Линклар

Обама Россия самолёти "террор ҳаракати ортидан қулагани"ни эътибордан соқит қилмайди


Барак Обама.

Барак Обама.

Оқ Уй 5 ноябрь куни Россия самолётининг Мисрдаги ҳалокати “террорчилик ҳаракати” бўлганини эҳтимолдан соқит қилмаслигини билдирди. Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон “рус самолётининг ҳалокатига террорчилар бомбаси сабаб бўлгани эҳтимоли кўпроқ”, деб билдирганидан сўнг Вашингтон мана шундай баёнот берди.

Россия АҚШ ва Британиянинг бундай баёнотларига қатъий эътироз билдирган ҳолда, бу мамлакатлар самолёт ҳалокатига оид ўзларида мавжуд бўлган разведка маълумотларини тақдим этмаётганидан норози эканини айтди.

Бироқ АҚШ президенти Барак Обама самолёт террорчилик ҳаракати оқибатида портлатилгани тўғрисидаги тахминларни ўта жиддий қабул қилиш лозим, деган фикрда.

“Мен самолётга бомба ўрнатилган бўлиши эҳтимоли бор эди, деб ўйлайман ва биз буни жуда жиддий қабул қиламиз”, деди Обама CBS радиосига берган интервьюсида.

Оқ Уй расмийси Жош Эрнест Вашингтонда журналистларга Қўшма Штатлар бу борада аниқ маълумотларга эга эмаслигини, бироқ самолёт ҳалокати юзасидан ўз тахминий хулосасини чиқарганини айтди.

Мисрнинг Шарм-эш-Шейх шаҳридан Петербургга учаётган самолёт 31 октябрда ҳалокатга учраши оқибатида 224 одам, жумладан, 25 бола ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG