Линклар

Россиянинг “Пулково” аэропорти полицияси Ўзбекистонга учаётган меҳнат муҳожирларидан меҳнат дафтарчалари ва рус тилини билиш тўғрисидаги сертификатни талаб қилмоқда. Озодликка бу ҳақда хабар қилган бир гуруҳ ўзбекистонлик полициячилар талаб қилинган ҳужжатларни тақдим эта олмаганларни рублда 5 минггача жаримага тортаётганини гапириб берди.

Россияда иш мавсуми тугаб, совуқ тушиши арафасида ўз юртларига қайтиб кетаётган меҳнат муҳожирлари кутилмаган қийинчиликларга дуч келмоқда.

Озодликка Санкт-Петербургдан қўнғироқ қилган бир гуруҳ ўзбекистонлик қурувчи “Пулково-1” аэропортида полиция ходимлари аэропорт биносига кириш жойида ғайриоддий талабларни қўяётганидан норозилигини билдирди.

Муҳожир йигитлардан бири туркларнинг “Реннесанс Констракшн” қурилиш фирмасида ишлаб қайтаётган 2 мингга яқин муҳожирдан полициячилар “тил билиши тўғрисидаги сертификат” ва “меҳнат дафтарчаси”ни кўрсатишни талаб қилмоқда, дейди:

- Бу ерда бизнинг қурилишимиз битиб қолди. Техникада ишлаймиз – трактирчи, эксткаваторшчик, крановшчик. Ҳаммамиз уйга қараб йўл олдик. 4 мингта одамдан 2 мингтаси кетяпти. Фирмамиз янги иш жой олса, бизни чақиради ва биз Ўзбекистондан қайтиб келамиз. Баъзилари вақтли, қолганлари кейинроқ кетмоқда. Аэропортда проблема бўляпти. Рус тилини билиши тўғрисидаги сертификат ва “трудовой книжка” сўраяпти. Бу ҳужжатлари бўлмаганларни 3-5 минг штраф соляпти. Давлат қонуни бўлса, нимага штрафни ҳаммага бир хил қилмайди? Ё бу ўзлари учунми?!,- деди исмини ошкор қилмасликни сўраган муҳожир.

Суҳбатдош жарима тўлаган ўзбекистонликлар рейсга чиқарилаётгани, тўлай олмаганларга 3 йиллик депортация муҳри босилаётганини ҳам айтди. У бу текширувлар “Пулково” аэропорти ичкарисида рейсга қайдга олиш жойлари ёнида турган оддий полиция ходимлари томонидан олиб борилаётганини қўшимча қилди.

- Паспортни кўряпти, ҳаммаси жойида эканини кўриб, документдан айб тополмасдан “Қани трудовой договоринг? Сен қаерда ишладинг?” дею шундан баҳона топяпти. Кейин трудовой книжка сўраяпти. Буларни ҳаққи борми трудовой книжка сўрашга? Озодликка ёзиб чиқинглар, ҳамма кўрсин- ўқисин қонуний-ноқонунийлигини, деди ўзбекистонлик ишчи.

Муҳожирларнинг аксар қисми депорт этилганлар рўйхатига киритилмаслик учун полиция ходимларига қаршилик кўрсатмасдан, ёзиб берилаётган жарималарни тўлаб кетаётгани айтилди.

Озодлик Пулково полиция ходимларининг бундай ғайриоддий талаблари сабабларини аниқлаш мақсадида Пулково Транспортдаги полиция бўлимига мурожаат қилди.

Ўзини бўлим бошлиғи муовини Александр Николаевич деб таништирган ходим бундай ҳодиса бўлиши мумкин эмаслигини гапиради. У аэропорт полиция ходимлари шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва, айрим ҳолларда, шубҳали кўринган фуқаро багажини текширишга ҳақли эканини айтади:

- Бу аниқ “Пулково” аэропортида бўляптими? Бу ерда ФМС, юкларни текширувчи хизмат, полиция, божхона хизмати мавжуд. Полициячи эканига ишончи комилми. Жуда қизиқ воқеа... Буни биз албатта ўрганиб, сизга текширув жавобини айтамиз, деди полиция расмийси.

Биз “Полиция ходимларининг тил билиш тўғрисидаги сертификат ва меҳнат дафтарчасини муҳожирлардан талаб қилиши қанчалик қонуний?”, деган саволни Россияда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари Валентина Чупикка бердик.

Аввалига полициячиларнинг бу ерда нима қилаётгани ва нимани текшираётганини аниқлаш зарур. Бирор жиноий ишни тергов қилаётган бўлса – марҳамат, тегишли ҳужжатни кўрсатиб, талаб қилаверсин. Улар нимани текшираётгани асослаб бера олмаса, кечирасизу, ноқонуний амал қилаётган бўлади ва уларга ҳеч ким ҳеч нимани кўрсатмасликка ҳақли. Бу оддий нацизм-ку! Улардан гувоҳномани талаб қилинг, кейин улар нимани қайси қоида асосида талаб қилаётганини тушунтириб берсин. Шунчаки “Проверка!” деб тушунтириш билан иш битмайди! Бундай ҳолатда полициянинг Ички назорат хизматига қўнғироқ қилиб “Жаноблар, мен полиция формасини кийиб олган қаллобни қўлга тутдим!” дея хабар қилсин. Одатда полициячиларнинг аксари ўзлари “Полиция тўғрисида”ги қонунни билишмайди, ўз ҳатти-ҳаракатларини тушунтириб бера олмайди, деди Валентина Чупик.

Озодлик полиция ёки бошқа назорат идоралари ходимлари томонидан турли ноқонуний талаблар қўйилаётганига гувоҳ бўлган муҳожирларни бу ҳақда хабар беришларини сўраб қолади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG