Линклар

logo-print

Тожикистон Россиядан рус ҳарбийлари қотилликларини тўхтатишни талаб қилди


Россия ҳарбийси томонидан ўлдирилган Шоира Жобирова.

Россия ҳарбийси томонидан ўлдирилган Шоира Жобирова.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари 11 ноябрь куни эрталаб Душанбедаги 201-Россия ҳарбий базаси ҳудудида ўлдирилган 22 ёшли Шоира Жобированинг жасадини қариндошларига топширди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги тожик фуқаросининг рус ҳарбийси томонидан ўлдирилганига норозилик сифатида Россия ҳукуматига нота топширди.

Душанбелик 22 ёшли Шоира Жобирова Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базасида хизмат ўтаётган зобит Иван Шербаков томонидан ўлдирилгани айтилмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, Шоира Жобированинг танасида калтакланиш аломатлари топилган ва унинг жағи синдирилган.

Шоира шу йилнинг 5 ноябрида уйидан чиқиб кетганича, бедарак кетган. Кейинроқ унинг жасади 201-рус ҳарбий базаси яқинидаги чиқинди контейниридан топилган эди. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг билдиришича, 22 ёшли қизнинг ўлдирилишида гумонланиб, рус ҳарбий базасининг катта лейтенанти Иван Шербаков қамоққа олинган.

10 ноябрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига Россиянинг Душанбедаги элчиси Игорь Лякин-Фролов чақиртирилган. Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов Россия элчисига Шоира Жобированинг рус ҳарбийси томонидан ўлдирилганига норозилик билдириб, нота топширган.

“Тожикистон Россиядан бўлиб ўтган воқега объектив баҳо беришни ва Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси хизматчилари томонидан бундан кейин бундай воқелар содир этилишининг олдини олишни талаб қилади”, дейилади Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги норозилик нотасида.

Шоира Жобированинг яқинлари рус зобити аввал қизни зўрлаб, кейин ўлдирганини иддао қилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан олинган маълумотларга қараганда эса, Иван Шербаков Шоирани 201-ҳарбий база ётоқхонасига таклиф қилган ва ётоқхонада қизни ҳозирча терговга номаълум сабабларга кўра ўлдирган.

Иван Шербаков қизни ўлдираётганда ғирт маст аҳволда бўлганини ва ҳеч нарсани эслай олмаслигини айтган.

Сўнгги хабарларда айтилишича, Шоиранинг ўлдирилиши юзасидан жиноят ишини айни пайтда 201-ҳарбий базанинг тергов бўлими олиб бормоқда. Бу воқеа юзасидан Россия Жиноят Кодекси моддалари асосида жиноят иши очилган.

Тожикистондаги 201-база Россиянинг хорижда бўлган энг йирик базаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Мазкур база бўлинмалари пойтахт Душанбе ва мамлакат жанубидаги икки шаҳарда жойлашган бўлиб, уларда етти минг чоғли россиялик ҳарбий хизмат ўтайди.

Россия ҳарбийлари бундан аввал ҳам Тожикистонда маҳаллий фуқароларни ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган эди. Маслан, 2009 йил сентябрида россиялик аскарлар Вячеслав Чернов ва Дмитрий Кучма асосий ишига қўшимча равишда такси ҳайдаш билан шуғулланган тожикистонлик милиция капитани Амур Муродовни ўлдирганликда айбланган.

2014 йилнигнг август ойида 201-ҳарбий база бўлим командири, 24 ёшли Ильдар Сахапов ва мазкур ҳарбий қисмнинг взвод командири ўринбосари 24 ёшли Фёдор Басимов Душанбе яқинидаги кўлдан ўлик ҳолда топилган таксичи Раҳимжон Тешабоевни ваҳшийларча ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган эди.

Шу йилнинг 21 августида эса 201-ҳарбий базанинг Қўрғонтепа шаҳридаги бўлинмасида хизмат қилувчи Дмитрий Толстой маҳаллий фуқаро Тоҳир Султоновга 30 марта пичоқ урган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG