Линклар

Свет¸ газ¸ бензин ва сўм қаҳат Ўзбекистон хорижликларга сармоя учун жаннат сифатида тақдим этилмоқда


Ҳукумат чиранишдан қолмаëтган бир пайтда¸ ўзбек иқтисодининг асл аҳволи ижтимоий тармоқларда ëйилиб бораëтган шу каби коллажларда акс этмоқда.

Ҳукумат чиранишдан қолмаëтган бир пайтда¸ ўзбек иқтисодининг асл аҳволи ижтимоий тармоқларда ëйилиб бораëтган шу каби коллажларда акс этмоқда.

5 ноябрь куни Тошкентда Ислом Каримов кўрсатмаси билан ўтказилаëтган Халқаро инвестициявий форум иш бошлади. Маҳаллий нашрларнинг билдиришича¸ икки кунлик форумда хориж мамлакатларидаги 250 дан ошиқ ширкат етакчи менежерлари ва вакиллари¸ шунингдек халқаро молия тизимлари намояндалари иштирок этмоқда.

Форум арафасида ва форум давомида Тошкент расмийлари Ўзбекистонни сармоя учун жаннат сифатида тақдим этишга уринмоқдалар.

Шу мақсадда 1 ноябрдан 15 ноябрга қадар Ўзбекистон ҳукумати буюртмаси асосида ҳозирланган бир дақиқалик реклама ролиги Blоomberg халқаро молиявий янгиликлар агентлиги телеканалида намойиш қилинмоқда.

Кунига уч маротаба айлантирилаëтган бу рекламада Ўзбекистон халқаро сармоядорлар учун ҳамма шароит рисоладагидай бўлган¸ ҳам тарихий мерос¸ ҳам табиий бойликларга сероб¸ Марказий Осиëнинг қоқ ўртасида жойлашган 31 миллионлик аҳолига эга¸ иш кучи арзон¸ иқтисоди энг тез ривожланаëтган дунë бешлигига кирган давлат сифатида тақдим этилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг йиллардан бери халқаро сармоядорларни мамлакатга жалб қилиш илинжида қўллаëтган бу каби уринишлари жиддий натижа бермай келаëтир.

Сиëсий тузумнинг ниҳоятда ëпиқлиги¸ мамлакатнинг ҳокимият алмашинуви палласига киргани¸ ниҳоятда кучли коррупция¸ валюта конвертациясининг йўқлиги каби омиллар хориж сармоядорларини бу мамлакатга ўз маблағини олиб киришдан чўчитиб келмоқда.

Хусусан¸ президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кирган ширкатлардан юзлаб миллион доллар “хизмат ҳақи” олгани билан боғлиқ айбловлар ортидан Европанинг ўнга яқин давлати ва АҚШ прокуратураси тергов бошлагани хориж сармоядорларини бу мамлакатга инвестиция олиб кириш таҳликаларидан жиддий огоҳлантирмай қолмади.

МТС можароси¸ эндиликда TeliaSonera ва VimpelCom атрофида бораëтган халқаро текширувлар Ўзбекистонда бизнес қилишнинг ëзилмаган қонун-қоидаларини халқаро жамоатчиликка фош қилди.

Айни пайтда¸ ўзбек сўмининг муттасил қадрсизланиб¸ инфляция ва ишсизлик даражасининг муттасил ошиб бораëтгани¸ мамлакат бўйлаб сурункали ҳолатга кирган электр ва табиий газ тақчиллиги Ўзбекистон иқтисодига пул киритишга журъат қилувчилар сонини йўқ даражага келтирди.

Чунончи¸ Тошкентда Халқаро инвестициявий форум иш бошлаган 5 ноябрь куни ҳам мамлакатнинг давлат ичидаги давлат мақомига етган пойтахтида бензин учун километрлаб навбат кузатилди.

Ўзбекистонда ҳозирда асосан Хтой¸ Россия ва Жанубий Кореянинг давлатга қарашли йирик концернларигина хориж инвестори сифатида фаолият юрғизиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG