Линклар

logo-print

Ўзбекистон пойтахти иккиламчи уй-жой бозоридаги нархларни кузатиб келаётган баъзи компаниялар жорий йил баҳоридан бошлаб нархлар муттасил пасаяётгани ва бугунга келиб тақрибан 30 фоизгача тушиб кетганини қайд этди.

Уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланувчи тошкентлик риэлторлар нархлар пасайиб кетганини пулнинг қора бозорида сўм қадрининг кескин тушиб кетгани ва натижада аҳоли харид қувватининг заифлашиб кетгани билан изоҳламоқда.

840 дан 630 га

Нархлар кескин пасайгани, ҳатто, қулагани Тошкентдаги Shahar.uz кўчмас мулк агентлиги ўз сайтида эълон қилган диаграммаларда яққол кўринади.

Пойтахтнинг ҳар бир туманидаги вазият акс этган диаграммалардан Юнусободга оидида 2 хонали квартиранинг 1 кв.метри апрель- майда 840 долларга кўтарилганини, шу кунларда эса, 620-630 долларга тушиб қолганини, бу тенденция 1, 3, 4 хонали квартиралар учун ҳам характерли эканини кўриш мумкин.

shahar.uz сайтидан олинди

shahar.uz сайтидан олинди

Тошкентликлар эски квартирани олганда ҳам, сотганда ҳам, одатда, нархни квадрат метрдан чиқармайди, балки квартирани “кўтарасига” баҳолайди.

Shahar.uz нарх белгилашнинг бу усулидаги ўзгаришни ҳам диаграммага солган. Унда Юнусободдаги 2 хонали квартиранинг сўнгги ой ичида ўртача 44 минг доллардан 34 минг долларга тушиб кетгани акс этган.

1 дан 4 га

Credo Max Estimation МЧЖ Тошкентдаги уй-нархлари динамикасини 4 та параметр бўйича:

қурилиш материаллари тури,

квартирадаги хоналар сонидан келиб чиқиб, 1 кв.метрнинг нархи,

панелли уйлардаги квартиранинг 1 кв. метри нархи,

ғиштин уйлардаги квартиранинг 1 кв. метри нархи параметрлари бўйича ойма-ой кузатиб келади.

Credo Max Estimation ҳисоботларида ҳам турар-жой март-апрелдан бошлаб барча параметрлар бўйича ой сайин 1 фоиздан 4 фоизгача арзонлаганини кузатиш мумкин.

27

Озодлик саволларига жавоб бераркан, Тошкентдаги бир қатор риэлторлар юқорида келтирилган маълумотларни тасдиқлади.

Shahar.uz маълумотида Юнусободда 3 хонали квартиранинг 1 кв. метри августдаги 850 доллардан шу кунда тақрибан 740 га тушиб қолганини кўриш мумкин.

Артём исмли риэлтор билан боғланиб, Юунусободдан кв. метри 650 долларли квартира топиб беришни илтимос қилдик. Артём “ҳаракат қиламан”, деди. Албатта, у потенциал мижозни йўқотмасликка ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин. Лекин, агар нархлар августдаги дарада бўлганида, хоҳишимизни билгач, у биз билан гаплашишни ҳам истамаган бўларди.

Атём нархлар тушиб кетганини эътироф этди.

Ўзини Михаил, деб таништирган риэлтор квартиралар қанчага арзонлади, деган саволга ҳатто ўта аниқ рақам айтди:

- Ёз бошидан бери 27 фоизга арзонлади, деди Михаил.

Албатта, Михаил айтган 27 фоиз – ўртча кўрсаткич. Чунки у айтганидай, “битта йўлакдаги иккита бир хил квартиранинг нархи икки хил бўлиши мумкин”.

Нархлар квартиранинг қайси мавзеда эканлигига боғлиқ эканлигини ҳам ёдимизга солди у.

70 000 ва 35 000

Михаилнинг айтишича, Миробод туманида бозор атрофидаги домлардан 3 хонали квартирани 60 – 70 минг долларга сотиб олиш мумкин. Лекин худди шундай квартирани Сирғалида 35 минг долларга ҳам олиш мумкин.

Озодлик гаплашган риэлторлар – Артём ҳам, Михаил ҳам квартиралар нархлари тушиб кетганини қора бозорда сўм қадри тушиб кетгани билан изоҳлади.

Жорий йил майи иккинчи декадасида АҚШ доллари Ўзбекистон қора бозорида 5000 сўмлик довондан ошган эди.

Октябрнинг учинчи ўн кунлиги бошида эса, АҚШ доллари 6000 сўмлик марра забт этди.

Шу кунларда қора бозор ҳарорати бироз пасайган, лекин бу пасайиш уй-жой нархларига таъсир ўтказиш даражасида эмас.

Риэлтор Михаилнинг айтишича:

- Нархлар пасайишда давом этмоқда. Кундан кунга пасаймоқда, тўхтай демаяпти.

XS
SM
MD
LG