Линклар

Фаоллар: Суриялик қочқинлар аҳволи Болқон уруши қочқинларини эслатади


Суриялик қочқинлар Хорватиянинг Товарник шаҳри томон кетишмоқда

Суриялик қочқинлар Хорватиянинг Товарник шаҳри томон кетишмоқда

Кейинги ойларда Суриядаги урушдан қочиб, бадавлат Ғарбий Европа мамлакатларига йўл олган ўн минглаб қочқин Сербия орқали ўтмоқда.
Сербияга келаётган иложсиз одамлар оқими кўпчиликка 1995 йил Хорватия армиясининг кенг кўламли “Тўфон” амалиёти ортидан Сербияга йўл олган 150-200 минг этник серб қочқинларини эслатмоқда. (“Тўфон” Хорватия мустақиллиги учун олиб борилган урушнинг ва Босния урушининг муҳим жанги бўлган-таҳр.)

Ўша оммавий миграцияни Стаса Заёвич яхши эслайди. Заёвич бошқа кўнгиллилар билан Сербияда жойлашган автобус ва поезд бекатларида, паркларда Хорватия ҳамда Босния ва Герцеговинадан келган қочқинларни энг зарур нарсалар билан таъминлаш билан шуғулланган.

Роппа-роса йигирма йил ўтиб, 62 ёшга тўлган Заёвич ва унинг бошқарувидаги Women in Black нодавлат ташкилотининг бошқа аъзолари Суриядаги урушдан қочиб, Сербиядан ўтаёган одамларга айнан шундай ёрдам кўрсатмоқда.

Қўшни Хорватия ва Босниядаги серб жамоалардан қочган этник сербларга ёрдам бериш осон кечган, чунки уларнинг тили ва маданияти Сербиянинг туб аҳолиси билан бир хил эди. Бугунги кунда Яқин Шарқ, Афғонистон ва Шимолий Африкадан келаётган қочқинлар эса бошқа тилларда сўзлашади, уларнинг маданияти сербларникидан тубдан фарқ қилади.

Келиб чиқиши черногориялик бўлган Заёвич Озодлик радиоси билан суҳбатда 1995 йилги қочқинлар ва 2015 йилда Сербиядан ўтаётган одамлар оқими ўртасида ўхшашликлар кўп эканлигини айтди.

Заёвичга кўра, серб қочқинларига мусибатли кунларни ортда қолдиришларида ёрдам бериш учун терапия сифатида улардан кечинмалари ҳақида ёзиш сўралган.

Заёвичнинг айтишича, ҳуқуқ фаоллари қочқинлар ўзларининг “ўтмишлари, қўшнилари... кундалик турмушларидан тортиб, ҳаётларида муҳим ўринга эга нарсалар, улардан тортиб олинган нарсалар” ҳақида ёзишганини кузатишган.

Заёвич уруш нафақат одамларни, балки “алоқаларни ва улар яшаган муҳитни, рамзий аҳамиятга эга жисмларни ҳамда хотираларни” ҳам барбод қилишини айтади.

Заёвичга кўра, Сербияга асосан Суриядан келган қочқинлар ҳам ўз юртларида қолган кўп нарсаларни соғинишлари ҳақида гапиришади.

Аммо фаол бу икки қочқинлар гуруҳи ўртасида битта катта фарқ борлигини айтади: “Собиқ югославияликларнинг асосий орзуси ўз уйларига қайтиш эди. Уйга қайтиш хоҳиши уларнинг асосий ва ягона ниятлари эди”.

“Суриялик қочқинлар, мен учрашган эркак ва аёллар улар учун қайтиб бориш осон кечмаслигини биладилар. Менимча, Суриядаги вайронагарчилик, таъқиблар ва бошқа воқеалар бу одамларни узоқ муддатга ўз ватанларидан умидларини узишга мажбурлаяпти”, дейди у.

Заёвич 90 йилларнинг ўрталарида келган қочқинлар моддий ёрдамга муҳтож бўлганини, бугунги кундаги қочқинлар эса кўп ҳолларда фақатгина Ғарбий Европага сафарларини давом эттира олишлари учун навбатдаги чегарага етиб олиш ҳақида маълумот излашларини айтади.

Фаолга кўра, турли ҳукуматларнинг бугунги кундаги қочқинларга бўлган муносабати 20 йил олдинги аҳволни эслатади.

Заёвич “Тўфон” амалиётидан кейин содир бўлган миграция Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта қочқинлар бўҳрони ўлароқ кўрилганини, бир сафар ҳатто даҳшатга тушган муҳожирларга Сербия пойтахти Белградга кириш ман қилинганини айтади.

Заёвич бу ҳолни Венгрия каби мамлакатлар қочқинларни ўз ҳудудларига киритмаслик учун кўраётган кескин чораларга ўхшатади.

1995 йилдагидек, расмий Европа қочқинлар бўҳронини қандай ҳал қилишни билмай саросимада.

Заёвич 90 йиллардагидек бугунги қочқинларга асосан нодавлат ташкилотлар ва бошқа гуруҳлар ёрдам бермоқда, дейди.

“Мана биз аъзо бўлган Европа – “ижтимоий ҳаракатлар” Европаси”, дейди Заёвич. “Биз анча аввал интеграция қилган Европа бу. Агар шу Европа бўлмаганида, европача қадриятлар ғояси шаклланган бўлармиди, йўқми, билмайман. Бу даҳшатли чегараларни, Европа қалъасини ушлаб туриш учун Европа ажратаётган йирик маблағларни оддий фуқароларнинг эҳтиёжларига йўналтириш керак”, дейди у.

Заёвич ҳозирги қочқинлар тўлқинида бир нарсани мунтазам кузатиш мумкинлигини айтади: бу Крайна ва Хорватиядаги бошқа серб жамоаларидан қочишнинг ўрнига жангда иштирок этиши кутилган эркаклар каби, суриялик эркакларнинг ҳам “замбарак еми” ёки “уруш итлари” бўлишни истамаслигидир.

XS
SM
MD
LG