Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:21

Фермерлар мулкини мусодара қилишга бош-қош бўлган мулозимнинг ўлиги каналдан топилди


Хоразм вилояти Урганч шаҳридан ўтадиган Шовот канали
Хоразм вилояти Урганч шаҳридан ўтадиган Шовот канали

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш департаментининг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи 45 яшар Абдувоҳид Ориповнинг жасади ўтган ҳафта Урганч марказидан ўтувчи Шовот каналидан топилди. Воқеа юзасидан Хоразм вилоят прокуратураси “Қасддан одам ўлдириш” моддаси бўйича жиноий иш очган.

Хоразм вилояти суд ижрочилари раҳбари Абдувоҳид Ориповнинг жасади суд-тиббий экпертизасидан сўнг ўз туғилган юрти - Қашқадарёга олиб кетилган.

Суд ижроси бўйича ҳудудий бошқарма бошлиғи Ориповнинг ўлими юзасидан Хоразм вилоят прокуратураси “Қасддан одам ўлдириш” моддаси бўйича жиноий иш очганини билдиришди Озодлик манбалари.

"Ойболта"нинг иккинчи тарафи

Озодлик манбаларига кўра, “шолиси мусодара қилинган фермерлар мулозимни ўлдириб, жасадини сувга оқизиб юборган” деган версия терговчилар тарафидан кўриб чиқилаётган асосий тахминлардан биридир.

Абдувоҳид Раззоқович Орипов Қашқадарë вилоятида туғилган ва Хоразмга ишга тайинлангунига қадар бир муддат Адлия вазирлигида, ундан аввалроқ эса суд ижроси бўйича Самарқанд ҳудудий бошқармасида ишлаган.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Орипов талаб қилинган пахта ҳосилини давлатга топшира олмай қарздор бўлган фермерларнинг шолисини тортиб олиш билан боғлиқ зиддиятларга алоқадор бўлган.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан ташкил этилган “Ойболта” гуруҳлари Хоразм вилоятидаги қарздор фермерларнинг мол-мулкини мусодара қилиш тадбирлари Ориповниг фаол иштирокида ўтган.

Жумладан, Озодлик манбаларига кўра, Янгибозор туманида қарздор фермерларнинг тракторлари ва шолиси тортиб олинган.

Ўтган ҳафтада Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида ўтказилган “Ойболта” тадбирида банклар ва таъминотчи корхоналардан катта миқдорда қарздор бўлиб қолган ўнга яқин фермернинг мол-мулки мусодара қилинган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган янгибозорлик фермерлардан бирининг айтишича, суд ижро департаменти ходимлари қарздор фермерларнинг техника ва шолисини зўрлик билан тортиб олган.

Озодликка ўз манбаларидан етиб келган маълумотга кўра¸ Бош вазир Шавкат Мирзиёев 12 октябрь кечқурун селектор йиғилишида ўзи туздирган “Ойболта” гуруҳи суст ишлаётганини танқид қилиб, маҳаллий ҳокимият ва куч ишлатар тизимлари ҳамда суд ижроси департаментини фаолликка чақирган эди.

Баҳтсиз ходиса?

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси Орипов бахтсиз ҳодиса боис оламдан ўтганлигини таъкидлаш билан чекланди.

Урганч марказидан ўтувчи тезоқар Шовот канали чўмилиш мавсумида ўнлаб одамлар ҳаëтига нуқта қўйган хатар манбаи сифатида кўрилади.

Аммо одамлар мол-мулкини мусодара қилиш салоҳиятига эга бўлган амалдорнинг совуқ мавсумда каналдан ўлиги чиқққани турли тахминларни урчитмоқда.

Ўзбекистон адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш департаменти Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг Ориповдан олдинги бошлиғи сирли тарзда ўз хизмат машинасида ëниб кул бўлган эди.

Ундан ҳам олдинги ҳудудий бошқарма бошлиғи эса жиноий жавобгарликка тортилиб, шу кунларда Бекобод қамоғида жазо ўтамоқда.

Чиновникнинг ўлими

Ўзбекистонда мулозимларнинг сирли ўлимлари сўнгги пайтларда тез-тез учрамоқда.

Икки ҳафта аввал Ҳамкорбанкнинг Марғилон филиали бошқарувчиси Шерзод Қодиров жасади Катта Фарғона каналидан чиққан эди.

Ўтган йили “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи 51 яшар Назаров Тўлаган Толиповичнинг жасади “Ўзбекфильм” биносида осилган ҳолда топилган эди.

2009 йилда Ўзбекистон Ички ишлари вазирлиги мулозими ўз уйида отиб ўлдирилган эди.

XS
SM
MD
LG