Линклар

logo-print

Россия сенатори Charlie Hebdo журналини ҳажв қиламан деб уятга қолди


Россия Сенати аъзоси Валентина Петренко

Россия Сенати аъзоси Валентина Петренко

Россия Сенатининг аъзоси Charlie Hebdo ҳажвий журнали ижодкорларини ҳажв қиламан, деб ўзи билмаган ҳолда Украина собиқ президенти Виктор Янукович ҳажв қилинган карикатурани намойиш қилиб қўйди. Сенатор Валентина Петренко 11 ноябрь куни “Мен Шарли эмасман” (“#ЯНеШарли”) деб номланган матбуот анжуманида Францияда чиқадиган ҳажвий журналнинг Россия йўловчи самолёти қулашини карикатурада акс эттирганига жавобан тақдим қилган карикатура ғояси украиналик рассомдан ўғирлангани аниқланди.

Ўзининг антиқа турмакланган сочи билан танилган сенатор Валентина Петренко 11 ноябрь кунги анжуманда анча ҳижолатга қолди. Россия Федерация кенгашининг ижтимоий сиёсат масалалари бўйича қўмитаси аъзоси “Мен Шарли эмасман” номли матбуот анжуманида Chаrlie Hebdo ҳажвий журнали ижодкорларини ҳажв қилиш мақсадида рамкага солинган ва “Шарли Эбдо – инсон эмас: беадаблар. Шарли Эбдони дўзах кутмоқда” (“Шарли Эбдо — не люди: уроды. Ад приветствует Шарли Эбдо”) деган ёзув битилган карикатурани мухбирларга тақдим этди.


Петренко ўз ижоди, деб тақдим этилган карикатурада француз журнали мухбирлари эмас, Украина собиқ президенти Виктор Янукович ва унинг ҳукумати аъзолари тасвирланганини анжуман иштирокчилари дарров пайқаб, бу расм ўтган йилги Евромадон воқеалари пайтида украиналик рассом томонидан чизилганини сенаторнинг юзига солишди.

Матбуот анжуманида иштирок этган журналистлардан бири сенатор Петренкога бу расм 2014 йилда чизилган бўлиб, украиналик рассом Юрий Журавль қаламига мансуб бўлиб, унда аслида нима тасвирланганини тушунтирган бўлди.

Лекин турмаги билан танилган сенатор бўш келмади: “Йўқ-йўқ-йўқ, бундан расмлар жуда кўп, улар турфа-хил, бундай расмларнинг муаллифлари ҳам кўп. Сизга бир нарсани айтиб қўйишим керак: муаллифлар, дўзах ва қозон тасвирланган расмлар дунёда жуда кўп”, дея жавоб қайтарди у.

“Мен Шарли эмасман” матбуот анжумани ўтказилишига Charlie Hebdo журналида 4 ноябрь куни пайдо бўлган карикатура сабаб бўлди. Бу курикатурага 31 октябрь куни Мисрда Россия йўловчи самолётининг қулаши мавзу қилиб олинган эди.

Россия сиёсатчилари мазкур нашрни “ҳалокат қурбонларининг яқинлари ва бутун жамият ҳиссётларини ҳақоратлаш”, дея баҳолади. Сенаторлар эса, Франция Маданият вазирлигидан изоҳ талаб қилишди.

XS
SM
MD
LG