Линклар

logo-print

Мисрнинг Синай ярим оролида қулаган Россия самолёти ҳалокати сабабларини ўрганаётган Британия экспертлари учоқ Шарм-эш-Шейх аэропортидан кўтарилишидан аввал лайнерга бомба ўрнатилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб хабар тарқатган Би-би-си маълумотига кўра, чоршанба куни британиялик экспертлар рус самолёти қулаган Синай ҳудудида бўлган жангариларнинг сўзлашувларига оид янги маълумотларни қўлга киритган.

Британ экспертлари тахминича, самолёт учишга тайёрланаётган вақтда йўловчилар юки билан ишлаш бўлимига алоқадор кимдир юклар орасига портловчи моддани жойлаган бўлиши мумкин.

Кеча CNN телеканали ҳам АҚШ ва Европа хавфсизлик кучларига таянган ҳолда Россия аэробуси ҳалокатига “Исломий давлат” жанггарилари томонидан самолётга ўрнатилган бомба сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилганди.

Агар мазкур маълумот тасдиқланса, бу “Исломий давлат” томонидан йўловчи ташувчи самолётга ўрнатилган биринчи бомба бўлади.

Чоршанба куни “Исломий давлат”нинг Синайдаги бўлими Россия самолётига бомба ўрнатганини яна бир бор тасдиқлади. Самолёт ҳалокатга учраган куни “Исломий давлат” авиаҳалокат учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Бироқ Миср ва Россия “Исломий давлат”нинг бу баёнотларини инкор қилган ва самолёт қолдиқларида бомбадан портлаш белгилари топилмаганини билдирган.

Мисрнинг Шарм-эш-Шейх шаҳридан Петербургга учаётган самолёт 31 октябрда ҳалокатга учраши оқибатида 224 одам, жумладан, 25 бола ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG