мамлакатида аҳолининг турли мамлакатларга бўлган муносабатини ўрганиш учун сўров ўтказди. Сўровда қатнашганлар Японияга ижобий баҳо берди. Бу бўлса Япония обрўсини кўтаради ва ҳудудда иш олиб боришини янада осонлаштиради”.

Давра суҳбати давомида Япониянинг ҳудуддаги таъсири ошса, Марказий Осиёда ўз таъсирига эга бошқа мамлакатлар ўртасидаги мувозанатни сақлаш қийинлашиши мумкинлиги ҳақида савол туғилди. Фарчи Япония Марказий Осиёда фаоллашса, ҳудуд аҳолиси бундан фойда кўришини айтди. “Менимча, Марказий Осиё нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу мамлакатлар, уларнинг етакчилари ва элиталари қўлларидан келганча уларнинг эътиборини қозонишни истаганлар ўртасидаги рақобатни кучайтиришни истайдилар, сабаби рақобат қанча кучли бўлса, улар муҳокама қилинаётган битимлар бўйича шунча яхши шартларни қўлга киритадилар”.

Борган сари Хитойдан қарзи ошиб бораётган Марказий Осиё ҳукуматлари учун яна бир лойиҳа молияловчиси жуда қўл келади.

Абе ташрифидан аввал Human Rights Watch ташкилоти бош вазирни ўз ташрифи давомида бу ҳудуддаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи бўйича хавотирларни ўртага ташлашга чақирди. Аммо Абе бундай қилмади. Дадабоев бунга инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурматга ва демократик принципларга амал қилишга эришиш йўллари ҳақида Япония бошқача қарашга эга эканлиги сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. “Бош вазир ташрифи давомида бу мавзуга эътибор қаратмади, чунки унинг назарида иқтисод ва ривожланиш лойиҳалари ҳам инсонлар хавфсизлигининг бир қисми бўлиб, улар ҳам инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқдир”.

Брюс Панниер лавҳаси ўзбекчага Озодлик жамоаси томонидан таржима қилинди

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG