Линклар

logo-print

A-321 учоғи ҳалокатига портлаш сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда


Учоқ парчаларида портлатгич излари топилмаган.

Учоқ парчаларида портлатгич излари топилмаган.

АҚШда сунъий йўлдош орқали олинган суратлар Россияга қаршли А-321 йўловчи учоғининг Мисрдаги ҳалокатига портлаш сабабчи бўлганини кўрсатди. АҚШ Мудофаа сохаси расмийларидан бири NBC каналига учоқда ё бомба ёда ёнилғи баки портлаган бўлиши мумкинлигини айтган.

“Биздаги маълумотлар ва суратлар учоқ бортида қандайдир портлаш содир бўлгани ва самолёт фюзелажи ердан анча баландликда бўлиниб кетганини кўрсатмоқда”, - деб айтган америкалик расмий NBC каналига.

АҚШ разведка маълумотлари учоқ “ташқи таъсир” оқибатида қулаган, деган аввалги иддаоларни четга суриб қўйди.

-Учоқ ракета билан уриб туширилганини асословчи ҳеч қанақа далиллар ҳозирча йўқ, - деб айтган америкалик расмий.

Аввалроқ, Исломий Давлат экстремист гуруҳи Россия учоғини уриб туширганини иддао қилиб чиққан эди.

АҚШ разведка расмийлари мулозимлари эса Россия учоғи ҳалокатини ҳозирча бирон террор амалига боғлаш учун далиллар йўқлиги, лекин бу фаразни буткул назардан соқит қилиб бўлмаслигини айтишмоқда.

АҚШдаги Stratfor таҳлилий маркази мутахасислари эса Мисрда Airbus A321 учоғи бортига портлатгич олиб ўтилган бўлиши мумкин, деган фаразларни илгари сурди.

Уларга кўра, Мисрнинг “Шарм ал Шайх” шаҳри аэропорти кучли хавфсизлик тизимига эга эмас ва у ерда учоқ бортига портлатгич олиб чиқиш катта куч талаб этмайди.

Лекин, учоқ парчаларида портлатгич излари ҳозирча топилган эмас.

Айни пайтда террорчилар кичик портлатгичлар воситасида улкан учоқларни қулатгани холатлари ҳам бўлганини айтишмоқда, америкалик мутахассислар.

31 октябрь куни тонгда Мисрнинг Қизил денгиз соҳилидаги “Шарм ал-Шайх” шаҳридан осмонга кўтарилган Россия учоғи 23 дақиқа ўтиб ҳалокатга учраганди.

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрига учган учоқ бортидаги 224 одамнинг барчаси ҳалок бўлган эди.

Учоқ ҳалокати сабабларини ўрганишга ва қидирув ишларига Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Росавиация мутахассислари жалб қилинган.

Айни амалиётда Airbus ширкати вакиллари, Миср ва Франция экспертлари ҳам иштирок этмоқда.

Ҳозирда учоқнинг қора қутилари ўрганилмоқда.

Россия ҳукумати ҳалокат сабаблари борасида ўз хулосасини эълон қилгани йўқ.

Кремль матбуот вакили Дмитрий Песков учоқ Исломий экстремистлар томонидан уриб туширилгани борасидаги хабарларни рад этди.

- Бу теракт бўлган, дейишга ҳозирча асослар йўқ, - дер экан Песков учоқ ҳалокатини Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларига боғламасликка чақирди.

XS
SM
MD
LG