Линклар

logo-print

Россия чегарадан ўтаётган ҳар бир муҳожирдан бармоқ изи олади


Ҳозирча бармоқ изларини фақат иш патентини олаётган меҳнат муҳожирлари топшириши зарур

Ҳозирча бармоқ изларини фақат иш патентини олаётган меҳнат муҳожирлари топшириши зарур

Россия Федерал миграция хизмати 2016 йилдан бошлаб мамлакатга кириб келаётган ҳар бир муҳожирдан чегарада бармоқ изларини олиш тартибини жорий қилади. Ҳукумат махсус ажратган маблағ ҳисобидан Россиянинг 200дан зиёд чегара-назорат пунктида дактилоскопик мосламалар ўрнатилиши маълум қилинди. ФМС расмийлари мазкур чора Россияга кириши тақиқланганидан кейин паспортидаги исми-шарифини алмаштириб кираётган муҳожирларга қарши кўрилаётганини айтишмоқда.

Россиянинг барча чегара пунктларида бармоқ изларини скан қилувчи махсус ускуналар ўрнатилади.

ФМС ходимларининг “Известия” нашри орқали сиздирган маълумотига кўра, чегарадаги оммавий дактилоскопия "қора рўйхат"га киритилган муҳожирлар, ватанларига қайтиб ўз исмини ўзгартириб яна Россияга ноқонуний қириб келишининг олдини олиш мақсадида жорий этилмоқда.

Шунингдек, чегара пунктларида миграция карталарини автоматик тарзда тўлдириш амалиёти жорий этилади.

Ҳозирда визасиз мамлакатлардан кираётган меҳнат муҳожирларигина кирганидан 30 кун мобайнида ишга рухсатнома (ёки патент) олиш учун дактилоскопия қилинаяпти; бармоқ излари барча хориж фуқароларидан олиниши-олинмаслиги ҳозирча маълум эмас”, деб ёзди “Известия”.

ФМС расмийлари 2016-2020 йилларга мўлжалланган режа асосида дактилоскопия ва миграция карталарини автоматик тарзда тўлдирувчи мосламалар барча чегарани кесиб ўтиш жойларига ўрнатилади. Россия Федерациясида жами 400тага яқин кириш-чиқиш пунктлари мавжуд, улардан 200тачаси – йўловчиларни текширишга мўлжалланган.

Ҳозирда экспресс-дактилоскопия комплекслари Москва ва Санкт-Петербург аэропортларида эксперимент тарзида 2014 йилдан буён ишлатилиб келмоқда. Санкт-Петербург бўйича ФМС бошқармаси очиқлаган маълумотга биноан, ўтган бир йил давомида Пулково аэропортидаги дактилоскопия комплекси ёрдамида Россияга кириши тақиқланганидан кейин исмини ўзгартириб қайтиб келишга уринган 173 нафар хориж фуқароси аниқланган, яна 3 минг шахс миграция қоидасини бузгани аниқланиб, мамлакатдан чиқариб юборилган.

Россия Давлат Думаси муҳожирларни дактилоскопия қилишни қонунлаштириш масаласини кўпдан бери муҳокама қилиб келган. 2014 йилнинг апрелида парламент муҳокамасига ўзаро визасиз мамакатлар, хусусан Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова ва бошқа мамлакатлардан келаётганлардан мажбуран бармоқ изларини олиш тўғрисида депутат Олег Нилов киритган қонун лойиҳаси тақдим этилганди. 2014 йил охирларида бу қонун қабул қилинмади. Депутатлар ўз қарорини қонун лойиҳасининг “қатор халқаро нормаларга етарли даражада мос эмаслиги” билан изоҳлади.

Россия Федерал миграция хизмати бошлиғининг собиқ ўринбосари¸ ҳозирда ижтимоий лойиҳаларни қўлловчи “Миграция XXI аср” жамғармаси директори Вячеслав Поставнин Озодлик билан суҳбатда дактилоскопия амалиёти кўплаб мамлакатларда жорий этилганига қарамасдан, Россияда оммавий равишда киритиш самаралигига шубҳа билдирди:

- Биз доимо Ғарб мамлакатлари сиёсати руҳида, шу жумладан миграция қонунчилигида, иш юритиб келамиз, аниқроғи уни такрорлашга ҳаракат қиламиз. Биргина “прописка” – бу бизнинг, рус “кашфиётимиз”. 180/90, киришни чеклаш, “қора рўйхат”, дактилоскопия – бу АҚШда киритилган, Англияда ва бошқа мамлакатларда жорий қилинаётган ҳодиса. Формаллик нуқтайи назаридан бу одатий ҳол. Бу янгиликка пул ажратилади, уни аллақачон ўзлаштириб олишади – бундан “кўнглим тўқ”. Аммо, хориж фуқароларини ҳисобга олиш базаси бугунга келиб жуда катта хатоликлар билан ишлаяпти: ҳужжатлари жойида бўлган одамлар “қора рўйхат”га туширилиб, ашаддий қонунбузар мигрантлар ялло қилиб юрибди.Хатолар миқдори 50% етмоқда! Президент Путиннинг ўзи унга мавжуд базадан ноҳақ зарар кўрган одамлар шахсан унга мурожаат қилганини билдирган эди. Менимча, марказ ва минтақалар ўртасида боғловчи тизим яхши мослаштирилмаган, етарлича текширувдан ўтказилмаган. Ҳатто кредит бераётган Россия банклари одамларнинг бармоқ изларини ФМС базасидан текширмаслиги, чунки унда жуда хатолик кўплигини очиқ-один айтган. Хуллас калом, яхши ишламаётган мигрантларни қайдга олиш тизимига биз яна бир хом дактилоскопия базасини ёпиштириб нима натижа оламиз? Шахсан мен буни президент Путинга кўз-кўз қилишга, аниқроғи “хўжа кўрсин”га қилинаётган иш, деб биламан, дея фикр билдирди миграция соҳаси эксперти Вячеслав Поставнин.

Ҳозирда Россияда ишга рухсатнома расмийлаштираётган ҳар бир меҳнат муҳожири бармоқ изларини топшириши махсус “Давлат дактилоскопия қайди тўғрисида”ги қонун билан белгилаб берилган. Бу қонун 2013 йилнинг 1 январидан амал қилиб келади.

Мигрантлардан олинган бармоқ излари эса электрон кўринишда Россия Ички ишлар вазирлигининг махсус ахборот марказларида сақланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG