Линклар

Нобиометрик паспортлар амал қилиш муддати камида яна бир йилга узайтирилади


Биометрик паспортга ҳужжат топшириш учун Самарқандда навбат кутаëтганлар.

Биометрик паспортга ҳужжат топшириш учун Самарқандда навбат кутаëтганлар.

Президент фармонига мувофиқ¸ 2015 йилнинг 31 декабрь куни эски нусхадаги Ўзбекистон паспортларининг амал қилиш муддати тугайди ва бу ҳозирга қадар биометрик паспорт олмаганларнинг бир кечада яроқсиз паспорт билан қолишини англатади. Озодлик манбаларига кўра¸ мамлакат аҳолисининг каттагина қисми ҳали биометрик паспортга ўтмагани ва 31 декабрга қадар уларга янги паспорт беришни техник жиҳатдан амалга ошириш мумкин эмаслигидан келиб чиқиб ҳукумат эски паспортлар амал қилиш муддатини камида 2016 йил 31 декабрига қадар узайтиришга оид тегишли ҳужжатлар ҳозирламоқда.

Ҳукумат президент фармонини белгиланган муддатда бажара олмайди

Президент Ислом Каримов 2009 йил 23 июнда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосан¸ “амалдаги Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини биометрик паспортга босқичма-босқич алмаштириш жараëни 2015 йилнинг 31 декабрига қадар тўлиқ тугалланиши лозим эди. ( Бу фармон ижросини таъминлаш Вазирлар Маҳкамаси раиси Шавкат Мирзиëевга топширилган эди.)

Аммо 2011 йилда бошланиб¸ турли техник-молиявий муаммолар¸ миллионлаб ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожиратига чиқиб кетгани¸ коррупция ва ортиқча қоғозбозлик туфайли фалажланиб қолган бу фармон ижроси яна чўзиладиган кўринади.

Озодликнинг мамлакат ички ишлар тизимидаги бир-биридан мустақил бир неча манбаси¸ ҳукумат эски нусхадаги паспортлар амал қилиш муддатини 2016 йил 31 декабрига қадар узайтиришга мажбур қолганини билдирди.

Озодлик манбалари¸ ҳозирча бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқмагани¸ бироқ ички фойдаланиш учун юборилган ҳужжатларда шундай тўхтамга келинганини аниқлигини билдирди.

“Ҳозирча қўлимизда Вазирлар Маҳкамасининг қарори йўқ¸ бундай қарорнинг декабрь ўрталарига қадар келиши кутилаяпти. Лекин эски паспортларнинг 2016 йил 31 декабрига қадар амал қилиши аниқ. Чунки ҳисоб-китоблардан аҳолининг 40 фоиздан кўпроғи ҳали янги паспорт олмагани аниқланди. Бунча одамга бир ярим ой ичида биометрик паспорт қилиб беришнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳозир тегишли ҳужжатлар қилинаяпти ва келаси ой қарор чиқиши кутилаяпти. Декабрнинг 15 ларида боғлансангиз¸ аниғини айтаман”¸ деди Ўзбекистон вилоятларидаги ички ишлар тизими расмийларидан бири.

Қорақалпоғистон Республикаси¸ Бухоро ва Навоий вилоятларининг биометрик паспортга ўтиш жараëнига алоқадор расмийлари ҳам¸ эски паспорт амал қилиш муддатининг бир йилга узайтирилиши аниқ эканини таъкидладилар:

- Эски паспортининг амал қилиш муддати кейинги йил тугамайдиганлар¸ қўрқмаса ҳам бўлади. Улар 2016 йил ичи келиб¸ янги паспорт олишлари мумкин. Уларнинг эски паспорт билан кейинги йил ҳам Ўзбекистонга киришида ҳеч қанақа проблема бўлмайди¸ жарима ҳам солинмайди. Россия ëки бошқа давлат идоралари ҳам уларга нобиометрик паспортда юрибсан¸ деб эътироз билдиришга ҳаққи йўқ. Хориждагилар ўша ердаги Ўзбекистон консуллигига бориб¸ вақтинча учëтга кирса¸ паспортини элчихонанинг ўзида ҳам алмаштиришлари мумкин бўлади¸ деди вилоятлардан бирининг паспорт бўлими расмийси.

Озодлик боғланган расмийлар¸ шу кунларда биометрик паспортга мурожаат қилиш учун навбат кутаëтганларнинг фавқулодда кўплигини ҳам қўшимча қилдилар.

Янги паспортга ўтиш икки йилга чўзилиши ҳам мумкин

Водий туманларидан бирининг паспорт бўлими бошлиғи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ ўз туманида ўтказилган ҳисоб-китобдан¸ аҳолининг қарийб ярми эски паспорт билан юргани аниқланганини айтади. Бу расмий¸ ўзи кўрган ички ëзишмаларда эски нусхадаги паспорт амал қилиш муддатининг бир эмас¸ икки йил – 2017 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилиши ҳақида гап бораëтганини билдирди.

“Биз ҳозир туманимиздагилардан қанчасининг биометрик паспорт олганини ҳисоблаб юрибмиз. 46 фоизида ҳалиям эски паспорт. Бизга бу жараëнни яна икки йилга узайтириш масаласи кўриб чиқилаëтгани ҳақида қоғоз келди. 2017 йилнинг 31 декабрига қадар¸ дейилган унда. Бу вақт ичида¸ худо хоҳласа¸ улгурамиз ўтишга. Паспорт муддати тугаганлар¸ биринчи марта паспорт олувчилар бор ҳали¸ буни икки йилсиз қилиб бўлмайди”¸ деди водий туманларидан бирининг паспорт бўлими бошлиғи.

Вазирлар Маҳкамаси қарори учун статистик асос ҳозирланмоқда

Андижон вилоятидан Озодликка боғланган мактаб ўқитувчиларидан бири¸ эндигина пахтадан қайтган ўқитувчи ва тиббиëт ходимларига¸ уйма-уй юриб янги паспортга ўтмаганлар сонини ҳисоблаб чиқиш вазифаси юклатилганини айтади:

- 11 ноябргача мактабларда каникул¸ биринчи чорак тугади. Душанба куни мелисалар ўқитувчилар билан мажлис қилиб¸ ҳаммага уй-уй юриб¸ паспорт нусхасини оласизлар¸ деди. Янги паспортга ўтиш жараëнини кечиктириш учун керак экан. Улгуришмаëтган экан¸ улгуришмайдиям. Тушунмаëтганим¸ булар кимнинг янги паспорт олганини¸ ким эски паспортда юрганини ўзлари билмайдими? Буларда учëт деган нарса борку. Ўзлари қилмаган ишни яна бизга юклашаяпти¸ дейди ўз шахси очиқланмаслигини сўраган андижонлик ўқитувчи.

Нобиометрик паспорт билан Ўзбекистонга қайтиш мумкин¸ аммо чиқиш мумкин эмас

Нобиометрик паспорт амал қилиш муддатининг камида 2016 йил 31 декабрига қадар узайтирилиши¸ Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши тартибини ­такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига таъсир кўрсатмайди.

Ушбу қарорга кўра¸ “2014 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши фақат биометрик паспорт асосида амалга оширилади. Ҳаво ва темир йўл транспортида чет элга чиқувчи фуқароларга авиа, темир йўл чипталарини расмийлаштириш, сотиш фақатгина биометрик паспортлар асосида амалга оширилиши белгиланган” эди.

Ислом Каримов 2009 йил 23 июнда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда "биометрик маълумотларга эга паспортлар халқаро фуқаро аэронавигацияси хавфсизлигини таъминлаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, Давлат чегарасидан ўтишда шахсни тезкор ва аниқ идентификациялаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро авиаташишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилиши" таъкидланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG