Линклар

Қаршида тергов пайтида гумонланувчига тўқмоқ тиққан милиционерлар қамалди


Хабар қилинаётган воқеага алоқаси йўқ иллюстратив сурат.

Хабар қилинаётган воқеага алоқаси йўқ иллюстратив сурат.

Қарши шаҳар милицияси бошлиғи муовини Акмал Қултоев ва ИИБ жиноят қидирув бўлимининг ўндан зиёд ходими, тергов пайтида гумонланувчига жиноятни бўйнига қўйиш учун, уни одам шаънини камситувчи ноинсоний усуллар билан қийноққа солганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари расмийларига кўра, милиция ходимлари гумонланувчини калтаклаб, орқасига резина дубинка тиқишган.

Ўзбекистон хавфсизлик идораларидаги Озодлик манбасининг айтишича, ҳозирда зўравон терговчилар ҳибсда сақланмоқда.

Улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг гумонланувчини асоссиз ҳибсда ушлаб туриш, қийноққа солиш, зўравонлик, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этиш ҳамда ҳизмат лавозимини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбланмоқда.

- Улар ўғирлик бўйича ёш болани ушлаб, уни калтаклашган, орқасига, кечирсизу, резина дубинкани тиқишган. Эртаси куни шу бола қийноққа солган милиция ходимлари устидан судга арз қилган, қийноққа солинганини тасдиқловчи экспертиза хулосаларини ҳам тақдим этган, - деди Ўзбекистон хавфсизлик идораларидаги манба.

Жабрланувчининг яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, зўравон милиция ходимлари ҳозир қамоққа олиниб, иши Муборак тумани судига оширилган.

Озодлик қариндошлари илтимосига кўра, жабрланувчининг исмини очиқламайди.

Муборак тумани судининг Озодлик боғланган расмийларидан бири зўравон терговчилар устидан маҳкама давом этаётганини айтди.

- Ўн бешта шахс булар. Шулардан ўн учтаси милиция ходими, иккитаси фуқаро. Қарши шаҳар милицияси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Акмал Қултоев, шунингдек Жиноят қидирув бўлими терговчилари Жасур Алимардонов ва Жаҳонгир Назаровлар ҳибсга олинган, - деди Муборак тумани суди ходими.

Милиция зобитларига қўйилаётган айбловлар тасдиқланса, улар 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистонда тергов жараёнидаги қийноқларга қарши кураш доирасида 2013 йилда “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди.

Тошкентдан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов қонун қабул қилинганидан икки йилдан ошиқроқ вақт ўтган бўлса-да тергов жараёнидаги қийноқлар ҳали тўхтамаганини айтади.

- Бу ўзи хўжа кўрсин қонун. Қонунни ҳукумат “мана биз қийноқларга мана шунақа йўл билан курашяпмиз”, дейиш учун қабул қилган эди, аслида. Лекин, қийноқлар, айниқса тергов жараёнларида кенг қўлланилган, қўлланиляпти. Қашқадарёдаги воқеа - билганимиз, лекин биз билмаган қанча ҳолатлар бор! - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан мунтазам қийноқлар қўлланилувчи давлатлар сирасига киритилиб келинади.

2007 йилда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқ ва ноинсоний муносабат “кенг тарқалган”, дея хулоса қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG