Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:09

АҚШдан бошпана сўраётган россияликлар сони кўпайди


АҚШдан бошпана излаётган россияликлар сони охирги йигирма йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга етди. Иммиграция ҳуқуқшунослари бунга Кремлнинг сиёсатни қаттиқ назорат қилаётгани, мамлакатда чуқур илдиз отган порахўрлик ҳамда жинсий озчиликларга қарши дискриминация ва зўравонликлар сабаб бўлаётганини айтишмоқда.

Озодликнинг АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигидан олган маълумотига кўра, шу йилнинг 30 сентябрь куни тугаган молия йили давомида Россия фуқаролари АҚШдан бошпана излаб 1 454 та янги ариза топширган. Бу аввалги йилга қараганда 50 фоизга, Владимир Путин тўрт йил бош вазир лавозимида ишлаб, қайта президент этиб сайланган 2012 йилга солиштирганда эса икки баробарга кўпдир.

Путин учинчи президентлик муддатини бошлаганидан кейинги охирги уч йил давомида АҚШга бошпана излаб арз қилаётган россияликлар сони мунтазам равишда ўсиб келмоқда. Бир дона ариза бир неча одам, масалан, топшираётган шахснинг турмуш ўртоғи ёки болалари номидан ҳам топширилиши мумкин.

Озодлик қўлга киритган маълумотда бошпана излаётганларнинг нима мақсадда бу қарорга келгани очиқланмаган. Америкалик иммиграция ҳуқуқшуносларининг айтишича, бошпана излаётганлар сонининг мунтазам ўсишига қисман бўлса-да, 2013 йил президент Путин вояга етмаганлар орасида “ноанъанавий жинсий алоқаларни тарғиб қилишни” ман қилувчи қонунни имзолаганидан кейин ЛГБТ – лесбиянка, гей, бисексуал ҳамда транссексуал россияликларнинг мамлакатни оммавий равишда тарк этиши сабаб бўлмоқда.

Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари 2013 йилда қабул қилган қонун озчиликларни дискриминация қилишини айтиб, уни қоралаб келади. Ҳуқуқ гуруҳлари эса мазкур қонун бесоқолбозларга қарши зўравонлик қилганлар жазосиз қолишини таъминлаётганини айтишмоқда. Путин эса бу қонун ЛГБТ одамлар ҳуқуқларини поймол қилмаслигини, шунчаки болаларни ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидлаб келади.

Сиёсат ва порахўрлик

Бошпана излаётган Россияликлар билан иш олиб бораётган ҳуқуқшуносларнинг айтишича, арзларнинг кескин ўсишига яна сиёсий тазйиқлар ҳамда порахўр расмийларнинг таҳқирлаш ва таҳдидлари қурбони бўлаётганини иддао қилаётган россияликларнинг кўпайиб бораётгани ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

Нью-Йоркда ишловчи иммиграция адвокати Алёна Шаутсова Озодлик билан суҳбатда бу йил Путиннинг сиёсати ва ҳаракатларига, жумладан, ўтган йили Қримнинг аннексия қилинишига қарши россияликлар унга жуда кўп мурожаат қилганини айтди.

“Улар мен билан алоқага чиқиб: “Бу ерда бошқа яшай олмаймиз. Қандай қилиб кўчиб борсак бўлади?”, деб сўрашади”, дейди Шаутсова. Адвокат мижозлари орасида ЛГБТ россияликлар ҳам, сиёсий қарашлари учун тазйиқларга учраётганини иддао қилаётганлар ҳам борлигини қўшимча қилди.

Путин президентлик курсисига қайтганидан бери Кремлнинг Россия сиёсатини бошқаришини янада мустаҳкамлаш учун чора кўриб келади. Президент ҳукуматга қарашли матбуотни Кремль чизиғидан чиқмайдиган қилди ва четдан маблағ оладиган нодавлат ташкилотларини сиқувга олди. Бу ташкилотларнинг аксари Путин сиёсатини танқид қилиб келади.

Мухолиф фаолларга, жумладан, порахўрликка қарши курашувчи таниқли фаол Алексей Навальнийга сиёсий мотивларга эгалиги аён бўлган жиноий айбловлар қўйиб келинади.

Шаутсова мижозлари орасида йил бошида Борис Немцовни хотирлаб ўтказилган намойишда иштирок этгани учун мунтазам равишда полиция тазйиғига учраб келаётганини иддао қилаётган шахс борлигини айтади.

Таниқли мухолиф сиёсатчи Немцов февраль ойида Кремль яқинида отиб ўлдирилган эди.

Асосан россиялик ва озарбайжонлик бошпана изловчилар билан Виржиния штатида туриб иш болиб борадиган ҳуқуқшунос Исмаил Шахтахтинский кейинги пайтда расмийлар пора тўлашга, қилмаган жиноятларига иқрор бўлишга ёки ёлғон гувоҳлик беришга мажубрлаётганини иддао қилиб, унга мурожаат қилаётган россияликлар сони ўсиб бораётганини айтади.

“Жуда кўп ҳолларда ҳукумат бирор шахсга қарши иш қўзғамоқчи бўлади, бунинг учун гувоҳ тўпламоқчи бўлади. Улар кўп ҳолларда сохта гувоҳлардан ёки судда берилган ёлғон маълумотлардан фойдаланади. Шунга ўхшаш ҳоллар сони кўпайиб бормоқда”, дейди Шахтахтинский.

Қўрқув

Иммиграция ишлари бўйича ЛГБТ шахсларга ёрдам берувчи АҚШдаги энг йирик гуруҳ бўлмиш Immigration Equality бошпана излаб ташкилотга мурожаат қилган россияликлар сони бу йил ўтган йилги билан деярли тенг эканлигини билдирди.

Маркази Нью-Йоркда бўлган ташкилот бу йил 44 россия фуқароси билан бошпана сўраш масаласини муҳокама қилиш учун учрашган. Ўтган йили эса шу мақсадда 47 россия фуқароси Immigration Equality ходимлари билан учрашган. Бу ҳақда ташкилотнинг ҳуқуқий директори Аарон Моррис маълум қилди.

“2015 йилнинг яна икки ойи қолгани учун бу сон озгина кўтарилса керак, аммо бу сон жуда катта бўлади, деб ўйламайман. Ҳозир биз 52 ЛГБТ россияликка бошпана сўраб топширилган арзларида ёрдам беряпмиз. Бу сон аввалги йилдагидан кўпроқ. Аммо бу ўсишни англатадими, йўқми, билмайман, чунки тизимда кейинга қолдириш жуда кўп кузатилади”, деди Моррис.

Морриснинг айтишича, Immigration Equality мазкур йилда учрашган ва ишлаган шахслар орасида АҚШга келиб турмуш қурган россиялик ЛГБТ жуфтликларнинг бошпана сўраш ҳақида ўйлай бошлаган ҳоллари кўпайиб бормоқда. Моррис жинсий озчиликларнинг Россиядан қочиб АҚШда бошпана излашига юртида зўравонликка дучор бўлишдан қўрқиши асосий сабаб бўлаётганини қўшимча қилди.

“Жуда кўп мижозимиз учун асосий қўрқув бир хил: Улар гей кўрингани, гейлиги маълум бўлгани ёки гей клуб, бар ёки ЛГБТ одамлар тез-тез учрашадиган жойдан чиққани учун скинхед гуруҳ уларга ҳужум қилишидан қўрқадилар”, дейди Моррис.

Ички хавфсизлик вазирлиги маълумотларига кўра, Россия фуқаролари 1994 йилдан бери бошпана излаб АҚШга 17 000 дан ошиқ ариза топширган, булардан 6 000 мингдан ошиғи маъқулланган.

Бу йил топширилган аризалар сони 1994 йилдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

1994 йил, яъни Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин уч йил ўтиб АҚШ ҳукумати россияликлардан 2 127 дона ариза олган.

Европа Иттифоқидан бошпана сўраган россияликлар сони АҚШга арз қилганлар сонидан анча юқори. Евростат маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларига ўтган йилда 14 000 дан ошиқ россиялик бошпана сўраб илк моратаба мурожаат қилган. Лекин ундан аввалги йилда эса Европа Иттифоқига арз топширганлар сони 35 мингни ташкил этган.

Евростат маълумотларига кўра, 2008-2014 йилларда россияликлар АҚШдан Германия, Франция, Польша ҳамда Швециядан ташқари барча Европа Иттифоқи мамлакатларидан кўра кўпроқ бошпана сўраган.

Карл Шрек қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбек тилига таржима қилинди.

XS
SM
MD
LG