Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:10

Жиззахда Жигули портлашида бир одам ўлди


Ўзбекистонда газ баллонли машиналарнинг портлаши тез-тез учрамоқда
Ўзбекистонда газ баллонли машиналарнинг портлаши тез-тез учрамоқда

Жиззах вилояти Пахтакор туманида автомобилларга газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлашда бир киши ҳалок бўлди. Портлаш газ ўрнатилган Жигули машинасида содир бўлган. Пахтакордан олинган маълумотга кўра, портлаш оқибатида автомобиль ҳайдовчиси машинадан узоқда бўлгани учун унга ҳеч қандай талафот етмаган, лекин машина бўлаги бошқа бир ҳайдовчининг бел қисмини узиб ташлаган.

Бир ҳафта олдин бўлган ушбу воқеа ҳақидаги хабар Озодликка 3 ноябрь куни етиб келди. Портлаш Жиззахнинг Пахтакор тумани Ғалаба маҳалласида жойлашган “Пахтакор-Мингчинор” масъулияти чекланган жамиятга қарашли газ қуйиш шохобчасида содир бўлган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор пахтакорлик манбага кўра, портлаш оқибатида 30 яшар Жамшид исмли йигит ҳалок бўлган:

“Портлаш 26 октябрь куни тушдан сўнг содир бўлган. Тахминан соат 17:30 билан 17:40лар ўртасида содир бўлган. Жамшид ҳам ўша пайтда машинасига газ қуйиш учун заправкага борган экан. Портлаш пайти машинанинг катта бир бўлаги Жамишиднинг белини узиб ўтган”, деди исмини очиқламасликни сўраган пахтакорлик манба.

Пахтакор туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ўша куни Жигули машинаси ҳайдовчиси газ қуйиш учун шохобчага борган ва у машинасига газ қуйиб, пулини тўлаш учун шохобча кассасига кетган пайти автомобиль портлаган:

“ВАЗ 2109 машинаси ҳайдовчиси касса ёнида бўлгани учун унга ҳеч қандай талафот етмаган. Лекин Жигули ёнидаги колонкада турган бошқа бир машина ҳайдовчисига осколка теккан. У 1985 йилнинг 17 июнь куни туғилган Ҳасанов Жамшид Қобилович бўлиб, у осколкадан олган жароҳати туфайли ҳалок бўлди”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси ўзини ошкор қилмаслик шарти билан.

Манбанинг айтишича, портлаш оқибатида шохобчада турган бир-иккита машинага шикаст етган, лекин одамлар орасида бошқа қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.

Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари портлаш сабабларини ўрганмоқда.

Ўзбекистонда кейинги йилларда кузатилаётган бензин тақчиллиги сабаб аксар ҳайдовчилар ўз машиналарига газ баллонлари ўрнатиб олаяпти.

Ўзбекистонда газ баллонли машиналарнинг портлаш ҳолатлари тез-тез рўй бериб туради. ​

Жумладан, жорий йил 1 октябрь куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида жойлашган автомобилларга метан гази қуйиш шохобчасида Нексия автомобилининг портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлган.

Газ баллони портлаши билан боғлиқ Тошкентдаги энг даҳшатли ҳодиса ўтган йил сентябрь ойида Қўйлиқ бозори яқинида рўй берганди.

Ўшанда Нексияга ўрнатилган газ баллони портлаган ва машинадаги тўрт киши ҳалок бўлган эди.

Айниқса газ баллони ўрнатилган машиналарнинг тўқнашуви кўп ҳолатда фожеали якун топади.

Андижон вилоятида юз берган бундай автоҳалокат оқибатида 18 киши ҳалок бўлганди. Воқеа гувоҳларига кўра¸ катта тезликда келаëтган учта автомобилнинг бир-бири билан тўқнашуви ва машиналардан бирига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида йўловчиларнинг бирортаси омон қолмаган.

XS
SM
MD
LG