Линклар

Туркиялик сайловчилар Эрдўғондан барқарорлик кутмоқда


1 ноябрь куни ўтказилган сайловда AKP мутлақ ғалабага эришиб, якка ўзи бир партияли ҳукумат тузиш ҳуқуқини қўлга киритди.

1 ноябрь куни ўтказилган сайловда AKP мутлақ ғалабага эришиб, якка ўзи бир партияли ҳукумат тузиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Беш ой аввал Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг AK партияси (Aдолат ва тараққиёт партияси) ҳукумат тузиш учун етарли овоз тўплай олмади, коалиция тузиш бўйича музокаралар бўлса барча тарафга маъқул келадиган келишувга олиб келмади. 1 ноябрь куни ўтказилган сайловда эса AKP мутлақ ғалабага эришиб, якка ўзи бир партияли ҳукумат тузиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Сўнгги 13 йил давомида Эрдўғон бош вазир (2003 – 14) ҳамда президент (2014 – бугунга қадар) лавозимларида ишлаб келмоқда.

Бу даврда у ўзининг ўзгарувчанлиги билан ном чиқарди.

Ўзгармай келаётган ягона нарса парламент ва президентлик сайловларида унинг партиясининг ғалаба қозонишидир.

Аммо июнь ойида бўлиб ўтган парламент сайловида AKP ғалаба қозонган бўлса-да, парламентда мутлақ кўпчилик ўринни эгаллай олмаганидан кейин бу ҳам ўзгарди.

Ўша пайтда Эрдўғон ва унинг партиясига берилган баҳолар яхши эмас эди.

Сайловчилар Эрдўғоннинг Конституцияни ўзгартириб, парламент тизими ўрнига АҚШ ёки Франциядагидек президентлик тизимини таъсис қилиш режасани қўлламасликларини изҳор қилишди.

Эрдўғон бундай тизимни яратиб, унинг биринчи президенти бўлиш истагини ҳеч қачон яширмаган бўлса-да, яна бир марта кутилмаган қарорга келди ва бу фикрдан қайтди.

Сабоқ бўлдими?

Июнда ҳафсаласи пир бўлган Эрдўғон ўзини ўз тасаввуридаги президентдек эмас, балки анъанавий Туркия президентидек тута бошлади.

14 йилдан бери етакчилик қилиб келаётган партияси учун доим тарғибот қилиб келган Эрдўғон бу сафар сайлов кампаниясида озроқ иштирок этди.

Мутахассислар бу Эрдўғон ўзининг кичрайтирилган ролига мослашаётганидан дарак беришини айтишмоқда.

Сиёсий таҳлилчилар фикрича, Эрдўғоннинг бу қарори AKP июндаги сайловда қўлдан бой берган ўринларни 1 ноябрда қайтариб олишига туртки бўлган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, туркиялик сайловчилар ўзларини хавф-хатар остида ҳис қилаётган бир пайтда Эрдўғоннинг кучли, лекин жанжалкаш феъл-атвори унга қўл келмоқда.

Курдларнинг айирмачилик уруши хавфини ҳамда Туркиянинг Сурия ва Ироқ билан чегарасида “Исломий давлат” ҳамда курд жангчилари ҳужумлари ошиб бориши хавфини ҳис қилган Эрдўғон мамлакатни барқарорлик билан таъминлай оладиган сиёсатчи ўлароқ гавдалана бошлади.

Эндиликда Эрдўғон ҳукуматни бир ўзи бошқара оладиган ва қайта тикланган партия екатчиси ўлароқ сиёсий вазият фикрини ўзгартиришга мажбур қилиши олдидан кўзлаган мақсадларига қайтиш-қайтмаслиги ҳақида савол туғилади.

Эрдўғон икки йил давомида Туркияда ман қилинган Курдистон ишчилар партияси (PKK) билан муросага келиш учун музокаралар олиб борди.

Аммо АҚШ ва Европа Иттифоқи террорист ташкилот деб тан олган PKK 2015 йилнинг баҳорида Туркияда мамлакат армиясига қарши амалиётларини қайта тиклади ва ҳатто ҳужумларини жадаллаштирди.

Кейинги ойларда “Исломий давлат” гуруҳининг Туркия ичида амалга ошираётган қонли ҳужумлари сони ҳам ошди.

Туркия Сурия президенти Башар ал-Ассад ҳукуматини ағдариш учун курашаётган мухолиф гуруҳларни қўллайди.

Бу гуруҳларни яна Саудия Арабистони ҳам дастакламоқда.

Аксар кузатувчилар Ар-Риёд ва Анқара Ассадга қарши янги ҳарбий ҳужум уюштириш учун куч бирлаштириши мумкинлигини айтишмоқда.

Сурия шимолидаги асосий курд жангари гуруҳ ҳисобланмиш Демократик бирлик партияси (PYD) Туркиянинг энг катта душмани бўлмиш PKKнинг иттифоқчисидир.

Айримлар ҳатто PYDни PKKнинг тармоғи деб ҳисоблайди.

Amnesty International ташкилотига кўра, PYD “Исломий давлат” жангарилари билан курашар экан, шимолий Сурияда суриялик туркман ва араб шаҳар-қишлоқларни йўқ қилишга уриниб келмоқда.

Туркиянинг ички душмани бўлмиш PKK ҳамда унинг миллий мақсадларини эътиборга оладиган бўлсак, Туркия PYD Сурия билан чегара яқинида қўлга киритган ҳарбий ютуқлардан катта хавотирда.

Анқара PYD ҳаракатлари “шимолий Ироқдан Ўрта денгизгача” бўлган ҳудуд курдлар қўлига ўтишини хоҳлайди, деб ҳисоблайди. Эрдўғон ва

Туркия армияси эса бунга йўл қўймасликни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Эрдўғон бу муаммони ҳал қилишнинг энг яхши йўли шимолий Сурияга ҳужум қилиб, ҳудудни ҳам “Исломий давлат”дан, ҳам курд жангарилардан озод қилиш, деб ҳисоблашини ошкора айтган.

Эрдўғон партияси сайловда эришган 50 фоиз овоз бундай вазиятда турклар кучли, барқарор ва ўзига ишонувчи ҳукуматни кучсиз, ҳукуматни бошқаришга янги бўлган ҳамда қайси йўлдан боришни аниқ билмаган ҳукуматдан афзал кўришини кўрсатди.

Туркия ҳукумати олдида қийинчиликлар кўп. Иқтисод оқсоқламоқда. Июнда ўтказилган сайловдан бери Туркия экспортлари қиймати 1,5 миллиард долларга қисқарди.

Туркия пул бирлиги лира эса долларга нисбатан қадрсизланиб бормоқда. Бу эса иқтисодда ноаниқликнинг ошишига ва маошларнинг озайишига олиб келади.

Ҳозир Туркияда 2 миллиондан ошиқ суриялик қочқин бор. Суриядаги бўҳрон бошланганидан бери Туркия иқтисоди шу кунгача 6 миллиард доллардан ошиқ маблағ йўқотди.

Туркия ҳукумати ва унинг курд душмани келишувга эриша олгани йўқ. Мамлакат жанубидаги қўшни давлатлардаги конфликтларнинг Туркияга янада кўпроқ кириб бориш хавфи бор.

Эрдўғон ба унинг АКК партияси сайловчилар қўлловига эришган бўлса-да, қаттиқкўл ва авторитар деб баҳоланишдан эҳтиёт бўлиши керак.

Сайловдан олдин Эрдўғоннинг социал-демократ ва курд рақиблари 1 ноябрь кунига белгиланган сайловни “диктаторликдан олдинги охирги сайлов” ўлароқ баҳолашди.

Туркиялик сайловчиларнинг ярмидан кўпи барқарорлик ва давомийликни истайди. Аммо июнь ойида кўрсатишганидек, улар учун муайян чегаралар мавжуд.

Озодлик/Озод Европа радиоси мухбири Аббос Жаводий мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG