Линклар

Медведев рус учоғига қарши теракт эҳтимолини эътироф этди


Россия Бош вазири Дмитрий Медведев.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев “Когалимавиа” ширкатига қарашли А321 самолёти ҳалокатига бомба портлаши сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини илк бор эътироф этди.

“Террорчилик хуружи эҳтимоли содир бўлган воқеа сабаби сифатида, табиийки, мавжуд”, деди Медведев “Российская газета”га берган интервьюсида.

Россия ҳукумати раҳбарига кўра, авиаҳалокат сабабларига оид масала ҳали-ҳамон ўрганилмоқда. Медведевнинг айтишича, Россия расмийлари Мисрда дам олаётган ўз фуқароларини яқин икки ҳафта ичида олиб чиқиб кетишни режалаётир.

31 октябрь куни 224 йўловчиси бўлган рус самолёти Мисрда ҳалокатга учраганидан сўнг Россия ҳукумати бу мамлакатга парвозларни вақтинча тўхтатган.

Британия, АҚШ, Исроил расмийлари ва халқаро экспертлар “Когалимавиа” ширкати учоғи бортида бомба портлатилган, деган тахминни илгари сурганлар. Россия ва Миср расмийлари эса бундай хулоса чиқариш учун текширув натижаларини кутиш зарурлигини айтмоқдалар.

Рус учоғи қулаганидан бир неча соат ўтгач, “Исломий давлат” гуруҳи бу авиаҳалокат учун масъулиятни ўз зиммасига олган ва мазкур террорчилик хуружи Россиянинг Суриядаги ҳарбий-ҳаво кампаниясига қарши қасос амалиёти бўлганини билдирганди.

XS
SM
MD
LG