Линклар

Қозоғистонда диний идоранинг “уруғлантириш”ни зинога тенглаштирган фатвоси норозилик уйғотмоқда


Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси экстракорпорал уруғлантириш (ЭКО) учун бир оиланинг бошқа эркак манийсидан фойдаланиши зино эканига оид фатво чиқарди. Бошқарманинг бу позициясини айрим экспертлар одамларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ўлароқ баҳоламоқдалар.

“Аман-саулиқ” жамоатчилик ташкилоти президенти Бахит Туменова Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармасининг (ҚМДБ) сунъий уруғлантириш учун бир оиладаги эр ва хотинга тегишли бўлмаган маний ва тухумҳужайрадан фойдаланишни тақиқлашга оид яқинда чиқарган фатвосини танқид қилди.

- Қозоғистон дунёвий давлатдир. Улар томонидан чиқарилган фатво давлат қонуни бўлиб ҳисобланмайди. Мамлакатда сунъий уруғлантириш тўғрисида давлат қонунлари бор. Қонунга мувофиқ, агар эр-хотин розилик берса, бунга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди. Ниҳоят, бу инсоннинг шахсий ҳуқуқларига дахл қилишдир, - дейди Бахит Туменова.

“Зино”

ҚМДБнинг сунъий уруғлантиришга оид фатвоси шу йилнинг 27-29 октябрида бўлиб ўтган Уламолар кенгаши мажлисида чиқарилганди.

ҚМДБ сайтида чоп қилинмиш фатвода қуйидагилар қайд этилган: “Агар сунъий уруғлантириш учун эрнинг манийси ва хотиннинг тухумҳужайрасидан фойдаланилса ва бу аёл бачадонига жойлаштирилса, бу йўсинга шариатда рухсат берилган. Бошқа йўсинларда Ислом дини учун номақбул йўллардан фойдаланилгани учун булар “зино” бўлиб ҳисобланади ва бу шариатга зиддир”.

ҚМДБнинг Шариат ва фатволар бўлими ходими Медет Қурмашули фатво сўнгги пайтларда Қозоғистонда сунъий уруғлантириш кенг тарқалгани туфайли қабул қилинганини айтади.

- Бизнинг фатволар бўлимига сунъий уруғлантириш бўйича жуда кўп мурожаатномалар келаяпти. Яқинда бизга бир эр-хотин келди. Уларнинг айтишича, эр бепушт экан. Шунинг учун улар бизга: “Уруғлантириш учун бошқа эркакнинг манийсидан фойдаланиш мумкинми?” деган савол билан мурожаат қилдилар. Ҳозир бу кенг тарқалган муаммодир, - деди Медет Қурмашули Озодликнинг қозоқ хизматига берган суҳбатида.

ҚМДБ вакили уруғлантириш учун бир оила тарафидан бошқа эркакнинг манийсидан фойдаланишини “аҳлоқ нуқтаи назаридан ҳам тўғри эмас”, деб ҳисоблайди.

Бегона эркакдан уруғланишни истаганлар кўп эмас

1995 йили экстракорпорал уруғлантириш (ЭКО) бўйича Қозоғистонда илк лабораторияни очган репродуктолог ва эмбриолог олима Салтанат Байқўшқарова уруғлантиришда бошқа эркак манийсидан фойдаланишни истаган эр-хотинлар сони кўп эмаслигини айтади.

- Бизнинг марказга мурожаат қилаётган мижоз аёлларнинг 97-98 фоизи ўз эрлари манийсидан уруғлантирилади. Ҳозир бунақа хизмат кўрсатиш имконияти бор. Бошқа 2-3 фоиз мижознинг эса донорлар манийсидан фойдаланишига тўғри келяпти. Бироқ бу масалани оила ўзи ҳал қилади, - дейди Салтанат Байқўшқарова.

Маълумотларга кўра, ҳозир Қозоғистонда сунъий уруғлантириш (ЭКО) билан шуғулланувчи ўнга яқин марказ фаолият кўрсатаётган бўлиб, улардан еттитаси хусусий марказлардир. Сунъий уруғлантириш хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилаётган оилалар давлат квотаси бўйича бепул тиббий ёрдам олишлари мумкин. Пулли марказларда бу хизмат учун 180 минг тангадан 340 минг тангагача (тақрибан 600 доллардан 1100 долларгача) пул тўлаш лозим.

XS
SM
MD
LG