Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:20

21 яшар ўзбек Калининградда ФМС ходими бошини ёрди


Калининградда Миграция хизмати ходими бошини тош билан ёрган ўзбек муҳожири жиноий жавобгарликка тортилди. Ўзбекистон фуқароси, 21 ёшли меҳнат муҳожирининг терговчиларга айтишича, у ҳужжатлари жойида бўлмагани боис назоратчи-инспектордан шу тариқа қочиб қутулмоқчи бўлган.

2015 йилнинг 30 октябрида Россиянинг Калининград вилояти, Гурьев тумани, Дорожное қўрғонида Федерал миграция хизматининг маҳаллий ходимлари томонидан ҳужжат текшируви ўтказилди.

Кўчада кетаётган икки нафар муҳожирни тўхтатган ФМС ходимлари улардан Россия ҳудудида яшашга рухсат берувчи ҳужжатларини кўрсатишни талаб қилган.

Озодликка воқеа тафсилотларини Россия Тергов қўмитаси Калининград вилоят бошқармаси раҳбари муовини, адлия подполковниги Марианна Андрюшина гапириб берди:

- Миграция хизмати ходимлари Дорожное қўрғонида яшайдиганлар шикояти асосида текширув олиб бораётган бўлган. Ўзбекистонлик экани аниқланган шахслардан бири инспекторлар талабларини бажариб, ҳужжатларини кўрсатган. Унинг 21 ёшли ҳамюрти эса бирдан қочиб қолган. ФМС ходимларидан бири бу йигитга қувиб етган ва таҳдидларга қарамасдан уни ушлаб қолган. Шунда қўлига тош кўтариб олган гумонланувчи 31 ёшли инспекторнинг чаккаси ва бошининг тепа қисмига икки маротаба уриб, жароҳат етказган, деди Марианна Андрюшина.

Ходимни тош билан урган ўзбекистонликни ёрдамга етиб келган иккинчи назоратчи ушлаб қолгани айтилди.

Ҳозирга келиб, терговчилар тақдим этган маълумотлардан 21 ёшли ўзбек муҳожири Калининград вилоятида 2012 йилдан буён яшаб келаётгани, рейд вақтида унинг патенти муддати ўтиб кетгани маълум бўлди. У қўлга олингунга қадар маҳаллий қурилишлардан бирида ишлаб келган экан.

Тергов қўмитаси вакиласи ҳозирда исми ошкор этилмаётган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан текширув ишлари олиб борилаётгани, суд-тиббий экспертиза ФМС ходимига етказилган жароҳат даражасини аниқлаётганини айтади.

- Тўғриси, бу Миграция хизмати ходимига нисбатан қилинган биринчи бундай зўравонлик. Ҳозирча у ҳибсга олинмади, чунки жиноий иш қўзғатилишидан олдин у Гвардейский туманимиздаги Хориж фуқароларини сақлаш марказига – депортация қилинишини кутаётганлар орасига жўнатилган эди. У депортация лагерига суд қарори билан жўнатилди. У гумонланувчи мақомида, айбланувчи эмас, чунки айблов ҳали эълон қилинмаган. Терговчиларимиз билан суҳбатда у патентини узайтиришга пули йўқлиги сабабли муддати ўтиб кетгани билан ишлаб юргани ва яқинда Ўзбекистонга жўнаб кетишга ҳозирланиб юрганини билдирди, деди Марианна Андрюшина.

Миграция ходимига қаршилик кўрсатган ва бошини уриб ёрган мигрант ҳозирча Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 318- моддаси 1- қисми (ҳукумат вакилига нисбатан содир этилган зўравонлик) асосида жиноий жавобгарликка тортилди.

Суҳбатдош агарда суд муҳожирни айбдор, деб топса у аввалига берилган жазони Россия ҳудудида ижро этади, кейин ўз юртига жўнатиб юборилади, деди.

Суҳбат сўнггида, Калининград Тергов қўмитаси бошқармаси расмийси ФМС ходими олган жароҳатлар жуда жиддий эмаслиги ва суд ўзбекистонлик қонунбузарни ўз юртига депортация қилиш билан чекланиб қолишига ишонч билдирди.

XS
SM
MD
LG