Линклар

logo-print

Россия Президенти Владимир Путин А321 самолёти ҳалокати сабаблари аниқланмагунча Мисрга учадиган рейсларни бекор қилди.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, шунингдек, Путин Мисрдаги россияликларнинг қайтишини таъминлаш бўйича ҳам топшириқ берган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати бошлиғи Александр Бортников ҳам сал аввал ҳалокат сабаблари аниқланмагунча Мисрга учадиган рейсларни бекор қилишни таклиф қилган эди:

- Бизга ҳалокат сабаблари бўйича мутлақо тасдиқланган ва объектив фактлар зарур. Бу ҳалокат сабабларини ўрганиш ва жамоатчиликка маълумот беришимиз учун керак, деди Бортников.

Бугун Россия самолёти ҳалокати сабабларини ўрганаётган Британия экспертлари учоқ Шарм-эш-Шейх аэропортидан кўтарилишидан аввал лайнерга бомба ўрнатилган бўлиши мумкинлиги борасидаги тахминни эълон қилди.

Британ экспертлари тахминича, самолёт учишга тайёрланаётган вақтда йўловчилар юки билан ишлаш бўлимига алоқадор кимдир юклар орасига портловчи моддани жойлаган бўлиши мумкин.

Кеча CNN телеканали ҳам АҚШ ва Европа хавфсизлик кучларига таянган ҳолда Россия аэробуси ҳалокатига “Исломий давлат” жанггарилари томонидан самолётга ўрнатилган бомба сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилганди.

Агар мазкур маълумот тасдиқланса, бу “Исломий давлат” томонидан йўловчи ташувчи самолётга ўрнатилган биринчи бомба бўлади.

Чоршанба куни “Исломий давлат”нинг Синайдаги бўлими Россия самолётига бомба ўрнатганини яна бир бор тасдиқлади. Самолёт ҳалокатга учраган куни “Исломий давлат” авиаҳалокат учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Бироқ Миср ва Россия “Исломий давлат”нинг бу баёнотларини инкор қилган ва самолёт қолдиқларида бомбадан портлаш белгилари топилмаганини билдирган.

Мисрнинг Шарм-эш-Шейх шаҳридан Петербургга учаётган самолёт 31 октябрда ҳалокатга учраши оқибатида 224 одам, жумладан, 25 бола ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG