Линклар

logo-print

Қодиров ўзини жиноий жавобгарликка тортишларига йўл очиб бердими?


Чеченистон давлат телеканали 2 ноябрь куни Аргун шаҳрида йигирма чоғли ўсмирнинг президент Рамзан Қодировга суиқасд қилиш режаси тўхтатиб қолинганини хабар берди. Қодиров эса ўша куни Instagram саҳифасида бу ўсмирлар қаровсиз улғайгани, билимсиз имом йўлдан ургани ва ваҳҳобийликка чорлагани ҳақида ёзди.

Қодиров бу ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан беш соат суҳбатлашиб, хато қилганларини тан олгани учун уларни кечиришга қарор қилганини қўшимча қилди.

Қўлга олинган ўсмирлар кейинроқ қўйиб юборилди. Уларнинг ота-оналари эса фарзандлари келажакда яна қонунбузарлик қилмаслиги учун уларга кўз-қулоқ бўлиб туришади.

Айрим инсон ҳуқуқлари фаоллари, Кавказ бўйича мутахассислар ҳамда Грозний турғунлари Қодировга суиқасд қилиш режаси чиндан мавжуд бўлганига ишончcизлик билан қарайдилар. “Кавказ тугуни” янгиликлар сайти улар билан суҳбатлашган Грозний турғуни ўсмирларнинг қўлга олиниши, шунчаки, Қодиров обрўсини кўтариш учун кўрилган чора, деб ҳисоблаши ҳақида хабар берди.

Ўзини Мусо, деб таништирган грознийликка кўра, аргунликлар қўлга олинган ўсмирлар Суриядаги аҳволни муҳокама қилиш учун мунтазам равишда маҳаллий масжиднинг қозонхонасида йиғилиб туришганини айтишган.

Айрим хабарларга кўра, қўлга олинганлар орасида Шимолий Кавказ ғалаёнида ҳалок бўлган полиция офицерининг укаси бор.

Маркази Москвада жойлашган ва инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатиб борувчи “Мемориал” ташкилотининг директори Олег Орлов ўсмирларнинг озод қилингани улар ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганини англатишини айтади.

Орлов бу ҳодисани Қодировни “инсонпарвар етакчи” ўлароқ тасвирлашга қаратилган PR қадам, деб баҳолади. Бу чора кейинги ҳафталарда Чеченистондаги бир неча шаҳарда салафийларга ўхшаб мўйловини олиб, аммо, соқолини ўстириб олган ўсмирлар салифийлик оқимига ўтганликда айбланиб қўлга олингани ва ўз соқолини олишга мажбурлангани ҳақида тарқатилган хабарларга қарши чиқиш мақсадида кўрилган бўлиши мумкин.

Қўлга олинган ўсмирлар орасида ўз жияни бўлган шахснинг айтишича, уларни калтаклаб, айбларига иқрор бўлишга мажбурлашмаган. Аксинча, ўсмирлар қамоқда ушлаб турилган уч кун давомида уларга овқат берилган, намоз ўқишларига рухсат этишган.

Соқолини олишга мажбурланганлар орасида жияни бўлган кишининг айтишича, ўсмирларнинг қўлга олиниши уларнинг Қодировнинг таниш-билишларга ён босувчи, порахўр ҳамда ҳар қандай мухолифатни аёвсиз бостирувчи тузумидан норози бўлгани билан боғлиқдир.

Қодиров 6 ноябрь куни “НТВ” каналига берган интервьюси давомида чеченистонликларнинг хавотирларига шама қилди. Президент ёшлар уни русларга сотилган бидъатчи, деб ҳисоблашини айтди.

Беш йил аввал ўлдирилган, “Кавказ амирлиги” жангари гуруҳини қўллаган Саид Бурятский Қодировга айнан шундай таъриф беган эди. Хабарларга кўра, Бурятскийнинг ваъзлари норози шимолий кавказликар орасида ҳали ҳам машҳур. Бу эса ўзини тутиши шубҳаликўринган ўсмирлар ўз телефонларида қандай видеоларни кўришлари полиция томонидан мунтазам текширилишига туртки бўлган сабаблардан бири бўлиши мумкин.

Қодиров ҳали қўлга олинган ўсмирлар уни ўлдиришни режалаштиргани ҳақидаги иддаосини тасдиқловчи бирор далил-исбот топилган-топилмаганини айтгани йўқ. Агар жиддий исбот мавжуд бўлса ва Қодиров унга кўз юмишга қарор қилган бўлса, у ҳолда назарий жиҳатдан Россия жиноий кодекси бўйича унга террор ҳужуми уюштириш ниятини атайин яширганлик айблови қўйилиши мумкин.

Агар бундай айблов қўйилмаса, ёки Россия Бошпрокуратураси Қодировнинг унга суиқасд қилмоқчи бўлишгани ҳақидаги иддаосига ишонмаслигини, ёки прокуратура Қодиров нима қилиши ёки айтишидан қатъи назар, унинг қонундан устун туриши ва унга тегиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирилганини хулоса қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Қодиров “НТВ” каналига берган интервьюсини қуйидаги сўзлар билан якунлаган эди: “Қонунни бузган ҳар бир одам Россия Федерацияси қонунлари асосида жазоланишини сўрайман”.

XS
SM
MD
LG