Линклар

Муҳожиратдан қайтганларга 1 йилгача давлат корхоналарига ишга олинмаслиги айтилмоқда


Россия рубли қадрсизланиши туфайли ватанга қайтишга мажбур бўлаётган ва Ўзбекистоннинг ўзида иш қидираëтган айрим муҳожирларнинг Озодликка айтишича¸ меҳнат биржаларида уларга четда ишлаб қайтганларнинг бир йилгача давлат идораларида ишлаши мумкин эмаслиги айтилмоқда.

Россия ва Қозоғистондаги миграция қонунларининг кескинлаштирилиши¸ рубль ва танганинг кучли қадрсизланиши ортидан йиллардан бери бу икки давлатда ишлаб келган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг каттагина қисми ватанга қайтишга мажбур бўлмоқда. Россиядан қайтиб¸ ватанда иш қидираëтган айрим муҳожирларнинг Озодликка айтишича¸ меҳнат биржаларида уларга четда ишлаб қайтганларнинг бир йилгача давлат идораларида ишлаши мумкин эмаслиги айтилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистонда қолиш учун иш қидириб кўрган¸ аммо меҳнат биржаларида эшитган изоҳлардан сўнг¸ яна Россияга қайтиб келишга мажбур бўлган навоийлик олий маълумотлик Аброрбек хабар қилди:

- Икки ой олдин Москвага қайтиб келдим. Уйга бориб¸ паспортимни алмаштириб¸ қолмоқчи эдим. Ўзбекистонда иш топишнинг иложи йўқ экан. Ҳукумат ички фойдаланиш учун қарор чиқарипти¸ Россиядан қайтганларни бир йилгача давлат корхоналарига ишга олмаслик ҳақида. Муҳожиратдан қайтганларнинг ўзи ва оиласини қандай боқиши масаласи ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Улар менга маҳаллага борасиз¸ улар сизга фалон иш билан машғул деган қоғоз ëзиб беради¸ шу билан ишлаëтган бўлиб юраверасиз¸ дейишди¸ дейди бу тавсиядан сўнг яна Россияга қайтишга қарор қилган навоийлик Аброрбек.

28 октябрь куни Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Эркин Авезов¸ жорий йилнинг 9 ойи давомида “четдан қайтган меҳнат мигрантларидан 186 минг нафари” иш билан таъминлангани ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Айни пайтда Авезов¸ бу ишларнинг айнан қайси соҳа ва йўналишларда эканига ойдинлик киритмади.

Озодликнинг муҳожиратдан қайтганларга берилган ва таклиф қилинаëтган ишлар ҳақдаги расмий баëнотга аниқлик киритиш¸ хусусан меҳнат муҳожиратидан қайтганларни бир йилгача давлат ишхоналарига олмаслик ҳақидаги иддаога муносабат билдиришсўровини бандлик бошқармаси ходими қондиришни истамади:

- Бизга ëзма тарзда хат билан мурожаат қиласиз¸ шундан сўнг у кўриб чиқилади ва давлат матбуоти бўлсангиз¸ унга белгиланган муддат ва тартибда жавоб берилади¸ деди бандлик бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Айни пайтда¸ мазкур бошқарманинг Навоий вилояти бўйича масъули ҳам Россиядан қайтганларнинг бир йилгача давлат корхоналарига ишга олинмаслиги ҳақидаги иддаоларни на тасдиқлади ва на инкор қилди – бу расмий саволни эшитибоқ¸ телефон гўшагини илиб қўйди.

Бошқарманинг бошқа бир ходимаси эса¸ Россиядан қайтганларга такллиф этиладиган иш ўринларини Меҳнат вазирлигининг mehnat.uzсайтидан топиш мумкинлигини айтди¸ бироқ кун давомида вазирлик сайтига киришнинг имкони бўлмади – бу сайт ҳозирда мавжуд эмас¸ деган ëзув чиқди.

Ўзбекистонда давлат корхоналари¸ хусусан¸ стратегик аҳамиятга эга йирик муассасаларнинг касодга учраëтгани¸ уларда иш ўринларининг кўпайиш эмас¸ балки аксинча қисқартириш кетаëтгани ҳақида Озодлик муттасил хабар бериб келмоқда.

Айни пайтда¸ бу корхоналарда ишловчиларнинг ойлардан бери маош ола олмаëтгани ҳақида ҳам Озодликка келаëтган мурожаатлар кўпайиб бормоқда.

Марказий банк раҳбариятининг Бош вазир Шавкат Мирзиëевга апрель ойида юборган мактубида¸ “Ўзбекэнерго”¸ “Ўзкимëсаноат”¸ “Ўзбекнефтгаз” компаниялари¸ “Ўзагромашсервис”¸ “Ўзпахтасаноат” уюшмалари таркибидаги айрим корхона ва ташкилотлар молиявий аҳволининг қониқарсизлиги ва ҳисоб рақамларида маблағлари бўлмаëтгани сабабли 129 млрд.сўмлик иш ҳақлари тўланмади” деб эътироф этилган эди.

Ўзбекистонда иш ўринларининг қисқариб кетаëтганига муносабат билдирган мутахассислар¸ норасмий ҳисоб-китобга кўра¸ қарийб 70 фоизга етган ишсизлик ўзбек иқтисодининг бутунлай нотўғри бошқарилаëтгани оқибати эканини айтадилар:

- Иш ўринлари кун сайин камайиб бормоқда. Сабаби оддий¸ ҳозирги ҳукуматни иқтисодни тушунмайдиган¸ ўзини 3 синф маълумоти борлиги билан мақтанадиганлар бошқараяпти. Ишлаб чиқариш¸ саноат корхонаси ўрнига¸ ҳашаматли сарой ва парклар қуришаяпти¸ бор корхоналарни ўзларига яқин корчалонларга амортизация нархида сотиб¸ кейин йўқ қилиб ташлашаяпти. Икки-уч мингга яқин одамга иш бериб келган бу корхоналардан бўшатилган ëшми-қарими¸ энди уларнинг борадиган жойи йўқ. Олдин Россияга кетишарди¸ энди у ҳам истиқболсиз бўлиб қолди¸ дейди ўз исми очиқланишини истамаган ўзбекистонлик кузатувчилардан бири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG