Линклар

АҚШ Керри ва Каримов учрашувидан қувилган журналист масаласида изоҳ берди


Журналист Кэрол Морелло хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳайдаб чиқарилаётган пайт.

Журналист Кэрол Морелло хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳайдаб чиқарилаётган пайт.

АҚШ Давлат департаменти 2 ноябрда тарқатган баёнотида айтилишича, якшанба куни Самарқандда Жон Керри ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримов учрашуви чоғида савол беришга ҳаракат қилган журналистларнинг бинодан ҳайдаб чиқарилиши воқеаси юзасидан текширув ўтказилади.

Reuters ахборот агентлигининг билдиришича, 2 ноябрь куни Давлат департаментининг матбуот бўлими раҳбари Элизабет Трюдо Вашингтонда журналистлар билан ўтган мулоқоти чоғида расмийлар Самарқандда журналистлар билан бўлиб ўтган воқега нисбатан нуқтаи назарини қайта кўриб чиқишини маълум қилди.

Унга кўра, журналистлар ҳайдаб чиқарилиши ортидан Давлат департаменти хавфсизлик хизмати агентларининг фаолиятига ўзгартиришлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқади.

“Одамларни (журналистларни) фотосессия якунланиши билан залдан чиқара бошлашди. Биз бу инцидентни ўрганаяпмиз. Биз бу масалага жиддий қараяпмиз”, деди Элизабет Трюдо,

1 ноябрь куни Самарқандда Жон Керрининг Ислом Каримов билан учрашуви чоғида Washington Post газетаси мухбири Кэрол Морелло Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида савол беришга ҳаракат қилган, бироқ хавфсизлик хизмати ходимлари журналистни учрашув жойидан чиқариб юборган эди.

Интернет тармоқларида тарқатилган видеода журналист Кэрол Морелло президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича Қўшма Штатлар танқидига муносабатини билмоқчи бўлгани акс этган.

Журналист Ислом Каримовга мурожаат қилиб: “Жаноб президент, сиз Америка матбуоти саволига жавоб бера оласизми?” деб сўраган.

Ўзбекистон президенти ўзини бу саволни эшитмаганга солган. Бироқ Керри саволга жавоб беришни бошлаган пайтда АҚШ ва Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари Кэрол Мореллони учрашув бўлаётган залдан ҳайдаб чиқара бошлаган. Видеода кадр ортидан инглиз тилида американча акцентда айтилган “Йўқ. Уни чиқариб юборинглар”, деган овоз эшитилади.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматини пахтазорларда аҳолини мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлигини таъминланмагани учун мунтазам танқид қилиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати эса бу танқидларни инкор этиб, мамлакатда бу каби муаммолар йўқлигини таъкидлаб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG